Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:53

Антуанга ким тажовуз қилди?


11 май куни Андижонда номаълум кишилар тажовузига учраган “Франс пресс” ахборот агентлиги мухбири Антуан Ламброскини билан рўй берган воқеа тафсилотлари ойдинлашмоқда.

А.Ламброскининг ҳамкасби, агентликнинг Москвадаги мухбири Себастян Смитнинг билдиришича, Антуанни фуқаролик кийимидаги бир гуруҳ киши зўрлаб машинага ўтқазган ва Андижон шаҳри ҳокимлиги биносига олиб келган. Бу ерда 15 тача одам унга видеокамера тутиб, сўроқ қилган. Бир соатлардан сўнг эса мухбир меҳмонхонага ташлаб кетилган. Агар икки соат ичида шаҳарни тарк этмаса, меҳмонхона вайрон этилиши билан таҳдид қилинган.

С.Смитнинг сўзларига кўра, кимдир Антуаннинг бошига тмушт туширган, номаълум кишиларнинг қолгани эса уни турткилаган. Бундан бошқа жисмоний тажовуз бўлмаган. Аммо агар Андижонда қолса, 13 май куни ўлдирилганларнинг ҳар бири учун Антуанга бир муштдан тушиши ҳақида огоҳлантирилган. Ҳозир Антуаннинг аҳволи яхши ва у Ўзбекистонда.

Ўзбекистон ҳукумати февраль ойида қабул қилган янги қоидага биноан Ташқи ишлар вазирлигидан аккредетациядан ўтмаган журналистнинг мамлакатда ишлаши жиноий ҳаракатга тенглаштирилди. Айни пайтда мазкур қоидада ҳукумат аккредетацияси бор журналист ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масъулиятини ҳам ўз зиммасига олган.

“Антуан Ўзбекистонда аккредетациядан ўтган журналист, агентликнинг Олмаотада жойлашган Марказий Осиë бюросида ишлайди. У Андижонга келиши билан ўзини Алишер Мўминов деб таништирган милиционер меҳмонхонага келиб, ҳужжатларини синчковлик билан текширган. Агар бирор муаммо туғилса, унга қўнғироқ қилиши мумкинлигини айтган. Аммо ҳозирча мухбиримизга бўлган тажовуз борасида расмийлардан эшитмадик”, - дейди С.Смит.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати вакили бу воқеа юзасидан ҳеч қандай расмий муносабат билдирмаслигини айтди ва бу ҳодисадан бехабарлигини қўшимча қилди.

Расмий Тошкент “Франс пресс” мухбири билан рўй берган воқеа юзасидан лом-мим демаëтган бир пайтда матбуот эркинлигини ҳимоя қилувчи халқаро гуруҳлар, хусусан, маркази Парижда жойлашган “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти тажовуз учун Ўзбекистон ҳукуматини айбламоқда.

“Бу мустақил хориж журналистига қилинган навбатдаги хунук ҳужумдир. Андижон воқеаларидан кейин хориж мухбирларининг Ўзбекистонда ишлаши имконсиз ҳолга айланди. Антуан Ламброскинига қилинган ҳужум учун биз мустақил журналистларнинг деярли барини ҳайдаб чиқарган Тошкент режимини маъсул ҳисоблаймиз. Бундай ҳужумдан мақсад хориж журналистларини мамлакатга қўймаслик, Андижон ва Ўзбекистондаги вазиятга оид ҳақиқатни бекитиш ва ҳукумат шаънига билдириладиган танқидлар овозини бўғишдир”, - деди ташкилотнинг Марказий Осиë бўйича мутассадиси Анабела Арки.

Унинг таъкидлашича, халқаро ҳамжамият Каримов ҳукуматига қарши “жиддий ҳаракат қилмас экан, бу режим ахборот йўлини мутлақ тўсишга муваффақ бўлади ва бўлмоқда ҳам. Матбуот эркинлигини буткул бўғиб ташлаган ҳозирги ҳукуматга нисбатан кескин санкциялар қўллашдан бошқа чора қолмади, афсуски”.

Сўнгсўз ўрнида. Андижонда нималар бўлаëтгани, одамларнинг қандай кайфият ва ўйда экани бугун ташқи дунë учун қанчалик қўл етмас бўлмасин, Андижонга қилган бор-йўғи беш соатлик сафари давомида Антуан Ламброскини бу манзарага кўз қирини ташлашга улгурган кўринади.

“Мен ўқдан жароҳатланган юзлаб яраларга малҳам қўйдим. Расмийлар 13 май куни 200 дан кам одам ўлгани ва уларнинг аксари террорчилар бўлганини айтмоқда. Аммо мен ўз кўзим билан юзлаб мурдаларни кўрдим, уларнинг бари оддий одамлар эди”, - дейди Антуан суҳбатлашишга улгурган андижонлик ҳамшира аëл.
XS
SM
MD
LG