Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:13

Буш терроризмга қарши курашдаги ҳиссаси учун Покистонга миннатдорчилик билдирди.


А.Арал АҚШ Президенти Жорж Буш Осиë мамлакатларига қилган сафари сўнггида Покистонга ташриф буюрди. Исломободда касбдоши Парвез Мушарраф билан учрашган Буш Покистоннинг террорга қарши курашга қўшаëтган самарали ҳиссаси учун миннатдорчилик билдирди. Айни пайтда¸ Буш Ал-Қайда қолдиқларини бартараф этиш учун янада кўпроқ иш қилиш кераклигини таъкидлади.

Осиë сафарини Афғонистондан бошлаган АҚШ Президенти Жорж Буш у ердан Ҳиндистонга ўтди ва Янги Деҳли расмийлари билан бир қатор стратегик шартномаларга қўл қўйди. Ҳиндистон сафаридан сўнг қўшни Покистонга ташриф буюрган АҚШ раҳбари Исломободда қизғин қарши олинди.

Кузатувчиларга кўра¸ Покистонни Вашингтон билан Янги Деҳли ўртасидаги алоқалар ривожланиб бораëтгани безовта қилмоқда¸ айниқса рақиби Ҳиндистон билан АҚШнинг ядровий соҳада имзолаган шартномалари Исломободни ташвишлантирмоқда.

Бошқа томондан Покистон халқаро терроризмга қарши курашда АҚШнинг яқин иттифоқчиларидан¸ унинг стратегик ҳамкори ҳисобланади. Буш Мушарраф билан яккама-якка олиб борган музокараларидан сўнг ўтказган қўшма матбуот анжуманида террорга қарши кураш соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилаëтгани учун Покистонга миннатдорчилик билдирди. Айни пайтда¸ террордан батамом қутилиш учун ҳали анча иш қилиш кераклигини таъкидлади.

“Ал-Қайдани тор-мор қилиш учун жуда кўп ишлар қилиш керак. Президент Мушарраф ва мен буни биламиз. Биз бугун эрталаб бу соҳада қандай ишлар қилиниши зарурлигини яхшилаб гаплашиб олдик. Ал-Қайдани тор-мор этишнинг энг маъқул йўли разведка маълумотларини баҳам кўриш ва террорчиларни ушлаб жавобгарликка тортишдир”, - деди Президент Буш.

Ўз навбатида Покистон Президенти Парвез Мушарраф АҚШ раҳбари билан музокаралар икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ривожи ва мустаҳкамланишига хизмат қилишини таъкидлади ва Покистоннинг жанггариларга қарши олиб бораëтган кураши ҳақида бундай деди:

“Агар бу соҳада ҳар қандай камчилик бўлса фақат амалиëт соҳасида бўлиши мумкин. Аммо мақсад¸ қарор ва стратегия аниқ бўлса олға борамиз ва муваффақиятга эришамиз”.

Буш шунингдек¸ Президент Мушарраф бошқараëтган Покистонда кенг кўламда демократик ислоҳотлар ўтказиш зарурлигини таъкидлади. Давлат тўнтариши натижасида ҳокимият тепасига келган Мушарраф 7 йилдан буëн раҳбарлик қилиб келмоқда.

Буш Янги Деҳлига ташрифи давомида Покистоннинг асосий рақиби қўшни Ҳиндистонга ядровий соҳада ҳамкорлик қилиш ҳақида ваъда берган бўлса¸ Исломободга қилган ташрифида Покистон билан бундай ҳамкорлик қилиш тўғрисида ҳеч қандай шартнома имзоламади. Аммо у Эрон Покистонни табиий газ билан таъминлаëтгани муаммо эмаслигини билдирди. Бироқ шу пайтгача Вашингтон бу масалага кескин муносабат билдириб келаëтган эди.
XS
SM
MD
LG