Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:11

Суднинг йигирма олтинчи куни: Судланувчиларнинг деярли ҳаммаси айблов хулосаларига розилигини билдирди


Ўзбекистон Олий судида давом этаётган жараённинг 27 октябрь кунги мажлисида сўнгги сўз берилган судланувчилар ўзларига қўйилган деярли барча айбларга иқрорлигини билдирди.

Ўтган кунги суд мажлисида беш судланувчининг адвокатлари музокарага чиққан бўлса, бугунги мажлиснинг биринчи ярмида қолган 10 адвокатнинг сўзлари тингланди.

Судланувчи Абдулҳофиз Ғозиевнинг адвокати Комила Халилова унинг мижози ҳамма айбларига иқрор бўлгани, юз берган фожеаларга, энг аввало, акрамийларнинг раҳбарлари айбдорлигини, судланувчилар эса фақат ижрочилар эканини таъкидлади. Шунингдек, у ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари яхши ишламагани ҳам бу фожеаларнинг келиб чиқишига сабаб бўлганини билдирди.

Адвокат 10 май куни ички ишлар ходимлари Оқёр қишлоғида акрамийлар тўпланганини қайд этганидан тўғри хулоса чиқарилиб, назорат кучайтирилганда ва вақтида чора кўрилганда балки бу “жиноятлар”нинг олди олинган бўлиши мумкинлигига урғу берди.

К.Халилова ўз мижозига прокурор қўйган айблардан 11 тасини чиқариб ташлашни суддан сўради.

Адвокат Ҳалима Йўлдошева мижози Абдубоис Ибрагимовга қўйилган айблар нотўғри малакалаштирилганини таъкидлади. Унинг айтишича, ҳимоясидаги шахсга шундай айблар қўйилганки, суд жараёнида бу айблар исботини топмаган. Жумладан, А.Ибрагимовнинг бировни қийнамагани суд мажлисларида аниқ бўлган.

Адвокат Андижон воқеаларидан кейин Ибрагимовлар оиласи ҳар жойга тарқаб кетгани, акаси ва отаси Руминияда экани, оиладаги 23 бола боқувчисиз қолганини инобатга олиб, суддан А.Ибрагимовга енгилроқ жазо тайинлашни сўради.

Судланувчи Аваз Турғуновнинг адвокати Тозагул Дўсова ҳам ҳимоясидаги шахсга қўйилган кўп айблар суд жараёнида ўз исботини топмаганини баён этди ва айбловдаги 11 моддани чиқариб ташлашни илтимос қилди.

Унинг фикрича, 23 акрамийнинг суди бўлаётган пайтда кундан-кун кўпайиб бораётган пикетчиларга тегишли органлар бепарво бўлган ва бу ҳолат фожеали вазият юзага келишига сабаб бўлган.

Адвокат Гулмира Бобожонова ўз ҳимоясидаги Таваккал Ҳожиев ҳарбий қисм, пост патруль хизмати ва қамоқхонага қилинган ҳужумларда иштирок этмаганини таъкидлади. У мижозига қўйилган бир неча айбларни айбловдан чиқариб ташлашни сўради.

Музокаралар бўйича сўзга чиққан судланувчилардан фақат икки нафари – Ҳусан Туропов ва Абдулҳофиз Ғозиевгина адвокатлар фикрини қувватлаб, айбловдан баъзи моддалар чиқариб ташланишини илтимос қилди.

Қолган судланувчилар эса гарчи адвокатлари баъзи моддалар ортиқча эканини исботлаган бўлса-да, прокурор томонидан эълон қилинган барча айбларга тўла иқрор эканини билдирди.

Биринчи бўлиб сўнгсўз олган Мўйдин Собиров оғир жиноятлар қилганини тан олди. Унинг сўнгсўзи кўпроқ хорижий давлатларни ва хорижий ОАВни айблашга бағишланди.

“...Суд жараёнлари (23 акрамий устидан) давомида баъзи чет эллик раҳнамолар ҳам пайдо бўла бошлади. Улардан маблағ келиб тушиб, акрамийлик диний оқимининг тўхтаб қолган тушуми ўрни қоплана бошлади”, - деди М.Собиров .

М.Собиров хорижий ОАВни Андижон воқеаларини бевосита ташкил этишда айблади.

“Бу ҳаракатларимиз бошланиши ҳам чет эл мухбирлари ва раҳнамоларимиз маслаҳатлари билан бўлди. Чунки биз – акрамий оқими аъзолари сиёсатга бу қадар чуқур кирмаган эдик. ...Давлат бизга тадбиркорликка ҳеч қандай имконият бермаётганини кўрсатиб, чет эл мухбирлари орқали ўзимизни дунёга танитиб бордик”, - деди М.Собиров.

Судланувчи Фарҳод Ҳамидовнинг сўнгсўзи эса кўпроқ насиҳатга ўхшаб кетди: “Аллоҳдан қўрқайлик, биродарлар. Ватанимиз, халқимизга хиёнат қилишни бас қилайлик. Биз ўзбеклар бирлашиб, ватанимизнинг тинчлиги, фаровонлиги учун ҳаракат қилмаяпмиз. Биз итоат қилишни билмаяпмиз. Ҳадисда ўзларингдан чиққан бошлиққа итоат қилинг дейилган. Халқимиздан чиққан юртбошимизга итоат қилмаяпмиз”.

Ф.Ҳамидов қилган жиноятлари учун “яшашга ҳаққи йўқ”лиги билдириб, “лекин прокурорга раҳмат” айтди.

Судланувчи Абдубоис Ибрагимов ўзига ўлим жазоси берилмаганини катта имконият деб ҳисоблади.

“Ҳурматли прокурорлар мени 18 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўради. Мен буни ўзимга берилган катта имконият деб билиб, келажакда қилган гуноҳларимни ювиб, ватан олдида бор кучимни сарфлашга ваъда бераман”, - деди А.Ибрагимов.

Судланувчи Ғуломжон Нодиров Ўзбекистондан ташқарида юрган биродарларини ватанга қайтиб, тавба қилишга даъват этди. У “жиноятларини яшириб юрган бу инсонларни”, хусусан, укаси Маъруф Нодировни Олий суд ва халқ олдида жавоб беришга чақирди.

Судланувчи Таваккал Ҳожиев ўз исмига хос равишда таваккал қилиб, шу аҳволга тушгани ҳақида гапирди ва озодликка чиқса, ҳунари орқали Ўзбекистон халқини “дунёга танитиш”га ваъда берди.

Барча судланувчилар ўз қилмишларидан қаттиқ пушаймонлигини билдирди ва Ўзбекистон халқидан, президентидан кўзда ёш билан кечирим сўради.

Шундай қилиб, бир ойдан зиёдроқ давом этаётган суд жараёни ниҳоясига етай деб қолди.

Суд раиси Бахтиёр Жамолов суд ҳайъати маслаҳатга кириб кетиши, суднинг навбатдаги мажлиси қачон бўлиши қўшимча равишда маълум қилинишини билдирди.
XS
SM
MD
LG