Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:06

Чубайс Лужковдан балога қолди


Басира Москва қиш кунларида чироқсиз қолиши мумкинлиги ҳақида баёнот берган “Россия электр тизими” акциядорлик жамияти раҳбари Анатолий Чубайс кескин танқидлар тиғига дучор бўлди.

А.Чубайс электр энергияси таъминотидаги узилиш бўлиши ҳаво ҳароратига боғлиқлигини билдирди.

“Агар Москвада қаторасига уч кун давомида ҳарорат 25 даража совукдан тушмаса, истеъмолчиларни электр таъминотидан узиш дастурини ишлаб чиқишга кўрсатма бердим”, - деди А.Чубайс.

Унинг сўзларига кўра, электр таъминотидан узиш эҳтимоли армия, мактаб, аҳолига тааллуқли эмас, бу дастур фақат йирик корхоналарни электр энергиясидан узиб қўйишни назарда тутади.

А.Чубайснинг бу баёноти Москва мэри Юрий Лужковнинг қаттиқ танқидига дучор бўлди. У бу ҳолатни “қандайдир ёввойилик” сифатида баҳолади ва А.Чубайснинг баёноти юзасидан Россия президенти Владимир Путинга шикоят қилишини билдирди.

А.Чубайснинг ўзи эса Россия пойтахтини электр энергияси билан таъминлайдиган ускуналар эскирганидан шикоят қилмоқда. Шу боис, жорий қишда электр энергиясини тежашга мажбурлигини айтяпти.

“Ишлатилаётган асосий ускуналарни умуман қўллаш мумкин эмас. Агар давлатнинг бу соҳадаги сиёсати қайта кўриб чиқилмаса, кейинчалик бундан баттар бўлиши мумкин”, - дея огоҳлантиряпти А.Чубайс.

Россия ўз қудратига ишониб бораётган бир пайтда пойтахт кўчалари бирданига чироқсиз қолиши мумкинлиги москваликлар томонидан жиддий норозилик билан қабул қилиняпти.

Ўтган йили Москвада электр станцияда авария содир бўлган ва шаҳар бир неча кун чироқсиз қолган эди.
XS
SM
MD
LG