Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:58

“Илҳом” Москвада


Басира Ўзбекистондаги “Илҳом” театри Абдулла Қодирийнинг “Калвак махсум кундалик дафтаридан” қиссаси асосида саҳналаштирган “Оқ лайлак, қора лайлак” саҳна асари москвалик томошабинлар эътиборига ҳавола қилди.

Бу спектакль илк бор 1998 йилда саҳна юзини кўрган эди. Унда Ўзбекистонда биринчи бор баччабозлик мавзуси саҳнага олиб чиқилган. Саҳна асарида бир ўсмирнинг иккинчисига бўлган туйғулари, ота ва фарзанд орасидаги тушунмовчиликлар, шариат қонунлари, Чор Россиясининг Туркистонга ўз қонунларини жорий эта бошлагани ёритилди.


Асардаги воқеалар 20-асрнинг бошларида Тошкентнинг эски ва янги шаҳар қисмларида бўлиб ўтади. Спектакль Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” ва “Бахтсиз куёв” асарларидаги айрим образлар билан тўлдирилган.

Москвадаги Мейерхольд марказида бўлиб ўтган спектакль намойишини томошабинлар илиқ кутиб олди.

“Мен бу театрнинг барча спектаклларини жуда яхши кўраман. Тошкентда бўлган пайтимда ҳам жуда яхши кўриб томоша қилардим. Яхшиямки, аввалги актёрлар бор ва улар ижод қиляпти. Кўпларининг маҳорати юксак”, - дейди томошабинлардан бири.

“Оқ лайлак, қора лайлак” асарида бош қаҳрамон ролини мана 7 йилдирки, Бернар Назармуҳаммедов ижро этиб келмоқда.

“Спектаклдаги кўпчилик йигитлар аввал ижро этмаган ролларни ўйнаяпти. Вақт ўтиши билан спектакль ҳам ўзича ўзгаради. Албатта, уни маромига етказиш қийин. Образга кириш кўп тер тўкиладиган машаққатдир. Ўйлайманки, аввалги ўйналган Маҳзум (спектаклнинг бош қаҳрамони) бугунга келиб айнан биз томошабинларга ҳавола этмоқчи бўлган Маҳзунга айланган”, - деди Б.Назармуҳаммедов.


Спектаклга кириш чиптаси нархи 600-700 рубль эди. Бу бошқа спектакллар нархидан икки баравар қиммат бўлишига қарамай, тумонат томошабин йиғилди. Томоша ниҳоясида актёрлар бир неча дақиқалик олқишларга сазовор бўлди.

“Илҳом” театри Москвада “Оқ лайлак, қора лайлак”дан ташқари яна икки спектаклини намойиш этди. “Илҳом”нинг кейинги юбилей гастроли Вена ва Лондонда бўлиб ўтади.
XS
SM
MD
LG