Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:45

Қозоғистонлик ўзбеклар ўз тилини унутишдан хавотирда


Жанубий Қозоғистонда 150 га яқин ўзбек мактаби бўлиб, уларда қарийб 90 минг ўқувчи таълим олади. Яқин йиллар ичида ўзбек мактаблари сони кескин қисқаришидан хавотир мавжуд.

Бунинг сабаби ўзбек мактабларининг кўплаб муаммоларга дуч келаётганидир. Ўзбек тилидаги ўқув қўлланмалари етишмаслиги, олий таълимни фақат қозоқ ёки рус тилида олиш мумкинлиги шулар жумласидандир.

Маҳаллий кузатувчилар қозоғистонлик ўзбек болалари қозоқ ёки рус мактабларига ўқишга мажбур бўлаётганини айтмоқда. Маълум бўлишича, жорий йилда Туркистондаги ўзбек мактабларининг 1-синфига жуда кам ўқувчи келган. Ота-оналар фарзандларини рус ёки қозоқ мактабларига беришни маъқул кўрмоқда. Олий ўқув юртларига киришда тест имтиҳонлари фақат қозоқ ёки рус тилларида топширилиши уларни шундай қадам қўйишга мажбур қиляпти.

“Агар тест топширишда ўзбек тили муаммоси ҳал қилинмаса, келаси йили аҳвол қандай бўлиши номаълум”, - деб ёзади “Сайрам сабоси” газетаси.

Жанубий Қозоғистон университети профессори Ботир Норбоевнинг билдиришича, ўрта таълим олишда ўзбек болалари қозоқлар билан бир хил ҳуқуққа эга. Аммо олий таълим олишга келганда ўзбек ёшлари кўп муаммоларга дуч келади. Олий ўқув юртларига киришдаги тест имтиҳонлари қозоқ ёки рус тилларида бўлиши ўзбек ёшларини қийин аҳволга солиб қўйган.

Ўзбек миллий маданият маркази раиси Икром Ҳошимжоновнинг таъкидлашича, бу муаммо бўйича бир неча йиллардан буён Таълим вазирлигига мурожаат қилиб келинади. Вазирликдан турли ваъдалар олинган бўлса-да, ҳалигача ижобий натижа йўқ.

Ўзбекистонда лотин алифбосига ўтилгани қозоғистонлик ўзбеклар учун янги муаммоларни келтириб чиқаряпти. Улар бу алифбодаги ўқув қўлланмалари ва бадиий адабиётлардан фойдаланишда қийинчиликка дуч келмоқда.

“Чашма” ижодий уюшмаси раиси Абдураҳим Пратовнинг фикрича, бадиий адабиётлар муаммосини ҳал қилиш мумкин. Бунинг учун мактабларда лотин алифбосини ўрганиш бўйича қўшимча машғулотларни йўлга қўйиш керак.

А.Пратов мактаб ўқувчиларига мўлжалланган “Бойчечак” ва “Камалак” журналлари бош муҳаррири лавозимида ҳам ишлайди. У кейинги йилдан бошлаб “Бойчечак”да лотин имлосига бағишланган алоҳида саҳифа ташкил этишни мўлжаллаётганини билдирди.

Шунга қарамай, ўзбек ота-оналари ўз фарзандларининг келажагидан хавотирда. Сайрамлик Анвар Муҳаммедов бу кетишда 5-10 йилда қозоғистонлик ўзбеклар ўз тилини унутиб қўйишини таъкидлади. Чунки ҳозир ўзбек ёшлари на ўзбек, на қозоқ бўлиб вояга етмоқда.
XS
SM
MD
LG