Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:09

“Иегова гувоҳлари” нишонга тушди


Ўзбекистон Дин ишлари қўмитаси вакили Беҳзод Қодиров насронийларнинг икки диний оқимини мамлакатда ноқонуний миссионерлик фаолияти билан шуғулланганликда айблади.

Интернетдаги сайтлардан биридаги чиқишида Б.Қодировнинг айтишича, “Троица” черкови ҳамда “Иегова гувоҳлари” диний оқими фаоллари Ўзбекистонда ноқонуний равишда йиғинлар уюштирган ҳамда диний машғулотлар ўтказган. Протестант диний оқимига мансуб “Троица” черкови вакиллари ўзбек ва тожик тилларида ваъзхонлик тадбирлари уюштириб, маҳаллий мусулмонларни ўз динларига оғдиришга уринмоқда. “Иегова гувоҳлари” фаоллари ҳам ҳукумат рухсатисиз шундай тадбирлар ўтказмоқда.

Ўзбекистонда ҳар қандай диний фаолият ҳукуматнинг кучли назорати остида экани кўпчиликка сир эмас. Рухсат этилмаган диний тадбирлар Ўзбекистонда қонундан ташқари, деб эълон қилинган.

Диний эркинликлар ҳақида мақолалар бериб борувчи "Форум 18" нашри муҳаррири Феликс Корлининг таъкидлашича, бундай ҳол Ўзбекистонда диний эркинликлар бузилишининг яққол намунасидир.

“Жаноб Қодиров “Троица” черкови ва “Иегова гувоҳлари” фаолларини ноқонуний йиғинлар ўтказганликда айблаяпти. Унинг айтишича, бундай тадбирларни ўтказиш учун ҳукуматнинг махсус рухсатномасии керак. Бу жуда кулгили. Бу билан Ўзбекистон ўзи имзо чеккан халқаро қонунларни бузмоқда”, - дейди Феликс Корли.

У Ўзбекистонда ҳукумат диний ташкилотлардан рўйхатдан ўтишни талаб этса-да, рўйхатдан ўтишни жуда мураккаб қилиб қўйганини билдирди.

“Ҳар қандай дин Ўзбекистонда ҳукуматнинг кучли назорати остида. Айни пайтда диний ташкилотларнинг рўйхатдан ўтиши жуда мураккаб. Сўнгги рўйхатга олиш жараёнида Ўзбекистондаги масжидларнинг ярмидан кўпига рухсатнома берилмади”, - деди Ф.Корли.

Дин ишлари қўмитаси вакили Беҳзод Қодиров, шунингдек, сўнгги йилларда Ўзбекистонга диний адабиётлар оқими кучаяётгани борасида ҳам ташвиш билдирган. Унинг сўзларига кўра, ўтган ой мамлакатда протестантликни тарғиб этувчи 126 дона аудиокассета ҳамда бошқа турдаги видеоматериаллар қўлга туширилган.

Феликс Корлининг таъкидлашича, Ўзбекистонда мусулмон жамоаларининг барча имомлари ҳукумат томонидан тайинланади. “Иегово гувоҳлари” ёки протестант оқимидаги бошқа жамоалар мамлакат ичкарисида диний адабиётлар нашр эта олмайди. Четдан олиб келадиган адабиётлари эса мусодара қилинади.

Ўзбекистондаги диний эркинликлар вазияти кўп бора халқаро ташкилотлар танқидларига учраган. АҚШнинг Диний эркинликлар бўйича халқаро комиссияси бир неча йилдан бери, хусусан, 13 майдаги Андижон воқеаларидан кейин Давлат департаментидан Ўзбекистонни диний эркинликлар энг ёмон аҳволда бўлган мамлакатлар рўйхатига киритишни талаб қилиб келмоқда. Лекин бу талаб ва тавсиялар инобатга олингани йўқ.

“Туркманистон ва Ўзбекистон диний эркинликлар ҳамда инсон ҳуқуқлари борасида олган халқаро мажбуриятларни қўпол бузишда давом этмоқда. Жаҳон давлатлари ўз халқаро мажбуриятларини менсимаëтган ҳукуматлар қилмишига кўз юммаслиги керак. Ўзбекистондаги вазиятга тегишли муносабат билдириш халқаро ҳамжамиятнинг бурчидир”, - дейди “Форум 18” вакили Ф.Корли.
XS
SM
MD
LG