Линклар

Шошилинч хабар
13 июн 2024, Тошкент вақти: 00:41

Халқаро хабарлар

АҚШ президенти Жорж Буш Вашингтонда Германия Канцлери Ангела Меркел билан учрашди.

Буш ва Меркел Вашингтон ва Берлин расмийлари “Ҳамас” етакчилигидаги Фаластин ҳукумати билан ҳамкорлик қилмаслигини яна бир карра қайтарди. Икки давлат раҳбарларига кўра, токи “Ҳамас” зўравонликдан воз кечиш, Исроил давлатчилигини тан олиш ва тинчлик музокараларини давом эттириш ҳақидаги халқаро ҳамжамият талабларини бажармагунича АҚШ ва Германия Фаластин ҳукумати билан ҳамкорлик қилмайди.

Кун янгиликлари

АҚШда ИДга алоқадорликда гумонланган тожикистонликлар ушланди

АҚШда “Ислом давлати” террор гуруҳига алоқадорликда гумонланган 8 нафар тожикистонлик қўлга олинди. Улар АҚШ Иммиграция ва божхона назорати хизмати (ICE) томонидан “ФРБнинг террорчиликка қарши кураш бўйича тезкор гуруҳи билан тиғиз ҳамкорликда олиб борилган” амалиёт ортидан ушланган.

Бу ҳақда 11 июнь куни ABC News дохил АҚШдаги бир неча телеканал ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишди. Бу манбалар қайдича, қўлга олинганларнинг ҳаммаси АҚШга жанубий чегара орқали киришган ва дастлабки текширув чоғида ҳеч қандай хавф-хатар аниқланмагани учун уларга АҚШда қолишга рухсат берилган.

Хабарларга мувофиқ, қўлга олинганларнинг олти нафарида Россия фуқаролиги бор.

Бу фуқаролар расман иммиграция қонунчилигини бузгани туфайли ушланган, теракт содир этишга тайёргарликка оид айбловлар қўлга олинганларга ҳали билдирилганича йўқ. Маълумотларга кўра, ҳозирда АҚШ расмийлари бу фуқароларни мамлакатдан депортация қилиш бўйича ҳужжатларни тайёрламоқда.

New York Post нашри маълумотига кўра, гумонланувчилар Иммиграция ва божхона назорати хизматида тутиб турилибди. Хизмат мулозимларига кўра, улар ичида камида икки эркак чегарадан 2023 йил баҳорида ўтган, бири эса Байден маъмурияти томонидан яратилган АҚШда бошпана тақдим этилишига оид ариза топшириш учун мигрантларга қабулга ёзилиш имконини берувчи CBP One иловасидан фойдаланган.

Уч нафар хабардор манба NBCга ФРБ Марказий Европадан келаётган террор хавфидан хабардор бўлгани, шунинг учун ҳам ФРБ ходимлари умумий хатар тергови доирасида бу одамларни кузата бошлаганини маълум қилган.

Америка ҳукуматидаги юқори лавозимли мулозим сўзларига кўра, ФРБ агентлари бу одамлар ортидан бир неча ой кузатган: уларни тинглаб боришган ҳамда гўё “ҳибсга олинганлардан бирининг бомбалар ҳақида гапиргани”ни қайд этишган.

Озодлик тожик хизматининг ёзишича, сўнгги икки йил ичида тожикистонлик юзлаб мигрант Мексика орқали ноқонуний йўллар билан АҚШга кириб олган. Уларнинг кўпи АҚШдан бошпана сўрашган. АҚШ расмийлари яқинда мамлакатга кириш шартларини кучайтиришган.

Ўтган ҳафтада АҚШ президенти Жо Байден АҚШ ҳудудига ноқонуний кирган мигрантларга АҚШда бошпана берилишига оид илтимоснома киритилишини тақиқловчи фармонни имзолаган эди. Мазкур қонунга мувофиқ, Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Грузия, Молдова ва Россиядан келган ноқонуний мигрантларнинг ҳаммаси зудлик билан мамлакатдан бадарға қилиниши лозим.

Авваллари Иммиграция ва божхона назорати хизмати ходимлари мигрантларни мустақил равишда депортация қилиш ҳуқуқига эга эмасди, бу қарорни фақат судгина чиқариши мумкин эди. Бу буйруқ ҳозирча фақат Сан-Диего минтақасига дахлдордир. Мазкур минтақада бугунги кунда Мексика чегараси орқали ноқонуний мигрантларнинг АҚШга киришидаги энг муҳим йўллардан бири бўлиб ҳисобланади.

Суд Германиядаги виллаларнинг Усмоновга нисбат берилишини тақиқлади

Алишер Усмонов (архив сурати)
Алишер Усмонов (архив сурати)

Ҳамбургдаги суд Tegernseer Stimme газетасига USM Holdings ширкати асосчиси, асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов Бавариядаги вилла эгаси экани ҳақида маълумот тарқатишни тақиқлаш ҳақида қарор чиқарди. Мазкур қарор 10 июнь куни қабул қилинган.

Тақиқ бузилишига оид ҳар бир ҳолат учун суд нашрга 250 минг еврогача жарима солади. Бу жаримани тўлай олмаган тақдирда, жавобгар ҳар бир ҳуқуқбузарлик ҳолати учун олти ойгача маъмурий қамоққа тортилиши мумкин.

Усмоновнинг адвокатлари 2017 йилдаги мақола учун газетани судга беришган. Ўша мақолада тадбиркор “гап-сўзларга кўра” Тегернзе кўли яқинидаги “улкан виллага қарийб бир давомида эгалик қилган”и иддао қилинган.

2024 йил январида Ҳамбург суди Алишер Усмоновнинг Forbes журналига қарши киритган даъво аризасини қаноатлантирган. Нашр томонидан ёйинланган аноним экспертнинг тадбиркор Россия президенти Владимир Путиннинг “гумаштаси ўлароқ фаолият олиб борган”ига оид сўзлари ишончсиз деб топилган. Forbes журналининг Алишер Усмонов “Мюнхенда кўчмас мулкка эга”лигига оид иддаоси бўйича ҳам суд худди шундай қарор чиқарган. Суд нашрга ҳақиқатга тўғри келмайдиган иддаоларни ёйинлашни тақиқлаб, тақиқ бузилган тақдирда 250 минг еврогача жарима билан таҳдид қилган.

2023 йил августида Алишер Усмонов Австриянинг Kurier газетасига қарши судда ютиб чиққан эди. Даъво аризаси киритилишига нашрнинг тадбиркор ҳақида Владимир Путиннинг “севикли олигархи обрў-эътиборидан фойдаланмоқда” деб ёзгани сабаб бўлган эди.

Mtavari: Грузия Россия билан дипломатик алоқаларни тикламоқчи

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Грузия ва Россия расмийлари дипломатик муносабатларни тиклаш жараёнини бошлашди, Тбилиси Грузиянинг Москвадаги элчихонаси учун ходим йиғишни бошлаб юборди, дея хабар қилди мухолифатдаги Mtavari Arkhi телеканали ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда.

Телеканалнинг “Кремлга яқин” суҳбатдошлари “Грузия орзуси” ҳукмрон партияси бу каби режаларни рад этаётганини билдиришган, Грузия ҳукумати вакиллари эса элчихонанинг очилишига оид хабарни асоссиз, деб аташмоқда.

Ҳаммаси Россия билан тўғридан-тўғри авиаалоқанинг тиклангани, Грузия фуқаролари учун виза тартиби бекор қилингани ва [“хорижий агентлар тўғрисида”ги] Россия қонунининг қабул қилганига ўхшаш сценарий бўйича кетмоқда”, дея қайд этган телеканал.

Учинчи июнь куни Грузия парламенти спикери Шалва Папуашвили “Хорижий таъсир шаффофлиги тўғрисида”ги қонунни имзолаган. Эртаси куни ҳукмрон партия парламентга ЛГБТ ҳуқуқларини чекловчи қонун лойиҳалари пакетини киритган.

Грузия расмийларининг янги сиёсати ғарб сиёсатчилари томонидан фаол танқид қилиб келинган. АҚШ Грузиядаги айрим депутат ва мулозимларга қарши виза чеклови жорий қилган, Европа Иттифоқи эса Тбилиси ЕИга кириш учун номзод мақомини йўқотиши мумкинлигини истисно қилмаяпти.

Грузия Россия билан дипломатик алоқаларни 2008 йилда Россия-Грузия урушидан кейин узиб қўйган эди.

АҚШ Давлат котиби Блинкен: “ҲАМАС умидбахш белги берди”

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Тель-Авивда журналистлар саволларига жавоб бермоқда (архив сурати)
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Тель-Авивда журналистлар саволларига жавоб бермоқда (архив сурати)

Фаластиннинг ҲАМАС радикал гуруҳи (АҚШ, Буюк Британия ва Европа Иттифоқида террор ташкилотлари рўйхатига киритилган) БМТ томонидан таклиф этилган Ғазо секторида Исроил билан урушни тугатиш режасига розилик билдирди. Reuters агентлигининг ҲАМАС юқори лавозимли вакили баёнотига таянган ҳолда хабар қилишича, жангарилар БМТ томонидан таклиф этилган режа тафсилотларини муҳокама қилишга ҳозир.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен бу янгиликни “умид берувчи белги” деб атади.

Қатарлик ва мисрлик воситачилар БМТ дастаклаган тинчлик таклифига ҲАМАСдан расмий жавоб олганларини билдиришган. Воситачиларга кўра, ҲАМАС ва унинг “Исломий жиҳод” гуруҳидан бўлган фаластинлик иттифоқчилари 11 июндаги қўшма баёнотларида Ғазода урушни тугатишга оид “ижобий келишувларга эришиш учун тайёр” эканларини билдиришган.

Шунга қарамай, Исроил ҳам, ҲАМАС ҳам режа уларнинг “ўзаро тўқнаш келаётган” манфаатларига мос келишини қайд этган ҳолда, бу режа мақсадларига эришиш мумкинлиги юзасидан шубҳа билдирганлар.

“ҲАМАС баёнотида унинг позицияси Фаластин халқига қарши “сионистик агрессия”ни тугатиш ва Исроил кучларининг сектордан олиб чиқиб кетилишини таъминлаш, Ғазони қайта тиклаш ва жиддий асир алмашуви бўйича келишувга эришишга қаратилгани тасдиқлаган”, деган ҲАМАС расмий вакили Reuters агентлигига.

“Ғазони урушдан кейин тиклаш режалари бўйича муҳокама яна бир неча кун давом этади”, дея билдирган АҚШ Давлат котиби Блинкен Исроил раҳбарияти билан Тель-Авивда ўтказилган музокаралардан кейин.

11 июнь куни Блинкен Исроил расмийлари билан учрашган. Томонлар ҲАМАС гуруҳига қарата Исроил тарафидан берилаётган ҳаво ва ер зарбаларини тўхтатиш имкониятини муҳокама қилишган.

Bloomberg: ЕИ Россия ўрнига Озарбайжондан газ олмоқчи

Европа Киев билан Россия гази ўрнига Озарбайжон газини олган ҳолда Украина орқали газ транзитини сақлаб қолиш вариантларини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Россия газининг Украина ҳудудида орқали Европага транзит қилинишига оид шартнома муддати йил охирига бориб тугайди. Киев Россия “Газпром” концерни билан шартномани узайтиришни режалаётгани йўқ. Айни пайтда Украинанинг “Нафтогаз” ширкати вакили Алексей Чернишов Украинада транзит учун зарур бўлган бутун инфратузилма мавжудлиги ва бундан фойдаланиш кераклигини билдирган.

Озарбайжондан Европага газ етказиб беришдан фойда оладиган мамлакат Словакия бўлади, дея қайд этган Bloomberg. Агентлик бундай транзит имконияти борлиги ҳақида Словакия бош вазири Роберт Фицо май ойида Бокуга сафаридан кейин гапирганини эслатган. Фицога кўра, агар бу борада келишувга эришилса, Братислава Озарбайжондан газ импорт қилиши, унинг бир қисмини ўзи учун олиб қолиши, қолганини эса бошқа мамлакатларга йўллаши мумкин.

Агар транзит айирбошлаш шаклида ташкил этилса, Россия учун бундай режа фойдали бўлади. Бунақада Москва ўз ёнилғисини бошқа минтақаларга йўллайди.

Россия газини Озарбайжонникига алмаштиришга оид қарор тези билан йил охирига бориб қабул қилиниши мумкин. Келишувга жанг майдонидаги вазият ҳам таъсир кўрсатиши мумкинлиги айтилмоқда.

Россия газини Украина орқали Европага транзит қилиш бўйича беш йиллик шартнома 2019 йилда имзоланган. Унинг асосий харидори ҳалигача Словакия ва Австрия бўлиб қолмоқда.

Украина “Газпром” билан шартнома тузишдан қатъиян бош тортган. Бу орада Киев Европа ширкатлари Украина қувватларини ижага олиши мумкинлигини билдирган.

АҚШ чегарасидан ноқонуний ўтган ўзбекистонликлар зудлик билан депортация қилинади

АҚШнинг Калифорния штати чегара хизматига Ўзбекистон ва яна бешта постсовет мамлакатидан бўлган ноқонуний мигрантларни қўлга олинганидан кейин зудлик билан ватанига депортация қилиш мажбурияти юкланди. Бу ҳақда The New York Post нашри 10 июнь куни чегарачилар томонидан тақдим этилган ҳужжатга таянган ҳолда хабар қилди.

Меморандумга мувофиқ, Грузия, Молдова, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистондан бўлган балоғат ёшидаги мигрантлар зудлик билан АҚШдан бадарға қилинади”, дейилган хабарда.

Қолган барча ноқонуний мигрантларга уларнинг ишлар бўйича суд жараёни пайтида АҚШ ҳудудида юришга рухсат этилади.

Аввалроқ Озодлик АҚШ президенти Жо Байден Мексикадан қонуний асоссиз Қўшма Штатлар ҳудудига ўтаётган мигрантлар учун бошпана олиш тартиб-қоидаларини кучайтириш ҳақида топшириқ бергани, 4 июнь куни эълон қилинган ижроия фармони бундай кишиларнинг АҚШдан бадарға қилинишини осонлаштириши ҳақида хабар қилган эди.

Айни пайтда америкалик чегарачилар The New York Post нашрига янги тартиб ноқонуний мигрантларни чўчитмаётгани, муҳожирлар оқими аввалгидек кўп эканини айтишган. Нашр билан суҳбатлашган чегара хизмати агентлари янги фармон “ўта кеч” чиқарилганини билдиришган.

Ўтган йилнинг декабрь ойида Мексика-АҚШ чегарасидан ярим миллион ноқонуний ўтиш қайд этилган эди. Ўшанда АҚШга ноқонуний йўл олган 119 нафар ўзбекистонлик ватанига экстрадиция қилингани айтилган.

Шунингдек, аввалроқ 2023 йилнинг 1 октябридан 2024 йил май ойи охирига қадар АҚШнинг жанубий чегарасини 57 минг 200 нафар ноқонуний мигрант кесиб ўтиб, Калифорния штатига боришга ҳаракат қилгани, булардан 2 минг 900 нафари ўзбекистонликлар экани билдирилган эди.

Озодлик радиоси ўтган йил август ойининг охирларида “Ўзбекларнинг Америкага хатарли йўли” деб номланган суриштирувни эълон қилган эди. Унда ўзбекистонликларнинг АҚШга Лотин Америкаси давлатлари ва Мексика орқали ноқонуний ўтишга уриниши хусусида сўз борган.

Россияда Су-34 учоғи қулади, экипаж аъзолари ҳалок бўлди

Су-34 жанговар қирувчи учоғи (иллюстратив сурат)
Су-34 жанговар қирувчи учоғи (иллюстратив сурат)

Шимолий Осетия тоғларида Россия Ҳаво-космик кучларига тегишли Су-34 қирувчи учоғи қулаб тушди. Россия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, учоқ экипажи ҳалок бўлган.

Вазирлик қайдича, учоқ режадаги машқ парвозини бажариш чоғида қулаб тушган.

ТАСС агентлигининг республика тезкор хизматларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишича, Су-34 бортида икки учувчи бўлган.

Дастлабки маълумотга кўра, учоқ қулашига техник носозлик сабаб бўлган. “Учоқ кимсасиз жойга қулаган. Учоқ қулаган ерда вайронгарчилик йўқ”, дейилган хабарда авиаҳалокатга оид бошқа тафсилотлар келтирилган эмас.

Маҳаллий турғунлар аввалроқ “База” телеграм-каналига тоғда номаълум учувчи аппарат қулаганини кўрганлари маълум қилишган. Гувоҳларга кўра, у ярим тунга яқин Тоғли Дзуарикау қишлоғи ҳудудидаги қояга бориб урилган.

Худди шу русумдаги учоқ 2022 йил 17 октябрида Краснодар ўлкасининг Ейск шаҳридаги тўққиз қаватли уй ҳовлисига қулаган эди. Ўшанда унинг бортида тўла ўқ-дори билан парвоз қилаётгани айтилган. Авиаҳалокат натижасида ёнғин бошланиб, 15 киши ҳалок бўлган, 50 чоғли одам яраланган. Расмийлар ҳалокатга учоқ двигателига қуш кириб кетганини сабаб бўлганини билдиришган.

2023 йил 12 августида Калининград вилоятида Су-30 қирувчи учоғи қулаб тушган, экипаж аъзолари ҳалок бўлган.

Яна ўтган йилнинг 12 сентябрида Волгоград вилоятида Су-24 бомбардимончи учоғи қулаган. Бу ҳодисада бир ҳафта ўтиб эса Воронеж вилоятида Су-34 қирувчи учоғи қулаб тушган. Ҳар иккала учоқ экипажи омон қолишга муваффақ бўлган. Ўша пайтда ҳам Россия Мудофаа вазирлиги учоқлар ўқ-дорисиз машқ парвозларини амалга ошираётган бўлганини ва кимсасиз жойга қулаганини маълум қилган.

Жорий йилнинг 19 апрелида Ставрополь ўлкасида ракета ташувчи Ту-22М3 учоғи қулаган, экипажнинг бир аъзоси ҳалок бўлган.

Россия Мудофаа вазирлиги мазкур авиаҳалокатларнинг ҳаммасига “техник носозлик” сабаб бўлганини билдирган.

Apple ўзининг генератив сунъий интеллектини тақдим этди

АҚШнинг Apple корпорацияси Калифорнияда ўтказилган WWDC 2024 анжуманида ўзининг Apple Intelligence деб номланган генератив сунъий интеллект тизимини тақдим этди. Тақдимот трансляцияси ширкати сайтида ёйинланди.

ChatGPT муқобили бўлган генератив сунъий интеллект Apple ширкати ишлаб чиқарган компьютерлар ва мобил жиҳозлар, шу жумладан iPhone телефонлари ва Apple Vision Pro виртуал воқелик шлемлари операцион тизими ичига киритилади. Бундан ташқари, тил модели Siri овозли ёрдамчи дастурига ҳам киритилади. Тақдимотда қайд этилишича, Apple Intelligence матнлар тайёрлаб беришдан ташқари тасвирни ҳам генерация қила олади.

Ўзининг генератив тармоғидан ташқари Apple фойдаланувчиларга ChatGPT каби энг оммабоп сунъий интеллект иловасидан ҳам фойдаланиш имкониятини тақдим этади. Иловадан фойдаланиш бепул ва ундан ChatGPTни ишлаб чиқарган OpenAI ширкати сайтида рўйхатдан ўтмасдан ҳам фойдаланса бўлади.

Apple Intelligence тизимидан АҚШда iOS 18, iPadOS 18 ва macOS Sequoia операцион тизимлари фойдаланувчилари шу ёзнинг ўзида инглиз тилида фойдаланишни бошлашлари мумкин. Кейинроқ ширкат бу имкониятни бошқа мамлакатлар ва тиллар учун ҳам тақдим қилмоқчи. Тақдимотда ChatGPTдан фойдаланиш имконияти ҳам 2024 йил ичида берилиши қўшимча қилинган.

БМТ Хавфсизлик кенгаши АҚШнинг Ғазога оид режасини қўллади

БМТ Хавфсизлик кенгаши 10 июнь кунги овоз бериш чоғида Ғазо секторидаги вазиятни изга солиш бўйича АҚШ томонидан таклиф қилинган режани дастаклади. Мазкур режа Ғазода ўт очишни тўхтатиш, гаровдагиларни босқичма-босқич озод қилиш ва исроиллик ҳарбийларни сектордан олиб чиқиб кетишни ўз ичига олади.

Овоз бериш жараёнини Озодлик мухбири кузатиб борди. Ўзаро уруш олиб бораётган Исроил ва ҲАМАС радикал ҳаракати режани “зудлик билан” ва “қўшимча шартларсиз” қабул қилишга чақирилган резолюция учун Хавфсизлик кенгашининг 15 аъзосидан 14 таси ёқлади. Россия овоз беришдан тийилди.

Режа АҚШ президенти Жо Байден тарафидан май ойи охирида тақдим этилганди. Унинг илк босқичида ҲАМАС томонидан гаровга олинган шахсларни Исроил қамоқхоналарида сақланаётган фаластинликлар билан алмаштириш ва ўт очишни вақтинча тўхтатиш кўзда тутилган.

Иккинчи босқичда эса гаровдаларнинг тўлиқ озод этилиши, жанговар ҳаракатларнинг бутунлай тўхтатилиши ва Исроил қўшинларининг Ғазодан тамоман олиб чиқиб кетилиши кўзланган.

Якуний босқичда Исроил армияси амалиёти чоғида вайрон қилинган секторни тиклаш бўйича халқаро режани ҳозирлаш мўлжалланмоқда, АҚШ ва Европа Иттифоқида террор ташкилоти деб топилган ҲАМАС ҳаракати эса бу босқичда Исроилга гаровдалик пайтида ҳалок бўлганларнинг жасадини топшириши лозим бўлади.

Матнда БМТ Хавфсизлик кенгашининг мустақил Фаластин давлатини тузиш режасини дастаклаш бўйича собит ишончга эга эканлиги яна бир бор урғуланган.

“Шу муносабат билан Ғазо секторини Фаластин мухторияти бошқаруви остидаги Урдун дарёси ғарбий соҳили билан бирлаштириш муҳимлиги таъкидланади”, дея қўшимча қилинган резолюцияда.

Исроил аввалроқ таклиф қилинган шартларга принципда рози эканини маълум қилган. АҚШнинг БМТдаги доимий вакиласи Линда Томас-Гринфилд 10 июнь куни, агар режани бажаришга ҲАМАС ҳам рози бўлса, сектордаги жанговар ҳаракатлар бугуннинг ўзида тўхташи мумкинлигини қайд этган.

ҲАМАС вакиллари “резолюция қабул қилинганини олқишлашлари”ни билдирганлар, бироқ уни зудлик билан бажаришга киришишга тайёр эканларини юзасидан бирор изоҳ берган эмаслар.

Суриштирув: Украинадаги урушда 20 мингдан зиёд вагнерчи ҳалок бўлган

Евгений Пригожин "Вагнер" ХҲШ ёлланмалари кўмилган қабристон фонида (архив сурати)
Евгений Пригожин "Вагнер" ХҲШ ёлланмалари кўмилган қабристон фонида (архив сурати)

Украинадаги урушда “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкатининг 20 мингдан зиёд ёлланмаси ҳалок бўлган, уларнинг аксариятини ширкат томонидан урушга ёлланган маҳкумлар ташкил этади. Бу ҳақда “Медиазона” ва Би-би-си рус хизматининг биргаликда амалга оширилган суриштирувида айтилган.

Нашрлар урушда ҳалок бўлган ёлланмаларнинг яқинларига тўланган пулларга оид ҳужжатларни қўлга киритганларини иддао қилишмоқда. Уларда 2022 йил январидан 2023 йил августига қадар ўлган 20 мингдан зиёд киши ҳақида маълумотлар бор. Суриштирув муаллифлари ҳужжатлар ҳақиқийлигига амин эканларини таъкидлашмоқда.

Иддаога кўра, фақатгина ҳалок бўлганларнинг яқинларига товон тўлаш учун 108 минг рублга яқин маблағ сарфланган. Бу маблағ ичига ёлланмаларга тўланган маош ва яраланганларга тўланган товон пули кирмайди.

“Вагнер” ХҲШ асосчиси Евгений Пригожин ва унинг қўлида ишлаган ходимлар томонидан урушга, иддаога кўра, жами 48 мингдан кам бўлмаган маҳкум ёлланган, уларнинг кўпи қаттиқ режимли колониядан бўлган, яъни улар қотиллик дохил оғир жиноятлар учун судланган маҳкумлар бўлган. Биргина Бахмут яқинида улардан 17 минг чоғлиси ҳалок бўлган. Урушда иштирок этиш учун маҳкумлар президент Владимир Путин томонидан афв қилинган.

Донецк вилоятининг йирик шаҳарларидан бири бўлган Бахмут яқинидаги жанглар “Вагнер” ёлланмаларининг Украинадаги сўнгги йирик амалиёти бўлган. Шундан кўп ўтмай ХҲШ исёни содир бўлган, бунинг ортидан эса тузилма феълан тарқатиб юборилган. Пригожин 2023 йил августидаги авиаҳалокат чоғида ўлган, ҳалокатнинг сабаблари расман очиқланган эмас.

Журналистлар келтирган талафот рақамлари Пригожиннинг ўзи келтирган маълумотлар билан қарийб бир хил. У Бахмут яқинида 20 мингга яқин жангчиси ўлганини айтган, бироқ у ҳалок бўлганлар орасида маҳкумлар сонини камроқ кўрсатган эди. “Вагнер” ХҲШ энг кўп талафотни 2023 йил январида берган, айрим кунларда ҳалок бўлганлар сони 200 дан ошиб кетган эди.

Суриштирувда маҳкумларнинг қамоқхонадан ёлланиши, уларни ошиғич тайёргарликдан ўтказиш ва урушга йўллаш механизми батафсил баён қилинган. Қайси маҳкум қайси колониядан ёлланганини уларнинг шахсий жетонларидаги рақамлардан аниқласа бўлади. Журналистлар маҳкумлар ёлланган Калининграддан Магадангача бўлган 341 та колонияни аниқлашга муваффақ бўлишган. Маҳкумларни ёллаш иши 2022 йили Санкт-Петербургда бошланиб, Пригожин билан Мудофаа вазирлиги раҳбарияти ўртасидаги зиддият кучая бошлаган 2023 йил февралида якунига етган.

Ҳужжатлар билан тасдиқланган ёлланма маҳкумлар сони ҳам Пригожин айтган рақамларга яқин, у 50 минг маҳкум ҳақида айтган эди. Улардан 20 минги урушда ўлиб, 30 минги тирик қолган. Пригожин улардан 20 фоизга яқини ўлганини айтган эди.

Суриштирувда маҳкумлар ёлланган колонияларнинг интерактив харитаси ҳам бор, ҳар бир колониядан қанча ёлланма тирик қолгани ҳам ҳисоблаб чиқилган.

Ҳозирда қамоқхоналардан урушга маҳкум ёллаш ишини Россия Мудофаа вазирлиги давом эттирмоқда. Эндиликда маҳкумлар афв қилинмаяпти, балки шартнома муддати битганидан кейин муддатидан олдин озод қилинмоқда - бу шартномани эса уруш тугагунича бузиш мумкин эмас.

Эронда олти номзодга президент сайловида қатнашишга изн берилди

Сайловга номзодларни қўйиш қарорини қабул қиладиган Эрон конституцияси посбонлари кенгаши 28 июнь куни бўлиб ўтажак президент сайловида иштирок этиш учун олти нафар номзодни маъқуллади.

Кенгаш ўз номзодини кўрсатганларнинг кўпчилигини рўйхатга олишни рад этган. Хусусан, собиқ президент Маҳмуд Аҳмадийнажод ва парламент собиқ спикери Али Ларижоний номзод ўлароқ рўйхатга олинмаган. Шунингдек, бошқа қатор мўътадил номзодлар ва ислоҳот тарафдорлари ҳам сайловга қўйилмаган.

Эронда муддатидан илгари президент сайлови марҳум президент Иброҳим Раисийнинг 19 май куни автоҳалокат қурбони бўлгани ортидан ўтказилмоқда.

Сайловга қўйилган номзодлар орасида ядровий битимга оид музокараларда Эрон делегациясига раҳбарлик қилган Саид Жалилий бор. У Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Хоманаийга яқин ультраконсерваторлардан бири ўлароқ билинади. Сайловда севилган номзодлардан дейиш мумкин бўлганлар орасида яна икки муҳофазакор шахс бўлиб, улардан бири вице-президент Амир Ҳусайний Ҳожизода Ҳошимий, иккинчиси эса парламентнинг амалдаги спикери Муҳаммадбоқир Қолибофдир.

Депутат Масъуд Пезешкиан ислоҳотчилардан экани айтиладиган ягона номзоддир. Сайловда яна собиқ ички ишлар вазири Мустафо Пурмуҳаммадий ва Теҳрон мэри Алиризо Законий ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

Конституция посбонлари кенгаши олти ҳуқуқшунос ва олти руҳонийдан ташкил топган ҳамда у олий раҳбар иродаси ёювчиси бўлиб ҳисоблади. Эронда президент давлат раҳбари бўлиб ҳисобланмайди, у айниқса ташқи сиёсатда анчагина чекланган ваколат эгаси бўлмиш ижроия ҳокимияти раҳбаридир.

Жапаров 2010 йил воқеалари ҳақидаги мурожаат билан чиқди

Қирғизистон президенти Садир Жапаров
Қирғизистон президенти Садир Жапаров

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 2010 йил июнь фожиасига оид Хотира куни муносабати билан халққа мурожаат қилди. Мурожаатнома матни 10 июнь куни президент матбуот хизмати томонидан ёйинланди.

Кўп асрлик тарихга эга Қирғизистон халқи бу фожиадан бирдамлик чақириғи билан чиқишга муваффақ бўлди. Шунга қарамай, биз ҳеч қачон 2010 йилдаги бу фожеий воқеаларни унутмаслигимиз керак”, дейилган мурожаатда.

Жапаров расмийлар ҳам, халқ ҳам ёвуз ният етовида кетмаслиги лозимлигини қайд этган.

Шахсий манфаатларга учмаган ҳолда, биз Ватанимиз Қирғизистон эканини ва биздан бошқа ҳеч ким уни ҳимоя қилмаслигини англашимиз керак”, деган президент.

Айни пайтда, Жапаровга кўра, миллий, диний ва бошқа ижтимоий гуруҳлар мамлакат Конституцияси асосидаги ҳуқуқий ҳужжатларга бўйсуниб, қонун устуворлиги қарор топган тақдирдагина, давлатимизда аҳиллик, бирдамлик ва ривожланиш бўлади”, дейилган президент мурожаатномасида.

Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод вилоятларидаги миллатлараро тўқнашувлар 2010 йилнинг 10 июнида бошланиб, бир неча кун давом этган. Июнь воқеалари чоғида, расмий маълумотларга кўра, 446 киши ҳалок бўлган, 2 мингга яқин киши яраланган, 57 киши бедарак кетган. Маълумотларга кўра, бедаракларнинг 19 нафари шу кунгача топилган эмас.

Халқаро экспертлардан иборат мустақил комиссия бу низо “қирғиз ҳукуматнинг этномиллатчиликка асосланган сиёсати маҳсули экани” тўғрисида хулосага келган. Аммо Қирғизистон парламенти бу хулосадан норози бўлиб, халқаро комиссия раиси Киммо Килюненни мамлакатда “исталмаган шахс” сифатида эълон қилганди.

2010 йил июнь воқеалари бўйича шу пайтгача 545 киши жиноий жавобгарликка тортилган. Улардан 400 нафари ўзбек, 133 нафари қирғиз ва саккиз нафари бошқа миллат вакилларидир.

Қозоғистонда Россия сўровига кўра қирғизистонлик аёл ҳибсга олинди

Қирғиз-қозоқ чегарасидаги назорат-ўтиш масканларидан бири
Қирғиз-қозоқ чегарасидаги назорат-ўтиш масканларидан бири

Қозоғистондаги суд Россия сўровига кўра Қирғизистон фуқароси бўлган 29 ёшли Алина Горшенинани ҳибсга олган. Rusnews хабарига кўра, у суддаги таҳдид ёки зўравонликка оид жиноят иши бўйича қидирувда бўлган.

Горшенина Москва вилоят суди судьяси Елена Морозова ва прокурор Елена Колосковага таҳдид қилганликда айбланмоқда. 2021 йилнинг 18 январида - Алексей Навальний “Новичок” билан заҳарлангани ортидан Германияда даволаниб, Россияга қайтганининг эртасига Морозова чиқарган қарор асосида ҳибсга олинган эди. Колоскова ўша суд мажлисида иштирок этган.

Ҳибсга олинган аёлнинг онаси Лариса Горшенина ўз қизига 2023 йили Москва вилоятида судьяга ҳужум қилганлик айблови ҳам юкланаётганини иддао қилмоқда. Унинг айтишича, ўша куни Алина Горшенина Қирғизистондаги Иссиқкўл кўлида бўлган, Россияга эса сўнгги маротаба олти йил аввал борган.

Алина Горшенина Қирғизистон билан Қозоғистон чегарасида 1 июнь куни қўлга олинган. Унинг онаси Лариса “Новости Бишкека” нашрига қизи билан Олмаотага икки кун дам олиб келиш учун йўл олишганини айтган. Онага кўра, Қозоғистондаги суд Горшенинани Россияга экстрадиция қилиш ҳақида қарор чиқарган. Бу орада Rusnews уни 40 кунга ҳибсга олиш ҳақидагина қарор чиқарилгани, экстрадиция масаласи эса ҳамон муҳокама қилинаётгани ҳақида ёзган, дея қайд этди Озодликнинг “Сибирь.Реалии” лойиҳаси.

“Медиазона” нашрининг аниқлашича, Горшенинанинг исми ИИВ қидирув базасида йўқ деганда 2023 йил 27 декабрида пайдо бўлган. Rusnews маълумотига кўра, унга қарши иш ўша йилнинг июнь ойида қўзғатилган. Горшенинанинг онасига кўра, суд материалларидан келиб чиқилса, Россияда ҳокимият вакилларига таҳдидлар аниқланмаган рақамлардан келиб тушган. Терговчилар нима учун бу аниқланмаган рақамлар Алина Горшенинага дахлдор, дея қарорга келгани номаълум.

Алина Горшенина фарзандини ёлғиз ўзи тарбия қилаётган она бўлиб, унинг бош миясида ўсимта бор, буйрагида муаммолар ва гипертонияси ҳам бор, дея иддао қилмоқда унинг онаси.

“Чегара билмас мухбирлар” раҳбари Кристоф Делуар оламдан ўтди

Кристоф Делуар
Кристоф Делуар

Парижда “Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилоти раҳбари Кристоф Делуар 53 ёшида вафот этди. У ташкилотга 12 йил раҳбарлик қилган.

RSF сайтида қайд этилишича, унинг ўлимига саратон касаллиги сабаб бўлган.

“Кристоф Делуар информацион хаос шароитида барча қитъаларда журналистика эркинлиги, мустақиллиги ва плюрализмининг толмас ҳимоячиси эди. Журналистика унинг ҳаётий маслаги эди ва у собит ишонч билан курашди”, дейилган некрологда.

Делуар ўз фаолиятини Le Point ҳафталигида сиёсий журналист ва суриштирувчи ўлароқ бошлаган, “Фламмарион” нашриётида муҳаррир ва Журналистларни тайёрлаш марказида директор бўлиб ишлаган.

2012 йилда Делуар журналистларнинг цензурага қарши ва матбуот эркинлиги учун курашиш билан шуғулланувчи халқаро уюшмаси бўлмиш “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотига раҳбар бўлган. Унинг раҳбарлиги остида “Чегара билмас мухбирлар”нинг Лондондаги, Рио-де-Жанейродаги, Тайбэйдаги ва Дакардаги бўлимлари очилган.

Ҳозирда ташкилотнинг дунё бўйлаб 13 та офиси фаолият олиб боради, шунингдек, унинг 130 та мамлакатда вакиллари ва мухбирлари бор. Делуар даврида рақамли маконда демократия кафолатлари масалалари билан шуғулланувчи Ахборот ва демократия бўйича комиссия тузилган.

Сўнгги ойларда Делуар “Толибон” томонидан гаровда тутиб турилган асли афғонистонлик, айни пайтда Франция фуқароси бўлган Муртазо Беҳбудийни озод қилинишига катта ҳисса қўшган. У Биринчи канал ёйинида урушга қарши плакат билан кўриниш бергани учун қамалиши мумкин бўлган муҳаррир Марина Овсянникованинг Россиядан олиб чиқиб кетилишига кўмаклашган. У Wikileaks асосчиси Жулиан Ассанжни қамоқхонада бир неча бор зиёрат қилган.

Делуар ўз журналистик суриштирувлари натижасида чоп этилган бир неча китоб муаллифи ҳамдир.

Еврокомиссия: Украина ЕИга кириш бўйича шартларни бажарди

Европа комиссияси Европа Иттифоқи кенгашига Украина ва Молдованинг ЕИга кириши тўғрисидаги музокараларни бошлашни тавсия қилди. Бу ҳақда Еврокомиссия вакиласи Ана Пизонеро маълум қилди.

Биз ЕИга аъзо мамлакатларга Украина ва Молдова барча шартларни бажарди, деб ҳисоблашимиз ҳақида янгиланган маълумотни тақдим этдик. Энди қарор чиқариш аъзо мамлакатлар қўлида”, деди Пизонеро.

Украина бош вазири Денис Шмигаль мамлакатнинг евроинтеграция бўйича олға силжишини ижобий баҳолагани учун Еврокомиссияга ташаккур изҳор қилган.

"Еврокомиссия томонидан эълон қилинган хулосада Украина ЕИга қўшилиш бўйича тизимли саъй-ҳаракатларни давом эттираётгани ва ислоҳотга оид 4 та қўшимча қадамнинг барчасини бажаргани айтилган. Эндиликда биз европалик ҳамкорларимиздан кейинги қадамни – шу ойнинг ўзида Европа Иттифоқига аъзоликка оид музокараларнинг бошланишини кутиб қоламиз", деган у.

Аввалроқ Financial Times газетаси Еврокомиссия мазкур музокараларни 1 июль куни ЕИга раислик Венгрияга ўтишига қадар бошлашни тавсия қилиши ҳақида хабар қилган эди.

ЕИ аъзолари ичида Россияга энг хайрихоҳ давлат бўлиб ҳисобланган Венгрия Европа Иттифоқининг Украина бўйича аксар қарорларини блокировка қилиб келади. Будапешт, жумладан Украина ғарбида венгер миллий озчилиги ҳуқуқларига риоя қилиниши билан боғлиқ вазиятни рўкач қилган ҳолда, Киевнинг ЕИга киришига оид музокаралари бошланишига қарши чиқиши кутилмоқда.

Украинанинг ЕИга кириш тўғрисидаги аризаси 2022 йилнинг 28 февралида берилган, унга ЕИга киришга номзод мамлакат мақоми ариза берилганидан тўрт ой кейин – 23 июнь куни берилган.

Музокаралар бошланиши ўз-ўзидан Украинанинг ЕИга тез орада киришини англатмайди. Европа кенгаши раиси Шарль Мишель, “агар иккала томон уй вазифасини адо этса”, Украина 2030 йилга бориб ЕИга аъзо бўлиши мумкинлиги эҳтимолдан ҳоли эмаслигини айтган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG