Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:04

Экологияга оид хабарлар


АҚШнинг Теннесси штатида рўй берган торнадо – довул оқибатида 28 киши ҳалок бўлди. Теннесси штати фавқулодда ҳолатлар агентлиги вакили Курт Пиккерингнинг маълум қилишича, нобуд бўлганларнинг 16 нафари штатнинг шимоли-ғарбийда яшовчи аҳоли вакиллари бўлган. Табиий офат туфайли 17 киши жароҳатланган, бедарак йўқолганлар йўқ.

АҚШда сўнгги бор Индиана штати жанубида ноябрь ойида рўй берган довул оқибатида 23 одам нобуд бўлган эди.

*** *** ***

Индонезия ва АҚШ расмийлари Индонезияда ўрмонларнинг ноқонуний равишда кесилишига қарши кураш ҳақида келишувга эришиш учун музокаралар ўтказмоқда.

Маълумотларга кўра, Индонезия ўрмонларини, асосан, Хитой билан алоқаси бўлган ширкатлар кесмоқда.

Вашингтонда бўлиб ўтган биринчи давра сўзлашувлардан сўнг АҚШ Савдо вазирлиги расмийси Боб Портман ва Индонезия савдо вазири Мари Пангесту Осиё минтақасидаги энг йирик тропик ўрмонни сақлаб қолиш учун имкон қадар қисқа муддатда келишувга эришишга ҳаракат қилинаётганини билдирди.

*** *** ***

Пекин расмийлари Хитой дарёларини саноат корхоналари оқизган чиқиндилар ва заҳарли моддалардан тозалаш бўйича беш йилга мўлжалланган, қиймати бир миллиард 250 миллион доллар бўлган дастурни қабул қилди.

Сўнгги 30 йил давомида Хитой шиддат билан ривожланиб, мамлакат иқтисодиёти дунёдаги бешинчи йирик иқтисодиётга айланди. Иқтисодий тараққиёт туфайли аввал қашшоқликда ҳаёт кечирган хитойликлар турмуши яхшиланди. Аммо иқтисодий тараққиёт атроф-муҳитга катта зарар етказмоқда. Хитой Сув ресурслари вазирлиги маълумотига кўра, сув ўта ифлослангани сабабли мамлакатдаги бир минг 300 та катта ва кичик дарёдан 40 фоизининг суви ичишга ярамайди Ундан фақат саноат ёки қишлоқ хўжалик соҳасида фойдаланиш мумкин, холос.

Ўтган йил ноябрь ойида бир заводда рўй берган авария оқибатида Сунгари дарёсига 100 тонна заҳарли бензол оқиб кетган эди. Шу туфайли Харбин шаҳрининг тўрт миллион аҳолисига дарёдан ичимлик сув етказиб берилиши тўхтатилганди.

“Синхуа” ахборот агентлиги хабарига кўра, Хитойдаги энг узун Сариқ дарёнинг юқори қисмида сув сифатини яхшилаш учун 2010 йилгача беш миллиард юан маблағ сарфлаш мўлжалланмоқда.

*** *** ***

Сўнгги ҳафталар давомида олимлар глобал иқлим исиб бораётгани ёмон оқибатларга олиб келишини исботловчи далилларни қўлга киритди.

Олимлар фикрича, Ер атмосферасида тўпланиб, иссиқлик сақланиб қолишига сабаб бўлаётган ис ва метан гази миқдори ҳозир минг йиллар олдингига қараганда бир неча баробар кўп.

Шотландиядаги Атроф-муҳит тадқиқотлари институти ходими Жон Колл ҳам кўп йиллардан буён шу муаммо билан шуғулланиб келаётган олимлардан бири.

“Ҳозирда атмосферадаги ис гази миқдори 650 минг йил давомидаги энг юқори даражага етди. Биз иқлим ҳақида ҳеч ким башорат қила олмайдиган даврга етиб келдик”, – деди у.

Ҳозир Гренландия музликлари ўн йил аввалгига нисбатан икки баробар тез эримоқда. Олимларнинг таъкидлашича, агар Гренландия ва Арктика музликлари шу суръатда эришда давом этса, юз йил ичида уммон сатҳи бир неча метрга кўтарилиши мумкин. Ўз навбатида, бу ҳолат орол давлатлар ва дунёнинг денгиз соҳилларида жойлашган кўплаб шаҳарлари сув остида қолиб кетишига сабаб бўлади.

Олимлар иқлим ўзгаришига сабаб бўлаётган газлар миқдорини камайтириш бўйича зудлик билан чора кўрилмаса, бунинг салбий оқибатини яқин фурсатда тез-тез кузатиш мумкин бўлишини башорат қиляпти.

Ўтган ҳафта Янги Зелландияга сафар қилган Буюк Британия бош вазири Тони Блэр 2006 йил дунё иқлимини барқарорлаштириш бўйича келишувга эришиладиган йил бўлиши кераклигини таъкидлади. Блэр ўз мамлакати Киото протоколи талабини вақтида бажараётганини маълум қилди. У бу ҳаракатга дунёнинг йирик давлатлари қўшилмаса, иқлим ўзгаришининг олдини олиш йўлидаги уринишлар самара бермаслигини билдирди.

“Биз Киото талабларини ҳатто икки ҳисса ортиғи билан бажарамиз. Бироқ иқлим ўзгариши олдини олиш ҳаракатига Америка, Хитой ва Ҳиндистон каби давлатлар қўшилмас экан, бу уринишдан натижа чиқмайди”, - деди Т.Блэр.

Олимларнинг сўзларига кўра, глобал илиқлашув оқибатида дунёнинг турли минтақаларида табиий офатлар аввалгига қараганда тез-тез кузатилмоқда. Келаси йиллар давомида табиат инжиқликлари бундан ҳам кўп кузатилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG