Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:08

БМТ Бош котиби Кофи Аннан Вашингтонни Эрон билан тўғридан-тўғри музокара ўтказишга чақирди


БМТ Бош котиби Кофи Аннан Вашингтон расмийларини Эроннинг ядровий дастури масаласида юзага келган бўҳронни Теҳрон билан музокара ўтказиш орқали ҳал этишга чақирди. Аннан Эрон ва Европа Иттифоқи давлатлари ўртасидаги музокараларда Вашингтон вакиллари ҳам иштирок этмаётгани учун Теҳрон сўзлашувни тўхтатиб қўйган бўлиши мумкин, деган фикр билдирди.

БМТ Бош Котиби Кофи Аннан Вашингтон расмийларини Эроннинг ядровий дастури масаласида юзага келган бўҳронни ҳал қилиш учун Теҳрон билан тўғридан-тўғри музокара бошлашга чақирди.

АҚШ телевидениеси мухбири билан 4 май кунги суҳбатида Аннан, агар муаммо ҳал этилишидан манфаатдор бўлган барча томон музокарада қатнашса, менимча, масаланинг ҳаммани қониқтирадиган ечими топилади, деди.

БМТ раҳбари, Теҳроннинг Британия, Франция ва Германия вакиллари билан ўтказаётган музокаралар тўхтаб қолганига, бу жараёнда Вашингтон вакиллари ҳам қатнашмаётгани қисман сабаб бўлиши мумкин, деган фикр билдирди. Бироқ Кофи Аннаннинг чақириғига Вашингтон расмийлари томонидан дарҳол жавоб бўлмади.

Пайшанба куни АҚШнинг БМТдаги элчиси Жон Болтон Эронга нисбатан резолюция қабул қилиш борасида Хавфсизлик кенгашида ўтказилаётган музокаралар муваффақиятли бўлаётганини айтди. Болтон БМТ Хавфсизлик кенгашига доимий аъзо бўлган давлатлар расмийлари билан Нью Йоркда ўтказилган учрашувдан сўнг шундай баёнот берди.

“Йиғилишда ҳамма яна бир марта, биз Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишини хоҳламаймиз, деди. Бу масала хусусида айрим келишмоқчиликлар бор, албатта. Уларни ҳал қилиш устида биз сўзлашув олиб боряпмиз”, – деди АҚШнинг БМТдаги элчиси.

Болтон муваффақиятга эришиш уранни бойитиш ишларини тўхтатишни Эрондан талаб қилаётган Хавфсизлик кенгашининг доимий учта аъзоси, яъни, АҚШ, Британия ва Францияни Россия ва Хитой қўллаб-қувватлашига боғлиқ, деди.

Ҳозирча Россия ва Хитой Эронга санкция жорий этиш масаласида музокара бошлашга қарши бўлиб келмоқда. Икки давлат вакиллари Эроннинг ядровий дастури борасида юзага келган бўҳрон Теҳрон расмийлари билан фақат музокара йўли орқали ҳал этилиши кераклигини айтмоқда.

Айни пайтда, Эроннинг БМТдаги элчиси Жавод Зариф пайшанба куни Хавфсизлик кенгаши томонидан Эронга нисбатан янги резолюция қабул қилиш йўлидаги уринишлар тескари натижа беради, деди:

“Агар резолюция лойиҳаси Эронни кўндириш йўлидаги уриниш бўлса, у самара бермайди. Менимча, Эрон ошкоралик йўлидан боришга тайёр эканини аниқ ва равшан маълум қилган. Эрон масалани музокаралар йўли орқали ҳал этишга тайёр. Айни пайтда, биз Эрон тахдид ва пўписаларга ёнбосмаслигини ҳам очиқ-ойдин айтганмиз”, – дейди Эроннинг БМТдаги элчиси.

Бундан олдин Эроннинг ядровий дастури масаласини муҳокама қилиш учун АҚШ ва Эрон расмийлари ўртасида бевосита музокара ўтказишга уриниш бўлган эди. Лекин томонлар ўртасидаги муносабат кескинлашгани боис бу ҳаракатлар натижасиз тугади. Яқинда АҚШ расмийлари Эрон вакиллари билан Ироқ масаласида музокара олиб бориш истагини билдирди.

Аммо Теҳрон бу таклифга қизиқиш кўрсатмади. Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод 24 апрел куни қилган чиқишида, “Ҳозир Ироқда доимий ҳукумат тузилган. Бизнингча, энди бундай музокарага хожат йўқ” дея баёнот берди.
XS
SM
MD
LG