Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:00

Марказий газеталар шарҳи


Шайбон

Ўтган ҳафтада марказий газеталарнинг деярли барчасида Олий судда кечаётган суд жараёни ҳақидаги маълумотлар, гувоҳликларга муносабатлар эълон қилинди. Уларда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Ўзбекистонга ташрифи ҳақида икки энлик хабарлар берилди, аммо ташрифдан кўзланган мақсад ҳақида лом-мим дейилмади.

“Ўзбекистон овози” газетаси андижонлик гувоҳ Маҳбуба Зокированинг Олий суддаги кўрсатмасига жўшқинлик билан жавоб берди. Бу кўрсатмага муносабат билдирилган мақолада муаллиф Сафар Остонов ёзади: “Куни-кеча Андижон вилояти бўйича газетамиз мухбири А.Солиев Маҳбуба Зокирова яшайдиган маҳаллада бўлиб қайтди. Маҳбубанинг қайнонаси Холисхон Зокирова сўзидан: “... Олти нафар келиним бор, Маҳбубахондан бошқа ҳаммаси эсли-ҳушли. Лекин Маҳбубахон номуносиб йўлни тутди, тўрт нафар набирамни сарғайтириб, ўғлим Ғофиржонга ҳам қийин бўлди. Ғофиржон янги уй қураётган эди, эл қатори яшаётганди. У тўғри йўлни тушунмади, айниқса, судда гапирганларини эшитдим, қўшилмайман бу гапларга...”.


“Халқ сўзи” газетаси Тожикистон алюминий заводининг Ўзбекистонга салбий таъсири хусусидаги чиқишларни давом эттирди. Газетанинг 19 октябрь сонида чоп этилган Олимжон Ўсановнинг “Сабр-тоқатнинг ҳам чегараси бор” сарлавҳали мақоласида қуйидаги сўзлар бор: “Дашнобод қишлоғида Лойиқ исмли бола, айтишларича, соғлом туғилган. Сўнг ўсмай қолган. Ранги заҳил. Этлари шалвираган. Сочи сийрак. Врачларнинг унга қўйган ташхиси бир хил: фтор асорати. Шу қишлоқлик Манзура исмли қизча уч ёшдан ўтди. Тили, зеҳни яхши. Лекин... оёқда туролмайди. Оёқ бўғинлари шалвираб турибди. Бунинг ҳам ташхиси — фтор!”


“Адвокат-пресс” газетаси ўтган ҳафтада нақ Олий судни нишонга олди. “Олий суддаги номақбул тартиблар”ни фош этишни мақсад қилган адвокат Ғиёс Намозов ўз мақоласида бундай ёзади: “Олий судда фуқароларни сарсон-саргардон қилишнинг анча мукаммал йўллари ҳам ўйлаб топилган. Аслида қонуний кучга кирган суд актларига фақат Олий суд раиси ва ўринбосарлари протест келтиришга ҳақли эканлиги қонунларда кўрсатилган. Шу сабабли ҳам фуқаролар Олий суд раиси номига назорат тартибида шикоят ёзадилар. Бироқ шикоятларга қонунда протест келтириш ваколати берилмаган судья, судлов ҳайъати раиси ўринбосари ёки судлов ҳайъати раиси деган лавозимда ишловчилар имзо чекиб, жавоб йўллайдилар”.

Муаллиф гўёки ўз ваколатини сал унутган Олий суд вакилларига бу идоранинг мақсад ва вазифаларини эслатиб қўйишга урингандан бўлади: “Аслида Олий суд фуқаролар ёзган шикоятлар, прокурорлар келтирган протестлар орқали мамлакатдаги одил судлов аҳволини назорат қилиши лозим бўлган маҳкама. Улар ўзларига юклатилган вазифани бажаришда ниҳоят даражада эринчоқ. Шикоят қилинган жиноят ва фуқаролик ишларини синчковлик билан ўрганмасдан юзаки жавоблар йўллаб, одамларни сарсон-саргардон қиладилар”.

Мақолани ўқиб, Олий суддаки шундай вазият бўлса, шаҳар, вилоят, туман судларида аҳвол қандай экан, деган ўй келади хаёлга!
XS
SM
MD
LG