Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:42

Кўргазмада савдо чакки бўлмади


Саида Тошкентда ўтказилган 1-Ўзбекистон халқаро пахта кўргазмасида 2005-2007 йиллардаги пахта ҳосилидан хорижга бир миллион тоннадан ортиқ тола сотиш бўйича шартномалар имзоланди.

Кўргазма, асосан, пахта экспорти билан шуғулланувчи “Ўзмарказимпекс”, “Ўзинтеримпекс” ва “Ўзсаноатмашимпекс” компаниялари ташабуси билан ташкил этилган бўлиб, унда 26 давлатдан 170 дан ортиқ компания иштирок этди. Бу компаниялар Ташқи иқтисодий алоқалар, савдо ва инвестиция вазирлигига қарашлидир.

“Ўзмарказимпекс” компанияси ходими Комилжон Аҳмедовнинг сўзларига қараганда, кщргазмада Ўзбекистон пахтасини сотиб олишга, асосан, Россия, Хитой, Ҳиндистон ва Осиёнинг бир неча давлатлари фирма ҳамда компаниялари истак билдирган.

Ўзбекистон пахта экспорти бўйича дунёда иккинчи, уни етиштириш бўйича 5-6 ўринларда туради. Мамлакат йилига 1,2 миллион тонна атрофида пахта толаси олади ва йилига бир миллион тоннага яқин толани экспорт қилади.

К.Аҳмедовнинг айтишича, яқин йилларда ҳозир экспортга жўнатилаётган пахта толасининг 50 фоизга яқинини Ўзбекистоннинг ўзида қайта ишлаш режалаштирилмоқда.

Шу пайтгача ўзбек пахтасини сотиш билан, асосан, юқорида номлари тилга олинган уч компания - “Ўзмарказимпекс”, “Ўзинтеримпекс” ва “Ўзсаноатмашимпекс” шуғулланиб келар эди. Жорий йилдан бу ишга Ўзбекистон хомашё биржаси ҳам бош қўшадиган бўлди.

Таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошевнинг фикрича, пахта савдоси биржа орқали амалга оширилса, мамлакатга кўпроқ манфаат келтиради. Бу омил ички бозорда пахта нархи ошишига олиб келиши мумкин. Чунки биржа савдосида кўпгина воситачилар четда қолади.

Т.Йўлдошевнинг қўшимча қилишича, бундан буён ўзбек пахтаси экспортида Россия, Хитой ва Малайзиянинг улуши кўпайиши эҳтимолдан холи эмас.

Таҳлилчи Ўзбекистонда пахта захираси кўпайиб қолгани ва мамлакат валютага муҳтожлигидан фойдаланиб, янги харидорлар пахта нархини туширишга ҳаракат қилишини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG