Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:22

Уруш, довул ва турли жанжаллар АҚШ республикачилар партияси обрўсига путур етказди


Сўнгги ўттиз йил ичида иккинчи марта АҚШ президенти этиб сайланганларнинг ҳаммаси турли жанжалларга алоқадор бўлди. Масалан, “Уотергейт” жанжали президент Никсоннинг истеъфога чиқиши билан якунланди. “Эрон-Контра” воқеаси Роналд Рейган обрўсига путур етказди. Моника Левински билан ишқий саргузаштлари ва маҳкамада ёлғон гапиргани туфайли Билл Клинтон президентлик курсисидан ажралишига бир бахя қолди. иккинчи президентлик муддатининг дастлабки йилида Жорж Буш ҳам муаммога дуч келди.

2004 йил ноябр ойида қайта АҚШ президенти этиб сайланганидан бир оз кейин Жорж Буш ўз тарафдорларига президентликнинг иккинчи муддати давомида қандай ишларни амалга ошириши ҳақида мана бундай деган эди: “Сайлов кампанияси жараёнида мен сиёсий капитал ишладим. Энди уни ишлатиш ниятидаман ”.

2005 йил тугаб бормоқда. Буш эса ноқулай вазиятда қолмоқда. Чунки унинг Республикачилар партиясидаги етакчи аъзолар молиявий фирибгарликларга алоқадорликда гумон қилинмоқда. АҚШ Адлия вазирлиги расмийлари эса Марказий разведка бошқармаси агенти исми Оқ Уй расмийси томонидан ўч олиш мақсадида атайин оммага ошкор қилганлиги юзасидан текширув ўтказмоқда.

Том Покен 90-йиллар бошида Жорж Буш губернатор бўлган Техас штатида Республикачилар партияси раҳбари бўлган. Унга кўра, конгрессда олиб борилаётган текширувлар “Капитол Хилл”даги республикачилар учун шунчаки нохуш хабар бўлиши мумкин. Лекин АҚШ Марказий разведка бошқармаси агенти исмининг оммага ошкор этилиши Оқ Уй расмийлари мағлубиятига сабаб бўлиши мумкин:

“Менимча, Оқ Уй маъмурияти катта таҳдидга дуч келмоқда. Агар Бушнинг иккинчи президентлик муддати тугашидан аввал вице-президент қандайдир можарога алоқадор бўлиб қолса ёки маъмуриятдаги сиёсий масалалар бўйича юқори лавозимли расмий истеъфога чиқишга мажбур бўлса, у ҳолда Оқ Уй маъмурияти бўҳронга учраши мумкин”, – дейди америкалик сиёсатчи.

Вашингтондаги “American Enterprise Institute” тадқиқот марказининг сиёсий масалалар бўйича таҳлилчиси Норман Орнстейн Том Покен фикрига қўшилмаслигини айтади. Униниг фикрича, вице-президент Дик Чейни аллақачон сиёсий муаммоларга дуч келганига қарамай, у жиноий жавобгарликка тортилмайди.

Бундан тўрт ой олдин Катрина довули АҚШнинг Нью Орлеан шаҳрини вайрон қилган эди. Буш маъмурияти табиий офат оқибатларини тугатишда тезкор ҳаракат қила олмади. Уй жойидан айрилган айрим аҳоли вакиллари федерал ҳукумат томонидан бериладиган ёрдамни ҳозиргача олгани йўқ. Бу ҳам Оқ Уй обрўсига путур етказди.

Вашингтондаги Като тадқиқот маркази таҳлилчиси Патрик Башам фикрича, АҚШ президенти Жорж Буш учун асосий сиёсий муаммо Ироқ ҳисобланади. Чунки айнан Ироқ уруши туфайли президент Бушнинг халқ орасидаги обрўси пасайиб кетди. Икки ой олдин Ироқда ўлган АҚШ ҳарбийлари сони икки мингдан ошди. Ҳозирда америкаликларнинг 40 фоизи Бушнинг Ироқда олиб бораётган сиёсатини қўллаб-қувватлаётгани йўқ.

Башамга кўра, Кэтрина довули оқибатларини тугатиш ва Ироқ уруши президент Жорж Буш учун жиддий муаммо яратиши мумкин:

“Турли нохуш хабарлар, хатоликлар ва назарда тутилмаган ҳолатлар ҳаммаси бир бўлиб одамларда салбий муносабат пайдо қилиши мумкин. Жамоатчилик асосан Ироқ урушига ёмон муносабатда бўлиши асосий муаммо, дея олмайман. Чунки Оқ Уй маъмурияти муаммога дуч келган бошқа соҳалар ҳам бор”, – дейди америкалик таҳлилчи.

Айни пайтда, Партик Башам АҚШ иқтисодиёти яхшиланаётгани юоис президент Бушнинг халқ орасидаги рейтинги ҳам кўтарила бошлаганини айтади. “Умуман олганда Америка президентлари обрўси ҳар доим мамлакатдаги иқтисодий вазият билан боғлиқ бўлган”, - дейди таҳлилчи.

Унга кўра, 2005 йилда рўй берган нохуш воқеалар президент Бушга сиёсий жиҳатдан таъсир эта олмайди. Чунки Буш учинчи муддатга президент этиб сайлана олмайди. Аммо у мамлакатни бошқарган даврга бериладиган бахо ўзгача бўлиши мумкин. Патрик Башамга кўра, бундан асосан Республикачилар партиясига жиддий путур етиши мумкин. Айни пайтда, дейди таҳлилчи Башам, бу Демократлар партиясига боғлиқ. Яқинда демократлар ички масалаларда якдил эканликларини намойиш қилдилар. Бироқ Ироқ уруши борасида улар бир фикрда эмасликлари ошкор бўлди.
XS
SM
MD
LG