Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:40

Франк Умбаҳ: “Совуқ уруш ҳолатига ўтиш Ўзбекистонни Россия қўғирчоғига айлантиради”


АҚШ ҳарбий самолётларининг сўнггиси Хонобод аэродромини тарк этганидан икки кун ўтиб, Ўзбекистон ҳукумати шундай талабни немис ҳарбийлари олдига ҳам қўйгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Германиянинг НАТОнинг Афғонистондаги тинчликпарвар миссияси сафидаги 2,5 минг кишилик контингентини таъминловчи қарийб 250 ҳарбийси ўзбек-афғон чегарасидаги Термиз шаҳрида жойлашган.

Хабарларга кўра, Ислом Каримов НАТО тасарруфидаги ана шу таъминот кучларидан 1 январдан бошлаб Термиздан кетишни талаб қилмоқда. Айни пайтда НАТО самолётларининг Ўзбекистон ҳаво ҳудудларидан фойдаланишини таъқиқламоқчи.

Гарчи ҳозирча Ўзбекистон ҳукуматидан бу борада расмий сўров олинмагани айтилаётган бўлса-да, НАТО матбуот котиби Жеймс Апасурай бундай қарор Шимолий Атлантика альянсининг Афғонистондаги операцияларини таъминлаш имкониятига заррача таъсир эмаслигини билдирди.

Германия Мудофаа вазирлиги, шунингдек, мамлакатнинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизмати ҳам Термиз базасидан чиқиб кетиш ҳақида ҳозирча расман сўров бўлмаганини таъкидламоқда.

Мустақил кузатувчилар эса Америка ҳарбийлари ортидан немис аскарларини ҳам Ўзбекистондан ҳайдаб чиқариш билан И.Каримов Европа Иттифоқининг расмий Тошкентга нисбатан жорий этган санкциялари ва НАТОнинг буни қўллаб-қувватлагани учун ўч олаётгани ўлароқ талқин қиляпти.

Термиздаги базани Афғонистондаги ҳарбий ва инсонпарварлик операцияларини қўллаб-қувватлаш учун ижарага олиш ҳақидаги келишув 2002 йил бошида Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги мудофаа вазири Қодир Ғуломов ва унинг германиялик ҳамкасби Рудолф Шарпинг томонидан имзоланган эди. Ўшанда томонлар бу ҳужжат НАТО кучлари Афғонистонда қанча қолса, ўшанча муддат амал қилиши ҳақида баёнот берганди.

Аммо И.Каримовнинг НАТО билан муносабатлари Андижон воқеаларидан сўнг тескари йўналишда ривожлана бошлади. Демократик давлатларнинг ҳарбий иттифоқи бўлмиш НАТО ҳам биринчилардан бўлиб Андижонда қуролсиз халқнинг отилишини қоралади ва бу юзадан ҳалқаро мустақил текширув ўтказилишини талаб қилди.

4 октябрь куни Қозоғистонга қилган сафари чоғида НАТО бош котибининг Марказий Осиё ва Кавказ бўйича махсус вакили Роберт Симмонс шу талабни яна бир бор такрорлаган эди.

“Андижондаги сўнгги воқеалар муносабати билан НАТО бошқа халқаро ташкилотлар қатори халқаро мустақил текширув ўтказилишини талаб қилади. Зотан, Ўзбекистонда ўтказилаëтган суд жараёнлари табиатидан хабардор одам ҳақиқатни ойдинлаштириш учун маҳаллий эмас, балки халқаро терговга эҳтиëж кучлилигини билади”, - деган эди Р.Симмонс.

Бу каби танқидлардан сўнг Ўзбекистон ҳукумати НАТОнинг “Тинчлик йўлида ҳамкорлик” дастури доирасидаги барча йиғинларни намойишкорона бойкот қилишга ўтди. Айни пайтда НАТО ҳам Ўзбекистон билан режаланган лойиҳаларни қисқартирди ëки тўхтатди.

И.Каримов НАТО ҳарбийларини Термиздан ҳайдаш, альянс самолётларининг Ўзбекистон ҳаво ҳудудидан фойдаланишини тақиқлаш ниятида экани ҳақидаги хабарга муносабат билдириб, Германия Ташқи алоқалар кенгаши хавфсизлик масалалари бўйича етакчи мутахассиси Франк Умбаҳ бу қарордан фақат Ўзбекистоннинг ўзига ёмон бўлишини таъкидлади.

“Мен Ўзбекистондаги базанинг ëпилиши Афғонистондаги немис ҳарбийлари ëки НАТО аскарлари таъминотида муаммо яратиши ҳақидаги фикрдан йироқман. НАТО бу ишни минтақанинг исталган аэродромидан қила олади. Бу эса озгина вақт, қўшимча маблағ ва дипломатик маслаҳатлар билан осонгина битадиган иш. Бизни чинакам ташвишга солаëтгани Ўзбекистон ташқи сиëсатининг бунчалар тезлик билан тескари йўналишга бурилиб кетганидир”, - деди германиялик эксперт.

Ф.Умбаҳнинг билдиришича, аввалига АҚШ ва Буюк Британия, сўнгра ЕИ ва энди НАТО билан совуқ уруш ҳолатига ўтиш Ўзбекистон ҳукуматини Россия қўғирчоғига айлантиради.

“Каримовнинг Путин билан имзолаган ҳарбий-хавфсизлик келишуви¸ қолаверса, ëнилғи соҳасида “Газпром” билан тузилган кейинги шартномалар Ўзбекистонни нафақат хавфсизлик ва ташқи сиëсат, балки ëнилғи соҳасида ҳам тўлиғича Россияга қарам қилиб қўйди”, - дея афсус билдиради Ф.Умбаҳ ва бу ЕИ ва НАТО ҳозирга қадар олдини олишга уриниб келган эҳтимолнинг айнан ўзи эканини таъкидлади.

Унинг айтишича, ҳозирги ҳолатда назарий жиҳатдан ЕИ ва НАТОда Ўзбекистонга қарши жиддий иқтисодий санкциялар қўллаш имкони бор. Аммо бу Ўзбекистондаги вазиятни янада оғирлаштиради. И.Каримовни Россия ва Хитой қулига айлантиради, мамлакатдаги ижтимоий портлашга ҳисса қўшади. Шу боис, Ўзбекистон ва бутун минтақадаги сиëсий барқарорликдан манфаатдор бўлган НАТО ҳозирча бундай кескин чорага қўл урмаслиги мумкин.

“Қизиғи шундаки, - давом этди Ф.Умбаҳ, - бургага аччиқ қилиб кўрпа куйдираëтган Каримов ЕИдаги ўзи билан мулоқот тарафдорларини ҳам ўзидан узоқлашишга мажбур қилмоқда. Германия ҳукумати юзага келган вазиятда Брюссель ва ЕИнинг бошқа аъзолари билан Тошкент ўртасида муросага келиш йўллари ҳақида ўйлаëтган эди. Агар Каримов немис қўшинларини Термиздан ҳайдаб чиқарса, Германия ҳам бу уринишларини йиғиштиришга мажбур бўлади”.

Ф.Умбаҳнинг таъкидлашича, Германиянинг кейинги ҳаракатлари Ўзбекистон ҳукуматининг Термиздаги немис кучларини чиқариб юбориш ҳақидаги қарори расман эълон қилиниш-қилинмаслигига боғлиқ. Агар немис ҳарбийлари Ўзбекистондан қувилса, расмий Берлиннинг Ўзбекистонга нисбатан ўз ëндашувини кескинлаштиришдан ўзга чораси қолмайди.
XS
SM
MD
LG