Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:00

Исроилда парламент сайлови бўлиб ўтмоқда.


Сўров натижаларига кўра, сайловчиларнинг аксарияти собиқ Бош вазир Ариэл Шароннинг “Кадима”, яъни, “Тараққиёт” партиясига овоз беришни режаламоқда.

Январ ойида миясига қон қуйилган Шарон касалхонада ҳозиргача беҳуш ётибди. Кадима Фаластинга қарашли ерлардан Исроил кучларини олиб чиқиш ва икки давлат ҳудудини аниқ белгилашни исроилликларга ваъда қилиб келмоқда.

Исроилликлар 28 март куни эрта тонгдан бошлаб яҳудийлар миллий чолғу асбоблари навоси остида сайлов участкалари томон йўл олдилар:

Бош вазир Ариэл Шарон ўз вазифасини бажара олишга лаёқатсизлиги боис унинг вазифасини ўринбосари Эхуд Олмерт(суратда) бажараяпти. Айни пайтда, у Кадима партиясига ҳам раҳбарлик қилмоқда. Сайлов олди кампанияси давомида Олмерт Фаластин ҳудудларидан Исроил қўшинларини бир томонлама олиб чиқиш ишларини давом эттиришини билдирди. Иккита алоҳида давлат яратиш мақсадида Шарон ўтган йил сентябр ойида Ғазо секторидан Исроил қўшинларни олиб чиқиш ишларини тугатган эди.

Олмерт агар Кадима ҳокимият тепасига келса, Ғарбий соҳилдан ҳам Исроил қўшинларини олиб чиқиш, айни пайтда, яҳудийлар яшаётган йирик аҳоли пунктлари, жумладан Қуддус шаҳрининг шарқий қисмини ҳам Исроилга қўшиб олишга ваъда берган. Режага кўра, 2010 йилга қадар Исроил ва Фаластин давлати ҳудудларини хавфсизлик деворлари ажратиб туради.

Ўтказилган охирги сўров натижаларига кўра, Кадима партияси 120 ўринли Исроил парламенти, Кнессетдаги 34 ўринни эгалаши мумкин. Агар бу амалга ошса, Кадиманинг Исроил янги ҳукуматини тузиши анча осон кечади.

Аммо айрим кузатувчилар сайлов натижаларини олдиндан айтиш қийин, деган фикрда. Сайлов участкаларига бораётганлар орасида бошқа партияларни афзал кўрадиганлар ҳам бор. Қуддус шаҳрида овоз бериш учун кетаётган мана бу фуқаро Ройтер мухбирига ўз фикрини шундай баён қилди:

“Биз овоз берамиз. У ҳам мен билан бирга “Мафдал”, яъни Миллий диний партия учун овоз беришига ишонаман. Чунки биз яҳудий давлатини ҳимоя қилиш, унинг маориф тизими ғояларини давом этиш, мамлакатда яҳудий қадриятини мустаҳкамлаш учун ҳокимиятдагилар ишончли бўлиши керак, деб ўйлаймиз”.

Бошқа бир сайловчи ким учун овоз бериш ҳақида бир қарорга келмаганини айтади:

“Билмадим. Мен ҳокимият тепасига бошқалардан яхшироқ янги одамлар келишини хоҳлардим”.

Айни пайтда Фаластин президенти Маҳмуд Аббос исроиллик сайловчиларни бир томонлама чора кўриш эмас балки, тинчлик музокараларини қайта бошлаш йўлини танлашга чақирди:

“Биз исроиллик сайловчиларнинг тинчлик йўлини танлашларига, тинчлик тарафдорлари учун овоз беришларига умид қиламиз. Чунки тинчлик бўлмас экан, улар ёки биз учун келажак йўқ”.

Яқинда Фаластинда ўтказилган парламент сайловида ғолиб чиққан радикал “Ҳамас” гуруҳи вакили Мушир ал-Масрий 28 март куни Ғазода Ройтер ахборот агентлигига Исроилда ўтказилаётган сайловлар фаластинликлар учун аҳамиятга эга эмаслигини айтди:

“Фаластин халқи ва Ҳамас ҳаракати учун Исроилдаги сайловлар муҳим аҳамиятга эга эмас. Чунки улар Фаластин ерига босқинчилик, жиноят ва кулфат келтиришдан бошқа нарсани билмайди”.
XS
SM
MD
LG