Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:57

Ўзбекистон-Туркманистон муносабатларида совуқлашув тўхтади, лекин…


Ўзбекистоннинг Туркманистондаги элчиси Алишер Қодиров туркман матбуотига берган интервьюсида Марказий Осиёдаги барқарорлик кўп жиҳатдан мазкур икки давлат ўртасидаги муносабатлар характерига боғлиқлигини таъкидлади.

Элчи Туркманистоннинг минтақавий муаммоларни ҳал этишда БМТни кўпроқ жалб қилиш ташаббусини Ўзбекистон томони юқори баҳолашини ва қўллаб-қувватлашини билдирди.

“Озодлик” радиоси сиёсатшуносларнинг ўзбек-туркман муносабатларига доир мулоҳазаларини ўрганди.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг айтишича, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар билан алоқалари анча мураккаб бўлганидек, Туркманистон билан муносабатларини ҳам жуда ижобий ёки илиқ деб бўлмайди. Чунки аввалги дипломатик алоқаларда элчиларни чақириб олиш сингари бир қанча салбий ҳолатлар мавжуд. Фақатгина ўтган йилги икки давлат раҳбарларининг олий даражадаги Бухоро учрашувидан сўнг ўртадаги таранг вазият анча юмшатган.

“Элчи ўз интервьюсида Ўзбекистон-Туркманистон муносабатларида, биринчи ўринда, ҳукуматлар барқарорлиги асосий ёндашув бўлишини айтган. Бу икки давлат мутлақ авторитар, уларда инсон ҳуқуқлари ҳимояси ва демократия жуда заифдир. Элчининг гапидан мавжуд сиёсий элита ва тузумни қутқариш учун ҳамкорликдан бошқа илож йўқ, деган шаъмани тушуниш мумкин”, - деди К.Раббимов.

К.Раббимовнинг фикрича, икки давлат президентларининг ўтган йили Бухородаги учрашуви мазкур мамлакатлар ўртасидаги совуқлашувга барҳам берган. Аммо илиқлашувни ҳам кучайтирмаган.

Сиёсатшунос Фарҳод Толиповнинг таъкидлашича, Марказий Осиёдаги барқарорлик нафақат Ўзбекистон-Туркманистон, балки минтақадаги бошқа давлатларнинг ўзаро муносабатларига ҳам боғлиқ. Бу икки давлат бошқа қўшнилари билан денгиз йўлларига олиб чиқадиган транспорт йўлаклари, газ-нефть қувурларини қуриш орқали иқтисодий ривожланишни тезлаштириши, шу орқали минтақадаги барқарорликка ҳисса қўшиши мумкин.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Марказий Осиёда умумий бозор яратиш ташаббуси билан чиққан эди. Лекин минтақа давлатлари орасида виза тартиби жорий этилган ҳозирги шароитда бу ташаббус мантиққа қанчалик тўғри келади?

Ф.Толиповнинг сўзларига қараганда, бу мантиқсизликдир. Мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон дипломатия амалиётида ноёб бўлган ҳужжат - “Абадий дўстлик тўғрисида”ги битимни имзолаган. Бироқ бу давлатлар ўртасидаги муносабатлар абадий дўстларга хос эмас.
XS
SM
MD
LG