Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:45

Ўзбекистонда одам савдоси камайган


БМТнинг Наркотикларни назорат қилиш ва жиноятчиликнинг олдини олиш идораси дунё мамлакатларида одам савдосига оид “Одам савдоси – дунёдаги вазият” номли илк ҳисоботини эълон қилди.

Ҳужжатда дунёнинг 127 камбағал давлати фуқаролари 98 мамлакат ҳудудлари орқали ривожланган 137 давлатга яширинча олиб бориб сотилаётгани билдирилади.

“Очиқ маълумотларга асосланиб дунё бўйича қанча фуқаро одам савдоси қурбони бўлаётганини аниқ айтиш жуда қийин. Ҳар ҳолда миллионлаб одам бундай жиноят қурбони бўлмоқда. Айни пайтда одам савдосига алоқадор бўлмаган давлат номини айтиш ҳам жуда қийин”, - деди БМТ идораси Антонио Мариа Коста.

Ҳисоботга кўра, одам савдоси билан, асосан, уюшган халқаро жиноий гуруҳлар шуғулланмоқда. Одам савдосининг асосий қурбонлари аёллар ва болалар бўлиб қолаётир. Улар арзон ишчи кучи сифатида мажбурлаб ишлатишдан кўра кўпроқ фоҳишалик мақсадида фойдаланиш учун сотиляпти. Қул вазифасини бажараётганлар камбағал давлатлар фуқаролари бўлиб, улар турли йўллар орқали саноати ривожланган давлатларга олиб бориб пулланмоқда.

Антонио Мариа Костанинг сўзларига кўра, одам савдосига қарши самарали кураш олиб бориш учун дунё ҳукуматлари учта асосий муаммони ҳал қилиши керак. Биринчидан, арзон ишчи кучи ёки фоҳишалик мақсадларида фойдаланиш учун мамлакатга яширинча олиб келинадиган хориж фуқароларига бўлган талабни камайтириш. Иккинчидан, одам савдоси билан шуғулланаётган жиноий гуруҳларга қарши курашни кучайтириш. Учинчидан, одам савдосининг асосий қурбонлари бўлаётган аёллар ва болаларни яхшироқ ҳимоя қилиш чораларини кўриш.

Наркотикларни назорат қилиш ва жиноятчиликнинг олдини олиш идораси одам савдосига қарши кураш бўлими бошлиғи Крисна Конгаспонтант “Озодлик” мухбири билан суҳбатда одам савдоси Марказий Осиё давлатларида ҳам кучайиб бораётганини билдирди.

“Марказий Осиёда одам савдоси билан боғлиқ вазият катта муаммога айланиб бормоқда. Минтақада жойлашган давлатлар фуқаролари араб, Ғарбий Европа давлатлари, Россия ва бошқа мамлакатларга олиб кетилиб, арзон ишчи кучи сифатида эксплуатация қилинмоқда ёки фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурланмоқда. Шу боис, одам савдоси Марказий Осиё жумладан, Ўзбекистонда ҳам катта муаммога айланиб бораётир”, - деди К.Конгаспонтант.

К.Конгаспонтант фикрича, одам савдоси қурбонига айланган фуқароларни ўз ватанларига қайтариш ва шу муаммога қайта дуч келмасликлари учун уларга ёрдам кўрсатилиши лозим. Айни пайтда одам савдоси билан шуғулланган жиноий гуруҳларни жавобгарликка тортиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

К.Конгаспонтант одам савдосига қарши кураш борасида ўз ташкилоти Ўзбекистонда фаол иш юритаётганини таъкидлади.

“Ўзбекистонда ўз идорамизни очганмиз. Идорамиз Ўзбекистон ҳукумати билан бирга одам савдосига қарши кураш борасида зарурий чоралар кўрмоқда”, - деди у.

АҚШ Давлат департаментининг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволига бағишланган сўнгги ҳисоботида ҳам Ўзбекистон ҳукумати халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда кўрган чоралар республикада одам савдосининг камайишига олиб келгани қайд этилади.
XS
SM
MD
LG