Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:57

АҚШ-Эрон: Зиддият кучаймоқда.


Халқаро атом энергияси агентлиги 8 март, чоршанба куни Эроннинг ядровий дастури масаласини БМТ Хавфсизлик кенгашига тақдим этиш тўғрисида қарор қабул қилганидан сўнг бу мавзудаги мубоҳасалар янада қизиб кетди.

АҚШ Давлат котибининг Сиёсий масалалар бўйича муовини Николас Бернс Эрон Қўшма Штатлар манфаатларига "бевосита таҳдид" қилмоқда, деди.

Эрон Хавфсизлик хизматининг юқори даражали мулозими Жавод Воидий Эрон АҚШ ва унинг иттифоқчиларига "зиён-заҳмат етказиши мумкин", деди.

Томонлар ўртасидаги даҳанаки жангнинг авж олишига Халқаро атом энергияси агентлигининг Эрон ядровий дастури масаласини БМТ Хавфсизлик кенгашига тақдим этиш тўғрисида қабул қилган қарори сабаб бўлди. Чунки, Хавфсизлик кенгаши мазкур масалани кўриб чиқиши оқибати ўлароқ, Теҳронга нисбатан санкциялар қўлланиши мумкин.

Халқаро атом энергияси агентлиги раҳбари Муҳаммад ал-Барадей тайёрлаган ҳисоботда Эрон ўзининг ядровий дастури бўйича маълумотларни тақдим этишдан ҳамда уранни бойитиш бўйича қайта бошлаган фаолиятини тўхтатишдан бош тортгани таъкидланади.

АҚШ Намоёндалар палатасининг Халқаро муносабатлар қўмитасида 8 март куни қилган чиқиши чоғида АҚШ Давлат котибининг Сиёсий масалалар бўйича муовини Николас Бернс жумладан бундай деди:
”Эроннинг ядровий қурол яратишга ҳаракат қилаётгани равшан. Мен бу масалада Европа ва Яқин Шарққа ўтган йили 11 марта бориб келдим. Россия, Хитой, Ҳиндистон, Европа мамлакатлари вакиллари, юзлаб амалдорлар билан айнан шу масалада гаплашдим. Улардан биронтаси ҳам Эроннинг ядровий қурол яратиш устида ишлаётганига шубҳам бор, демади”.

Хавфсизлик кенгаши Эроннинг ядровий иддаоларини "ўта қизғин мунозара қилади", деб кутиб қоламиз, деди Николас Бернс. Кенгаш мазкур масала муҳокамасини 13 март, душанба куни бошлаши мумкин.

АҚШ Намоёндалар палатаси Халқаро муносабатлар қўмитасининг 8 март кунги мажлисида АҚШ Давлат котибининг Қуроллар назорати ва халқаро хавфсизлик масалалари бўйича муовини Роберт Жозеф ҳам қатнашди. Ўз чиқишида у қатъият билан Қўшма Штатлар Эроннинг ядровий қуролли бўлишига йўл қўймайди, деди.

“Президент (Жорж Буш) бу масалада музокара ларга ўрин йўқлигини ва Эроннинг ядровий қуролли бўлиши мумкин эмаслигини аниқ билдирган”, - деди Роберт Жозеф.

Айни пайтда БМТ Хавфсизлик кенгаши доимий аъзоларидан бири, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров мана бу фикрни билдирди:

“Биз бу бўҳроннинг ҳеч қандай ҳарбий ечими йўқ, деган фикрдамиз. Менимча, Буюк Британия ва Германия ҳам мана шундай фикрда. Бу мамлакатлар позициясини уларнинг ташқи ишлар вазирлари билдирди. Санкциялар бўҳрон ечимини топиш учун восита бўла олмайди. Буни яқин тарих ҳам кўрсатиб турибди”.

Сергей Лавровнинг бу гапларидан вето қўйиш ҳуқуқи бор Москванинг Теҳронга нисбатан жазо чоралари қўллаш масаласи кун тартибига чиққан тақдирда розилик бериб юбориши қийинроқ кўринади.

Лавровнинг фикрича, ХК Эроннинг ядровий дастури эшикларини Халқаро атом энергияси агентлиги учун ёпиб қўймайдиган қарор қабул қилиши лозим. Бундай қарор ядровий қуролларнинг дунё бўйлаб тарқалмаслик режимини сақлаш учун керак, деган фикрни билдирди Россия вакили.

Президент Маҳмуд Аҳмадийнажот 9 март куни қилган чиқишида Эронга қарши кўрилган ҳар қандай жазо чорасига яраша жавоб бўладики, ундан Ғарб Эрондан кўра кўпроқ зарар кўради, деди.
XS
SM
MD
LG