Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:04

Майкл Ҳоул:“Андижон воқеаларини келтириб чиқарган омиллар ҳали ҳам мавжуд”


Қароргоҳи Брюсселда жойлашган Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи ҳисоботида жаҳон аҳли Ўзбекистонда чиқиши мумкин бўлган инқирозга тайёр туриши кераклиги таъкидланади.

“Озодлик” мухбири ушбу ташкилотнинг Марказий Осиё дастури раҳбари Майкл Ҳоул билан суҳбатлашди.

Мухбир: Жаноб Ҳоул, Ўзбекистондан келиши мумкин хавф нималарда кўринади?

М.Ҳоул: Андижон воқеаларидан бир йил ўтиб ҳам Ўзбекистонда вазият ўта хавфли, ўта нобарқарор бўлиб қолмоқда. Бунга бир қанча омилларни келтириш мумкин. Андижон воқеаларига сабаб бўлган сиёсий қатағонлар ҳамда ўзбек фуқаролари фаровон ҳаёт кечиришини таъминловчи иқтисодий эркинликларнинг йўқлиги ҳали ҳам сақланиб қолмоқда. Гарчи Ўзбекистонда бугунги кунда юзаки жимлик кузатилаётган эса-да, давомий репрессиялар фонида бу жимлик қачонгача давом этиши савол остида турибди.

Мухбир: Ўзбекистондаги репрессив ҳукумат минтақа барқарорлигига хавф солаётганини айтяпсиз. Бу хавфдан, юз бериши мумкин инқироздан ўзбекларни ва унинг қўшниларини қутқариб қолиш ва инқироз олдини олиш учун Ғарб давлатлари нима қилмоғи керак ва нима қила олади?

М.Ҳоул: Бу ерда Ғарб, қолаверса, халқаро ҳамжамият қилиши керак бўлгани гуманитар ёрдамлардир. Ўзбекистон эҳтимолий инқироз ёқасида турган экан, бунга зарурий гуманитар ёрдамлар билан жавоб қилиниши ва юз бериши мумкин бўлган инқирознинг минтақа бўйлаб тарқалиши олди олиниши керак. Биз ўтган йили Қирғизистон ўзбекистонликларнинг бу давлатга оқими билан боғлиқ муаммоларга дуч келганини кўрдик. Эндиликда эса бу давлат навбатдаги янада кўпроқ қочқинлар оқимига қанчалик тайёр, деган савол турибди.

Мухбир: Гуманитар ёрдамлар берилиши кераклигини айтяпсиз. Ўзбекистонда кўплаб ноҳукумат ташкилотлар, жумладан, БМТнинг қочқинлар идораси ёпилган, халқаро донорлар Ўзбекистондаги диктатор ҳукуматга жазо чоралари қўллаётган бир пайтда бундай гуманитар ёрдамлар қандай амалга оширилиши мумкин?

М.Ҳоул: Тўғри, Ўзбекистон ҳукумати чет эл ноҳукумат ташкилотларини ёпмоқда. БМТнинг Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги идорасини ҳам Тошкент ҳукумати мамлакатдан ҳайдади. Бу, албатта, ишимизни янада мураккаблаштирди ва янада қалтисроқ вазиятни яратди. Ҳукуматдан фойда кўрмаётган оддий ўзбекистонликларга ёрдам беришимизни қийинлаштирди. Лекин қилишимиз мумкин бўлгани - оддий ўзбекистонликлар билан ишлаш, уларга ёрдам берувчи дастурларни қўллаб-қувватлаш. Ҳозир Ўзбекистонга қўшни давлатларга бу борада қандай ёрдам кўрсатиш йўлларини ўйлаяпмиз. Бу давлатларга Ўзбекистон ҳукумати босимларини сусайтириш, уларнинг энергетика соҳасида Тошкентга қарамлигини камайтириш устида бош қотиряпмиз. Биласиз, Ўзбекистон қўшниларини, жумладан, ўзбек қочқинларига ёрдам берган Қирғизистонни ўзига бўйсундириш учун босим ўтказиб келмоқда. Ҳозир биз инфратузилма ва энергетика соҳаларида Қирғизистон мустақиллигини таъминлашга қаратилган лойиҳалар устида ишлашимиз ва шу йўл орқали уларни Ўзбекистонда рўй бериши мумкин бўлган инқироздан қутқариб қолишимиз мумкин.

Мухбир: Ўзбекистоннинг қўшнилари, жумладан, Қирғизистон шундай хавф борлигини идрок этадими?

М.Ҳоул: Менимча, Марказий Осиё давлатларида Ўзбекистондаги вазият борасида жуда катта хавотир мавжуд ва инқироз юз бериши мумкинлигини улар идрок этади. Ҳатто Ўзбекистон билан яхши муносабатларни хоҳлаётган Қирғизистон ва Тожикистон ҳам мавжуд хавфга қарши чора кўришни истайди, лекин Ўзбекистон буни ўзига таҳдид сифатида талқин этиши мумкин. Бу эса вазиятни мураккаблаштиради.

Мухбир: Ҳозир Ўзбекистон ҳукуматига қарши санкциялар ҳақида баёнотлар янграмоқда. Бу санкциялар у ердаги вазиятни яхшилаш борасида қанчалик самарали бўлиши мумкин?

М.Ҳоул: Ғарб ҳамжамияти Ўзбекистон билан нима қилмоқ керак, деган савол устида бош қотирмоқда. Европа Иттифоқи ўзбек расмийларига виза чекловлари ва қурол эмбаргоси қўллаб жуда тўғри иш қилди, лекин шундан нарига ўтмади. Менимча, ҳозир Европа, қолаверса, Ғарб учун исталмаган шахслар рўйхатига президент Ислом Каримовни ҳам қўшиш керак. Уларнинг Ўзбекистон ташқарисидаги банклардаги жамғармаларини музлатиш зарур. Бу жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистон ҳукуматининг хатти-ҳаракатини қабул қилмаслиги борасида аниқ муждани беради. Бундай чоралар Каримов ҳукумати хулқ-атворини яқин орада ўзгартирадими-йўқми, билмадим. Лекин биз бу билан Андижондаги каби воқеалар бошқа такрорланмаслиги лозимлиги ва бундай қирғин дунё ҳамжамияти учун қабул қилиб бўлмас ҳол эканини билдиришимиз керак.
XS
SM
MD
LG