Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:13

Туркманбоши Хитой билан биргаликда уйғурларга қарши курашади


7 апрель куни Туркманистон президенти Сапармурод Ниёзовнинг Хитойга олти кунлик ташрифи ниҳоясига етди. Ушбу ташриф давомида уйғур айирмачиларига қарши биргаликда курашишга қаратилган келишув ҳам имзоланди.

Мазкур шартнома “терроризмнинг ҳар қандай кўринишига қарши биргаликда курашиш тўғрисида” бўлиб, уйғур айирмачиларининг “Шарқий Туркистон ҳаракати” номли гуруҳига қарши биргаликда курашишни назарда тутади. Ҳужжатда терроризм, айирмачилик ва экстремизмнинг ҳар қандай кўринишини таг-томири билан йўқ қилиш учун икки давлат ҳамкорликда иш олиб бориши қайд этилади.

Шарқий Туркистон ҳаракати аъзолари Хитой асоратида бўлган Шарқий Туркистонда яшовчи 19 миллионлик уйғур халқи ўз мустақиллигини қўлга киритиши учун кураш олиб бормоқда.

Бош қароргоҳи Нюрнберг шаҳрида жойлашган Шарқий Туркистон ахборот марказининг Швециядаги вакили Дилшод Рашиднинг “Озодлик” радиосига айтишича, Пекин расмийлари Шарқий Туркистон ҳаракати вакилларини Марказий Осиёдан сиқиб чиқариш учун бор имкониятни ишга солмоқда.

“Хитой нафақат Қозоғистон ва Қирғизистон, балки Марказий Осиёнинг барча давлатлари бизга ёрдам бермаслигини хоҳлайди. Туркманистон мусулмон давлат ва уйғурлар каби туркий тилда сўзлашади. Хитой эса уйғурлар Марказий Осиёнинг барча мусулмон давлатларида эркин сиёсий фаолият юритишини тақиқлашни истайди”, - дейди Д.Рашид.

Лондондаги ҳарбий масалалар билан шуғулланувчи “Жейнс” тадқиқот марказининг Хитой бўйича мутахассиси Кристиан ЛеМирнинг фикрича, Хитой уйғур фаолларининг Марказий Осиёда ҳарбий тайёргарликдан ўтиши, ўз сафларига янги одамлар ёллаши ва ҳатто ҳарбий базага эга бўлишини хоҳламайди.

“Хитой, айниқса, совуқ уруш тугаганидан бери ўз ғарбий чегараларида Марказий Осиёнинг бирорта ҳам давлати уйғур айирмачиларига молиявий ёки бошқа кўринишда ёрдам бермаслигини таъминлашни асосий вазифа қилиб белгилаган”, - дейди британиялик таҳлилчи.

ЛеМирнинг таъкидлашича, Хитой ҳукуматининг Шарқий Туркистон ҳаракатини террорчи ташкилотлар сафига қўшиш йўлидаги уринишлари 2001 йил 11 сентябрь воқеаларидан кейин анча осонлашди. Нью-Йорк ва Вашингтонга ҳужум уюштирилгандан сўнг АҚШ мазкур гуруҳга тегишли банк ҳисобларини музлатиб қўйди.

Хитой ҳукумати кўп йиллар давомида мамлакатда рўй берган портлашлар учун ўз мустақиллиги учун сиёсий кураш олиб бораётган уйғур фаолларини айблади. Айни пайтда Хитой ҳукумати қўлга олинган уйғурларни аёвсиз қийноқларга солиб келаётганликда айбланди.

Шарқий Туркистон ахборот маркази вакили Дилшод Рашид уйғур фаолларининг зўравонликка алоқадор экани ҳақидаги иддаоларни рад этиб, улар урушни истамаслигини билдирди.

“Биз уйғурмиз. Биз туркий тилда сўзлашамиз. Хитойликлар маданий ва диний жиҳатдан уйғурлардан тубдан фарқ қилади. Биз улар билан бирга яшашни хоҳламаймиз. Бу худди бир-бири билан яшай олмайдиган кўнгилсиз эр-хотинга ўхшайди. Бундай вазиятда энг яхши йўл ажрашиш. Биз уйғурлар ўз келажагимизни ўзимиз белгилашни хоҳлаймиз. Бу ишни уруш йўли билан эмас, демократик жараёнлар орқали ҳал қилишни истаймиз”, - деди Д.Рашид.

Хитой ва Туркманистон ўртасида имзоланган шартнома озодлик учун сиёсий кураш олиб бораётган уйғурлар фаолиятига амалда жуда кам таъсир этиши мумкин. Дилшод Рашид Туркманистон визасини олиш қийин бўлгани учун бу мамлакатга жуда кам уйғур боришини, аксинча, жуда кўп туркман тижорат қилиш мақсадида Шинжондаги Урумчи шаҳрига келишини билдирди.

Д.Рашид сўзларига кўра, Хитой ҳукумати мамлакатдаги уйғур ташкилотлари туркманистонлик тижоратчилар орқали чет эллардан сиёсий видеолавҳалар олиб туришидан хавотирланмоқда. Хитой ва Туркманистон бир-бирини жуда яхши тушунади. Чунки ҳар икки давлат авторитар ва иккала давлат раҳбарлари инқилоблар рўй беришидан қўрқади.
XS
SM
MD
LG