Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:12

АҚШ Мудофаа вазирлиги: Абу Ғрайб қамоқхонаси ҳақидаги янги суратлар зўравонликларни кучайтириши мумкин


15 феврал куни Австралиянинг Махсус кўрсатувлар хизмати (SBS) Ироқнинг Абу Ғрайб қамоқхонасидаги маҳбуслар таҳқирлангани ва хўрланганини акс эттирувчи аввал оммага намойиш этилмаган суратларни кўрсатди. Бу халқаро ҳамжамият, айниқса, Яқин Шарқ минтақасида норозиликлар кучайишига сабаб бўлди.

Австралиянинг Махсус кўрсатувлар хизмати продюсери Майк Карей Ройтер ахборот агентлигига Абу Ғрайб қамоқхонасида олинган суратлар нима мақсадда оммага намойиш қилинганига изоҳ берди:

“Абу Ғрайб қамоқхонасида қандай даҳшатли воқеалар содир этилганини кўрсатишни ўз бурчимиз, деб билдик. Америка фуқаролар эркинликлари иттифоқи БМТ ва Халқаро Амнистия ташкилотларини бу воқеа юзасидан текширув ўтказишга чақирди. Менимча, бундай чақириқ уларнинг ҳам ушбу воқеага ойдинлик киритишни давом эттириш керак, деган фикрда эканини кўрсатади”.

Майк Карейга кўра, Махсус кўрсатувлар дастури Абу Ғрайб қамоқхонасида олинган кўплаб сурат ва видеолавҳалардан фақат бир қисмини оммага намойиш қилган.

Абу Ғрайб қамоқхонасида ироқлик маҳбусларнинг АҚШ ҳарбийлари томонидан хўрланиши ва таҳқирланиши акс этган фотосуратлар оммавий ахборот воситаларида биринчи марта 2004 йилда эълон қилинган ва халқаро миқёсда катта шов-шувга сабаб бўлган эди. Австралиялик тележурналистлар фикрича, 15 феврал куни намойиш қилинган фотосуратлар ҳам аввалгилари билан бир пайтда суратга олинган.

Абу Ғрайб қамоқхонасида ироқлик маҳбуслар таҳқирланганини тасвирловчи фотосуратларнинг Австралия телеканали орқали намойиш этилганига Бош вазир Жон Ҳовард муносабат билдирди:

“Америкаликларни ҳимоя қилиш ҳақида ҳозир нима ҳам дейишим мумкин? Америкаликлар бу ишни қилганларни жавобгарликка тортаяпти. Ҳамма гап шунда. Саддам Ҳусайн томонидан юз минглаб одам ўлдирилди. Ўша жиноятларни тасвирловчи ҳеч қандай фотосурат йўқ. Ўша жиноятлар учун ҳеч ким жавобгарликка тортилмади, жазоланмади, судлар ҳам ўтказилмади. Саддам Ҳусайн режими одамларни бекордан-бекорга йўқ қилган”.

АҚШ расмийлари Абу Ғрайб қамоқхонасида ироқлик маҳбусларни таҳқирлаган ҳарбийлар жавобгарликка тортилганини таъкидламоқда. Мудофаа вазирлиги матбуот вакили Брайн Витманга кўра, Абу Ғрайб қамоқхонасида маҳбусларни хўрлаш ва таҳқирлаш воқеаларига алоқадор 25 ҳарбий устидан жиноий иш очилган.

15 феврал куни Вашингтонда ўтказилган матбуот конференциясида АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райснинг қонунчилик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жон Беллингер Абу Ғрайб қамоқхонасида жиноят содир этганлар жавобгарликка тортилганини айтди:

“Янги пайдо бўлган суратлар хақиқатан жирканчдир. Бу Абу Ғрайб қамоқхонасида қонунга зид ҳаракатлар содир этилганига яна бир мисол. Янги-янги фотосуратлар пайдо бўлаётгани афсусланарли ҳол. Чунки бундай суратлар Абу Ғрайбдаги воқеалар юзасидан хамон босилмаган эҳтиросларни қайта алангалатиб юбориши мумкин”.

АҚШ расмийлари ироқлик маҳбусларнинг хўрланиши ва таҳқирланишини акс эттирувчи суратлар Австралия телеканали орқали намойиш этилгани аввало Ироқ ва дунёнинг бошқа минтақаларида хизмат қилаётган АҚШ ҳарбийларига нисбатан зўравонликларни кучайтириши мумкинлиги тўғрисида хавотир билдирмоқда.

16 феврал куни араб давлатларида чиқадиган айрим гезеталар Австралия телеканали кўрсатган суратларни қайта чоп қилди. Ироқ ҳукумати Абу Ғрайб қамоқхонасида ироқлик маҳбуслар қийноққа солинганини яна бир марта қоралади. “АҚШ ҳарбийларининг бундай хатти-ҳаракати инсон ҳуқуқларига зиддир ва бундай воқеалар қайтарилмаслиги керак”, дейилади Ироқ Бош вазири Иброҳим Жаъфарий идораси эълон қилган баёнотда. Айни пайтда, ироқлик маҳбуслар қийноққа солингани ва хўрланганига оддий ироқликлар ҳам ўз норозилигини билдирмоқда.

“Кеча янги суратларни кўриб, яна хафа бўлиб кетдик. Бу суратларда ироқликларнинг хўрланишини кўрдик. Бу мамлакатда Ироқ халқи номусига ҳурмат қолмаганини кўрдик. Суратларда бир пайтлар ўзимиз хўжайин бўлган ватанда қулга айланганимиз, хўжайинларнинг хориждан келганини кўрдик. Абу Ғрайбдаги ҳақоратли суратлар устига-устак, ироқликларнинг Басрада Британия ҳарбийлари томонидан ҳам калтакланганини кўрдик”, – дея изҳор этди ўз ҳисларини бағдодлик Абд ал-Авад Ройтер мухбирига.

Пайшанба куни Халқаро Қизил Хоч ташкилоти томонидан эълон қилган баёнотда қайд этилишича, Абу Ғрайб қамоқхонасида ироқлик маҳбуслар хўрланиши ва таҳқирланиши акс этган суратлар Абу Ғрайб қамоқхонасида халқаро гуманитар қонунлар бузилганининг аниқ мисолидир.
XS
SM
MD
LG