Линклар

Шошилинч хабар
10 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:42

Европа Иттифоқи учун Россия энергиясига қарамликдан қутилишнинг иложи борми?


А.Арал Сешанба куни Европа парламенти Россия билан Украина ўртасида газ масаласида юзага келган жанжал оқибатларига қарши чора кўриш масаласини кўриб чиқди. Жорий ой бошларида икки мамлакатнинг газ нархи устидаги тортишувлари Европанинг бошқа ҳудудларига ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Чунки¸ Европа Иттифоқининг тўртдан бир қисми Россиядан газ импорт қилади. Шу боис Европа парламенти аъзоларининг аксарияти Россиянинг бундай ҳаракатига қарши жиддий чоралар кўришни талаб қилмоқда.

Европа парламенти йиғилишида депутатлар Европа мамлакатлари чет давлатларга боғлиқ бўлган энергия каби ҳаëтий манбалар масаласига жиддий эътибор қаратишга келишдилар.

Европа Иттифоқининг энергия бўйича комиссари Андрис Пибалгс парламентга қилган ўз мурожаатида Россия билан Украина ўртасида газ нархи бўйича келишувга эришилганига қарамай¸ бу масала ҳали ўз ечимини топди¸ дейиш қийин¸ деб таъкидлади.

“Айни пайтда¸ Россия билан Украина ўртасидаги битим қисқа муддатли келишув бўлиши мумкин. Аммо биз хомхаëл бўлмаслигимиз керак. Масала ҳали батамом ҳал бўлганича йўқ. Икки мамлакат ўртасида нархни мувофиқлаштириш хусусида музокаралар давом этиши мумкин”¸ - дейди Пибалгс.

Европа парламенти аъзолари ўз мунозаралари давомида шунингдек¸ Европа давлатлари Россия-Украина жанжалидан қандай сабоқ олиши кераклиги масаласини ҳам муҳокама қилдилар. Чунки икки мамлакат ўртасида рўй берган газ жанжали Европа Иттифоқининг Россиядан газ сотиб олаëтган тақрибан 10 давлатига ўз таъсирини кўрсатмай қолмади.

Европа Иттифоқининг ҳозирги раиси¸ Австрия Иқтисод вазири Мартин Бартенштайн фикрича¸ европаликларни узлуксиз газ билан таъминлаш мутлақо имконсиздир.

Унга кўра¸ Европа Иттифоқининг газ масаласида Россияга қарамлигидан қутулиши учун бошқа муқобил мамлакат¸ транзит йўли ва энергия манбаларини топиш керак бўлади. Буни амалга ошириш учун эса бир неча ўн йил лозим¸ дейди Бартенштайн.

Европа парламенти вице-президенти польшалик депутат Jacek Sairusz-Wolski Россияга нисбатан анча танқидий позицияда эканлигини билдирди.

“Яқиндагина айтганимиздек, энергия сиëсати муаммоси фақатгина саноат ва иқтисод соҳаларига таъсир этиб қолмасдан¸ балки у қурол ва ташқи сиëсат воситаси сифатида ҳам ишлатилади. Бинобарин бу масала ташқи ва хавфсизлик сиëсати доирасида муҳокама этилиши керак”¸ - дейди Уолски.

У шунингдек¸ Европа Иттифоқи Россия энергиясига қарам иттифоқнинг янги аъзоларига махсус ëрдам кўрсатиши зарур¸ деб таъкидлади.
XS
SM
MD
LG