Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:09

Адвокатми ёки прокурорнинг ёрдамчиси?


Шайбон Тошкентда Андижон воқеаларида фаол иштирок этишда айбланаётган 15 фуқаро устидан ўтказилаётган суд жараёнида қатнашаётган адвокатлар ўзларини ҳимоячи сифатида тутмаётгандек таассурот қолдирмоқда.

Адвокатлар ҳаракатидаги ғалати ҳолатлар хусусида мулоҳаза юритишдан олдин судланувчилар кўрсатмаларидаги баъзи чалкашликлар тўғрисида тўхталсак.

Судланувчи Илҳомжон Ҳожиев кўрсатма бераётганида дастлаб ҳокимлик биноси ва унинг атрофида жами 200-250 қуролланган шахс бўлганини таъкидлаган эди.

Кейин эса судьянинг: “Сиз учинчи қаватга қочиб чиқиб, отишма қилганингизни гапирдингиз. Тепада, ҳамма нарса кўринадиган жойда бўлгансиз. Ўша ерда (майдон томонда) ҳукумат кучларидан кимлар бор эди”, - деган саволига жавоб бериб, қуролланган шахслар сонини бутунлай ошириб юборди.

“Битта БТР ва 5-10 та аскар бор эди, холос. Бу ёқдан туриб 5-6 юзта акрамий ётиб олиб, аскарларга қарата отаётган эди”, - деди И.Ҳожиев.

Суд раиси ҳам, ҳимоячи ва айбловчилар ҳам судланувчи қуролланган шахслар сонини аввал 200-250 атрофида, кейин эса 500-600 нафар, деб айтганига қизиқиб кўрмади.

Адвокатлар кимни ҳимоя қилишдан қатъи назар ўз вазифасини астойдил бажариши, прокурор судланувчининг айбини исботловчи минглаб далиллар келтирган ҳолда ҳам ўз ҳимоясидаги шахснинг айбини енгиллатувчи далиллар қидириши шарт. Аммо Тошкентда ўтаётган судда қатнашаётган адвокатлар айбланувчиларни ҳимоя қилишга кўп ҳам жон куйдирмаётгандек кўринади.

Адвокатнинг айбланувчига бераётган саволига эътибор беринг: “Қилган жиноятларингизни президентимиз, халқимиз олдида қандай изоҳлаб берасиз?”

Диққат қилинг, адвокат ўз ҳимояси остидаги судланувчи чиндан ҳам жиноят қилганини тан олибгина қолмай, ундан бу жиноятни изоҳлаб беришни сўраяпти. Афтидан адвокат ўз ҳимояси остидаги айбланувчини шу тахлит ҳимоя қилишни афзал билгандир?!

Адвокат Комила Ҳалимованинг судланувчига берган саволи янада ғалатироқ: “Акрамийлар оқимининг баъзи аъзолари чет элларда қолиб кетганини айтяпсиз. Уларга нима дея олардингиз? Шу йўл тўғримикин?”

Шу адвокатнинг жабрланувчи Қудратилла Маматохуновга берган саволидан хулоса чиқариш ҳар кимнинг ўзига ҳавола: “Судланувчилар ўз айбига иқрор бўлиб, пушаймонлик билдирди. Уларни кечириш мумкинми?”

Бу ўринда ҳимоячи судланувчига жабрланувчидан авф сўраб олмоқчи бўлгандир, балки. Аммо судни кузатиб бораётган кўпчиликнинг фикрича, адвокат ўз ҳимоясидаги шахсга нисбатан “у чиндан ҳам жиноят қилган, буни яшириб нима қиламиз”, деяётгандек.

Хуллас, Олий судда кечаётган жараённинг дастлабки беш кунида деярли барча судланувчилар ўз айбига иқрор бўлган эса, кейинги беш кунида ҳимоячилар уларнинг айбига иқрор бўлганини тасдиқлаб турди.
XS
SM
MD
LG