Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:01

“Четдаги катта халқ”ни эсдан чиқарманг!


Жанубий Қозоғистондаги таълим ўзбек тилида олиб бориладиган барча мактабларда дарслик етишмовчилиги юзага келган. Кирилл алифбосида ўзбек тилидаги янги адабиётлар камлиги боис, ўқувчилар янги бадиий асарлар ўқий олмаётир.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги ўзбек мактаби Оқсувкент қишлоғида жойлашган. Бу ерда 1300 га яқин ўқувчи таҳсил олади.

“Эски китоблар бўйича ўқияпмиз. Чунки янги дарсликлар, жумладан, “Қозоқ тили”, “Алгебра”, “Геометрия” умуман йўқ”, - деди ўқувчилар.

Мактаб ўқитувчилари ҳам ўзбек тилидаги дарсликлар йўқлиги асосий муаммо бўлиб турганини таъкидлади.

Бу таълим даргоҳининг 983 ўқувчиси мактаб кутубхонасига аъзо бўлган. Бироқ кутубхонада янги китоблар деярли йўқ.

“Бора-бора Ўзбекистонда барча бадиий асарлар лотин ёзувида чиқади. Бизнинг болаларимиз уларни ўқий олмайди. Бу хориждаги ўзбекларнинг армони бўлиб қоляпти. Кейин Ўзбекистон билан ўртамизда узилиш бўлади. Қозоғистонда яшаётганимиз билан Ўзбекистон бизнинг суянган тоғимиз. Улар бизни эсдан чиқариб қўймасин. Чунки четда ҳам катта халқ бор. Бу халқ уларнинг илдизлари. Биз четда яшаётганимиз билан Ўзбекистонда ёмон иш бўлса, жонимиз ачийди. Андижон воқеалари чоғида бизнинг жонимиз ҳам титради. Биз Ўзбекистоннинг кучли мустақил давлат бўлишини жуда истаймиз. Лекин нега улар бизни ўйламайди? Нега бизнинг болаларимиз улар учун ўгай бўлиб қоляпти?” - дейди ўқитувчилардан бири.

Сайрам туманидаги 94-мактабда 900 га яқин ўзбек боласи таълим олади. Мактаб директори ўринбосари Клара Расулқулованинг айтишича, 9-синфгача бўлган ўқувчилар дарсликлар билан тўлиқ таъминланган. Юқори синф ўқувчилари эса китоблар билан 45-50 фоиз таъминланган, холос. Улар қозоқ мактаблари учун чиқарилган дарсликлардан фойдаланяпти.

Совет даврида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўзаро дарсликлар айрбошлар эди. Аммо мустақилликдан сўнг бу алоқалар сусайди ва миллий мактабларда дарсликлар муаммолари пайдо бўлди.

“Ўзбекистонда лотин ёзувига ўтилгани сабабли у ерда чиқарилган дарслик ва қўлланмалардан фойдаланиш бизга сал қийин бўляпти”, - дейди ўқитувчилар.

Таълим соҳаси мутасаддилари ўзбек мактабларини дарсликлар билан таъминлаш муаммоси яқин йилларда ҳал бўлишига умид қиляпти. Маълум бўлишича, янги ташкил этилган "Отамура" нашриёти бу иш билан махсус шуғулланмоқда. Чорак охиригача мактабларга янги китоблар етказиб берилиши кутиляпти.

Ўқитувчи Шоҳида Раҳматуллаеванинг таъкидлашича, кейинги пайтда бадиий адабиётлар муаммоси ҳам пайдо бўлган.

“Нафақат Чимкентдаги, балки хориждаги барча ўзбеклар ўзбек ёзувчиларининг асарларисиз яшай олмайди. Ўзим Муҳаммад Юсуфнинг элликка яқин китобини Тошкентдан олиб келиб, ўқувчиларга бердим”, - дейди Ш.Раҳматуллаева.
XS
SM
MD
LG