Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:57

Қўшимча ўн фоиз кўп фермерларни касод қилади


Тўлқин Фарғона вилояти ҳокимлиги фермерларни 2006 йилдан етиштирилган ҳосилнинг одатдагидек 50 фоизини эмас, балки 60 фоизини давлатга топшириш тўғрисида шартнома имзолашга мажбурламоқда.

Етиштирилган ҳосилнинг 50 фоизини давлатга топшириш тўғрисида Ўзбекистон президентининг фармони бир неча йил аввал қабул қилинган ва амалга оширилиб келинаётган эди. Аммо яқинда Фарғона вилояти ҳокимлиги бу борадаги қонунчиликка зид қарорни қабул қилди.

Фарғонадаги “Камол Жамол” фермер хўжалиги раҳбари Ғанихон Маматхоновнинг “Озодлик” мухбирига айтишича, 6 сентябрь куни вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган мажлисда фермерлар билан шартнома имзолаш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилган. Бу ишчи гуруҳ фермерлар билан ғалла ҳосилининг 60 фоизини давлатга топшириш тўғрисида мажбурий шартнома имзолаш билан шуғулланади.

“Вилоят ҳокимлиги вакиллари бу ҳақдаги буйруқ юқоридан, яъни вазирликдан келгани, уни бажариш мажбурий эканини айтди. Аслида эса фермерлар ҳосилнинг 50 фоизини давлатга сотиши керак. Шунинг учун янги қарордан кўпчилик фермерлар норози бўляпти.”, - деди Ғ.Маматхонов.

Ғ.Маматхонов ҳосилнинг 60 фоизини давлатга топшириш жорий этилса, кейинги йили кўпгина фермер хўжаликлари касодга учрашини тайин эканини таъкидлади.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги вакиллари ҳосил тақсимоти тўғрисида бундай қарор чиқаришга вазирликнинг ваколати йўқлигини билдириб, бу борадаги иддаоларни рад этди.

Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Рўзивой Мусаевнинг сўзларига қараганда, 2006 йилда вилоятнинг давлатга ғалла топшириш режаси оширилган. Яъни келгуси йилда вилоят жорий йилдагидан 15,9 минг тонна кўп ғалла топшириши керак. Шу сабабли ҳокимлик фермерларга қўшимча мажбурият юклаган.

Р.Мусаев бундай чора-тадбирлар бошқа вилоятларда ҳам амалга оширилиши мумкинлигини билдирди.

Республика фермерлар уюшмаси раиси ўринбосари Ўрол Нориновнинг таъкидлашича, бу чора-тадбирлар мамлакат миқёсида қўлланилмайди. Фарғоналик фермерларга уруғлик текинга берилган бўлса, шунинг ҳисобидан давлатга ғалла топшириш 60 фоиз этиб белгиланган бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG