Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:08

Суднинг учинчи куни: Судланувчилар ўзларини “инсон ҳуқуқларини жойига қўйиб” тергов қилганлардан миннатдор


Тошкентда Андижон воқеаларида фаол иштирок этишда айбланаётган 15 фуқаро устидан давом этаётган суд жараёнида 22 сентябрь куни беш судланувчининг кўрсатмаси тингланди.

Алишер Ҳакимов, Азизбек Юсупов, Ҳусанжон Туробов, Абдулҳафиз Ғозиев ва Абдубоис Ибрагимов ўзларига қўйилган айбларга тўла иқрорлигини билдириб, кечирим сўради.

Судланувчи А.Ҳакимов 21 сентябрь куни ҳам чиқиш қилгани боис, бугунги суд мажлисида судья, прокурор ва адвокатларнинг саволларига жавоб берди. У 13 май кунги воқеаларда ўқотар қурол ишлатганини тан олди. “УАЗ” русумли машина томон аввал тўппончадан, кейин автоматдан ўқ узган. Машинада бўлган милиция кийимидаги шахсни ўлдирган.





“Биз содир этган жиноятлар инсоний нуқтаи назардан кечирим, оқлов ёки ҳимояга лойиқ эмас”, - деди А.Ҳакимов ва Ўзбекистон президенти, халқи, андижонлик ҳалок бўлганларнинг яқинларидан кечирим сўради.

Судланувчи, 1977 йилда туғилган Азизбек Юсуповнинг кўрсатма беришича, у акрамийлик диний оқими таълимотини Шамсиддин Атаматов деган одамдан ўрганган. Қандолатчилик цехида акрамийлар билан бирга ишлаб, топган даромадининг бешдан бир қисмини байтулмолга, яъни акрамийлар хазинасига топширган.





Унинг айтишича, акрамийлардан 23 нафари устидан ўтказилган суд жараёнларида суд биноси олдида дастлабки кунларда 50 одам йиғилган бўлса, 11 майга бориб улар сони 3 мингтагача етган.

“Суд бораётган пайтда суд биноси олдида пикет уюштирилди. Пикетчилар олдига қизил жип машинада бештача шахс келди. Улар “Би-Би-Си” мухбирлари ва Британия элчихонаси вакиллари Леонид ва Даниил исмли шахслар, Матлуба Азаматова, Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти аъзоси Лутфулло Шамсуддинов эди. Улар судланувчиларнинг ота-оналаридан ва пикет иштирокчиларидан Ўзбекистонга номутаносиб бўлган бўҳтон-туҳматли интервьюларни олиб, тўғридан-тўғри репортажлар олиб борган”, - деди А.Юсупов.

А.Юсуповга, ўзининг эътирофича, ўша кунги фожеаларда разведка гуруҳига раҳбарлик қилиш топширилган. Аэропорт ёнидаги ҳарбий қисм биродарлар томонидан қўлга олинибди, деган ахборотдан сўнг унинг гуруҳига аэропортни кузатиш топширилган. Бироқ Азизбек бу ерда ҳарбийлар ўқидан ярадор бўлиб, қўлга олинган.

“Террорчилик ҳаракатини содир этганимизга қарамасдан, - деди А.Юсупов, - менга аввал акрамийлар уқтирганидек, тергов давомида азоб-уқубатлар бўлгани йўқ. Ҳуқуқ-тартибот ходимлари инсон ҳуқуқларини жойига қўйиб муомала қилди”.

Судланувчи, 1970 йилда Тошкентда туғилган Ҳ.Туробовнинг кўрсатмасига кўра, у асли майда ҳунарманд. Акрамийлар билан иш жараёнида танишиб, “Иймонга йўл” китобидан сабоқ олган. Андижонга май ойининг бошларида суд биноси олдидаги пикетларда қатнашиш учун олиб келинган. 12 майдан 13 майга ўтар кечаси улар арматура ва пичоқлар билан қуролланиб, 73/77 рақамли ҳарбий қисмга ҳужум қилмоқчи бўлган. Лекин уни эгаллашнинг иложи бўлмаган. Шундан сўнг улар ҳокимлик биноси олдига келган. Ҳ.Туробовга мерганлик милтиғи берилиб, ҳокимлик томонига чиқарилган.





Ҳ.Туробов ўша ердан туриб бир аскарни отганини тан олди.

Судланувчи Абдулҳафиз Ғозиев ҳам акрамийлик диний оқимига ўз хоҳиши билан кирганини билдирди. У Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида новвой сифатида акрамийлар билан бирга ишлаган. Ўша ерда ўшлик акрамийларни чечен миллатига мансуб бир одам ҳарбий тайёргарликдан ўтказаётганини кўрган.

А.Ғозиев 13 майга ўтар кечаси ҳарбий қисмдан сўнг қамоқхонага ҳужумда бевосита иштирок этганини билдириб, шу куни кечқурун ҳокимлик биноси олдидан тарқалаётганларида содир бўлган воқеани шундай тасвирлади: “Биринчи гуруҳ олдига гаровдагиларни қўйиб, 100 метрча олдинда кетаётган эди. Биз ҳам иккинчи гуруҳ бўлиб, қўлимизни занжир қилиб, аёллар ва болаларни ўртага олганча “Аллоҳу акбар” деб Сой томонга юра бошладик. Чўлпон кинотеатрига етмасимиздан, биринчи гуруҳ томонда қаттиқ отишма бошланди. Ким-кимга ўқ отаётганини билмадик. Бизнинг гуруҳдаги биродарлар ҳам ўша томонга ўқ ота бошлади. Ҳамма ерга ётиб олди. Мен орқамга ўгирилганимда қаердандир ўқ келиб, чап оёғимнинг сонига теккач, йиқилиб қолдим. Мен ҳарбийлар томонидан ўқ отилаётганини кўрганим йўқ. Аксинча, биродарларимиз қурол ишлатишни билмаслиги, тажрибасизлигини кўрсатиб қўйди. Пала-партиш ўқ узиш натижасида бир-биримизни отиб қўйдик”.

А.Ғозиев чекка бир қишлоқда оёғини бир-икки кун даволагандан сўнг Қирғизистонга ўтиб кетганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Қирғизистонда акрамийлар йўлбошчилари Баҳром Шокиров, Қобил Парпиев билан учрашган ва охир-оқибат Ўзбекистонга қайтиб келишга аҳд қилган.

“Ўша ердалигимизда Муҳаммадшокир Ортиқов ва Абдубоис Ибрагимов уччаламиз бу тарзда яқинларимиздан, ватандан узоқда яшаб бўлмаслигини билиб, ўз айбимиз билан қайтиб борсак, бизни кечиришларига ишониб, Пахтаобод чегарасига борганимизда ички ишлар ходимлари таниб қолиб, қўлга олди”, - деди А.Ғозиев.



(Абдубоис Ибрагимов)
XS
SM
MD
LG