Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:32

Далаларда танклар пахта теради…


Лобар Яқинда Сирдарё вилоятидаги Сардоба туманининг Темур Малик номидаги ширкат хўжалигига Фарғона вилоятидан икки мингга яқин аскар пахта териш учун ҳашарга олиб келинди.

Бироқ ҳарбий ҳашарчиларнинг келиши маҳаллий аҳолини қувонтираётгани йўқ. Чунки аҳолининг асосий даромади пахта теримидан.

“Ўзимиз терганимиз яхши бўларди. Аскарлар келибди. Бизга ўхшаган камбағалларга қийин бўлади. Хўжаликнинг ўзида ёшларга иш йўқ. Улар ёз-кузда қилган даромадини қишда олти ой ётиб ейди. 3-4 кундан бири пахтанинг килоси 50 сўм бўлди. Шу пайтгача 40 сўмдан олар эдик. Бола-бақра билан 200 килограмм терардик. Ҳозир уйида эмаклаб қолган чолгача пахта теряпти”, - деди хўжаликда яшовчи Тўлғаной Абдураҳмонова.

Ота-оналарнинг айтишича, бошланғич мактаблар ўқитувчилари ҳам пул ишлаш мақсадида теримга чиқиб кетган. Шунинг учун айрим мактабларда бошланғич синфларга деярли дарс ўтилмаяпти.

Таъкидлаш керакки, Сирдарёнинг Қозоғистон билан чегарадош ҳудудларида яшовчи аҳоли ҳар йили пахта териш учун қўшни давлатга йўл оларди. Чунки уларни Ўзбекистонда терилган пахтага тўланадиган нарх қониқтирмасди. Бу йил Қозоғистонга бориб, пахта терадиган сони анча камайиб қолди.

“Бу йил пахта ҳам, нархи ҳам яхши. Илгари Қозоғистонга ўтиб, пахта терар эдик. Қийин эди, тўсиқлар кўп эди. Ҳозир ўзимизда кунига 140-150 килограммдан пахта теряпмиз. 3 кунда 27 минг сўм, бир кунда 8 минг сўм олдим. Бугун ҳамма далада. Одамлар оилавий теряпти. Кунига 600 килограмм пахта терадиган оилалар бор”, - деди сирдарёликлардан бири.

Унинг билдиришича, ҳозир ўқитувчидан тортиб, қуйи синф ўқувчиларигача ўзидан билиб пахта бермоқда.

Сирдарё туманининг Иброҳим Каримов номидаги жамоа хўжалигидаги фермерлардан бирининг сўзларига кўра, аввалги йилларда фермерлар банклардан пул ололмай, жуда кўп вақтини йўқотарди. Бу йил эса банк ходимларининг ўзи далага келиб, кунлик терим пулларини тарқатиб кетяпти.

Ҳар йили бўлганидек, бу йил ҳам вилоятдаги барча талабалар ва юқори синф ўқувчилари пахта теримига жалб этилган. Оқолтин туманида пахта тераётган талабалардан бирининг таъкидлашича, бу йил улар учун нисбатан анча яхши шароит яратилган.

“Ётадиган жойимиз пол қилинган. Овқатимизда гўшт бор. Сувимиз бор. Қизларнинг ошхонаси ресторандек. Олдин 150 талаба келган бўлса, ҳозир 400 та келган. Терим пуллари вақтида берилади. Пахтанинг килограмми 57 сўм бўлган”, - деди талаба.
XS
SM
MD
LG