Линклар

Шошилинч хабар
06 октябр 2024, Тошкент вақти: 21:27

Журналист Беларус қамоғидан озод бўлди


Беларусда рухсат этилмаган намойишда иштирок этишда айбланаётган кишилар устидан суд жараёнлари бошланди. Бу кишилар мамлакатда ўтказилган президент сайлови натижалари бекор қилинишини талаб қилганди.

Бундай намойишлар Минскнинг бош майдонида бутун ўтган ҳафта давом этди. Аввалига ҳукумат кучлари ва норозилик билдираëтган мухолифат гуруҳлари ўртасида жиддий тўқнашув рўй бермади. Ҳукумат кучлари Минскдаги Октябрь майдонини халқа қилиб ўраб, кутиб турди.

Бу орада мухолифат етакчилари норозилик тадбирини ўтказиш керакми ëки ўтказмаслик борасида ягона фикрга келмади. Президентликка собиқ номзод Александр Милинкевич норозилик тадбирини ўтказиш, бошқа собиқ номзод Александр Казулин эса кучларни сақлаб туриш тарафдори бўлди.

Мухолифат ўртасидаги бу ихтилоф Беларуснинг ўзи хон, кўланкаси майдон раҳбари Александр Лукашенкога қўл келди. Норозилик тадбири куч билан бостирилди ва қатнашчилар ҳибсга олинди.

Расмий маълумотларда ҳибсга олинганлар сони 52 киши экани айтилади. Норасмий малумотларга кўра эса мингдан зиëд киши қамоққа олинган.

Сўнгги хабарларга кўра, Минскдаги норозилик намойишларини куч билан тарқатиш жараёнида ҳибсга олинган россиялик журналист Павел Шеремет озод қилинди.

“Бу Беларус ҳукуматининг мен билан шахсий ҳисоб-китобидир. Мен мухолифатчи эмас, журналистман. Ўғирлаб кетилган телеоператор Дмитрий Завадскийни қидираëтганим ҳам расмий Минск таъбига ўтирмаган кўринади. Хуллас, мени ушлашлари учун сабаб кўп”, - деди ҳибсдан озод бўлган журналист Павел Шеремет “Озодлик” мухбири билан суҳбатда.

27 март куни Минскда яна бир ўзига хос митинг бўлиб ўтди. Мазкур митинг қатнашчилари мамлакат раҳбари А.Лукашенкони Ғарб ва мамлакат ичидаги демократлардан ҳимоя қилди.

“Биз 19 март куни сайлаган президентимизни ҳимоя қиламиз. Биров четдан келиб бизга ўз шартларини қўйишини истамаймиз. Биз дўст мамлакатларнинг дўстона маслаҳатини қабул қиламиз, холос”, - дейди митингга А.Лукашенко портретини кўтариб чиққан талаба йигит.

Тадбирда қатнашган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ҳам Лукашенкони ташқи тажовузлардан ҳимоя қилиш учун кўксини қалқон қилажагини айтди.

Айни пайтда Беларусда ўтган шанба кунги норозилик юришида иштирок этган мухолифат вакиллари устидан суд жараёнлари бошланди. Судга тортилганлар орасида ўндан ортиқ журналист ҳам бор.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари маълумотларига, мухолифатнинг 500 дан ортиқ вакили судга тортилган. Улар орасида Беларус президентлига собиқ номзод Александр Казулин ҳам бор. А.Казулин тартибсизликлар ташкилотчилигида айбланмоқда. Бу айб ўз тасдиғини топса, мухолифат етакчиси олти йил муддатга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
XS
SM
MD
LG