Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:36

Санкциялар кучда қолди, аммо....


15 май куни Европа Кенгаши Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистонга нисбатан жорий этилган жазо чораларини ўз кучида қолдиришини маълум қилди.

Ўшанда ЕИ Ўзбекистон ҳукуматига қурол-яроқ эмбаргоси ва 12 мулозимига нисбатан виза чеклови эълон қилган эди.

Европа Кенгашининг 15 май куни эълон қилинган баёнотида Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистонда рўй бераётган воқеалардан хавотир билдирилади. Шунингдек, мазкур баёнот орқали Европа Кенгаши Ўзбекистон ҳукуматини Андижон воқеалари юзасидан мустақил текширув ўтказиш ҳамда бу борада ЕХҲТ ва БМТ каби ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишга чақиради.

“Мавжуд вазиятда Европа Кенгаши Ўзбекистонга нисбатан 2005 йил 3 октябрь куни жорий этилган санкцияларни кучда қолдиради ва уларни 2006 йилнинг октбярида, воқеалар ривожини эътиборга олган ҳолда, қайта кўриб чиқади”, - дейилади баёнотда.

Шунингдек, Европа Кенгаши ЕИ Ўзбекистон ҳукумати билан жиддий мулоқот ўрнатишга тайёрлигини билдирган.

“Европа Кенгаши Ўзбекистон ҳукуматининг ижобий мулоқот нечоғли аҳамиятли эканини тушуниши ҳамда инсон ҳуқуқлари, қонун устиворлиги ва фундаментал эркинликларни ҳурмат қилишга тайёрлигини намойиш этишига умид қилади”, - дейилади ҳужжатда.

ЕИнинг санкцияларни ўз кучида қолдириш қарорини ўзбекистонлик ҳукуматпараст сиёсатчилар мамлакатнинг ички ишларига аралашиш сифатида қараётган бўлса, халқаро сиёсатдонлар Европанинг кескин позициясига беписандлик қилган Ислом Каримов режими олдида чекиниш ўлароқ баҳоламоқда.

Андижон воқеаларидан бир йил ўтиб, бу тузилманинг Ўзбекистон ҳукумати билан мулоқотга тайёр экани нимани англатади? Вақт ўтган сайин Андижонда тинч намойишни қонли бостирилиши ҳам унут бўлади, деган фикрларнинг исботими бу?

Маркази Брюсселда жойлашган Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи вице-президенти Аллен Делетроз Европа Кенгашининг мазкур баёноти “инсон ҳуқуқлари борасидаги танқидларга беписандлик қилиб келаётган Ислом Каримов режими олдида чекиниш билан баробар” эканини таъкидлади.

“Европа Кенгашининг Ўзбекистон бўйича чиқарган хулосалари ҳафсаламни пир қилди. ЕИ ўтган йили Ўзбекистонга нисбатан чора қўллашда дадиллик билан ҳаракат қилди. Албатта, бу чораларнинг кучда қолиши кутилган ҳол эди. Лекин ўтган йил давомида Ўзбекистонда рўй берган воқеаларни инобатга олсак, бу чоралар янада кучайтирилиши лозим эди. Андижон воқеаларидан кейин Каримов режими 260 дан ортиқ кишини ҳуқуқий меъёрларга мутлақ мос келмаган судловлар орқали қамоққа тиқди. Судланганларнинг кўпчилиги террорчи эканига иқрор бўлиб кўрсатма берди, лекин бу кўрсатмалар Ўзбекистон қамоқхоналарида қандай қилиб олинишини жуда яхши биласиз. ЕИ виза чеклови жорий қилинган Ўзбекистон мулозимлари рўйхатини кенгайтиришига умид қилгандим. Бунинг ўрнига ташкилот Ўзбекистон ҳукумати билан мулоқот қилишга тайёрлигини билдиргани жуда ачинарли ҳолдир”, - деди А.Делетроз.

Унинг сўзларига кўра, ЕИнинг Ўзбекистонга нисбатан ўз қарашларини юмшатишига сабаб тузилманинг Германия каби аъзолари Тошкент режими билан апоқ-чапоқ бўлиб қолишдан манфаатдорлигидир.

“Иттифоқнинг Германия каби аъзолари Ўзбекистон билан яхши муносабатларни сақлаб қолишдан манфаатдор. Шунинг учун Берлин бу ғояни бошқа аъзо давлатларга ҳам ўтказади. Оқибатда Германия каби муҳим давлатларнинг раъйига қараб иш тутадиган кичикроқ аъзолар бунга рози бўлишдан бошқа чораси қолмайди. Албатта, Германия Ўзбекистон ҳукуматига мурувват кўрсатишни истаган ягона давлат эмас, лекин бугунги кунда Германия ЕИнинг йирик аъзолари орасида Тошкентга нисбатан юмшоқ сиёсат олиб боришни ёқлаб чиқаётган асосий давлатдир. Менимча, бу жуда шармандали ҳолдир ва буни ўзгартириш керак”, - дейди А.Делетроз.

Ўзбекистон сиёсатчилари ҳам Европа Кенгаши хулосаларига ўз муносабатини билдирмоқда. Олий Мажлис депутати, Ўзбекистон Халқ деморатик партияси аъзоси Улуғбек Вафоев “Интерфакс”га берган интервьюсида ЕИнинг Ўзбекистонга нисбатан жорий қилинган санкцияларни узайтирганини “мамлакат ички ишларига аралашув”, деб баҳолашини билдирди.

У.Вафоевнинг партиядоши, ХДПнинг Фарғона вилояти кенгаши раиси Муҳаммадали Исҳоқов, аввало, Андижон воқеаларининг ўзи “Ўзбекистоннинг ютуқларини кўра олмаган давлатлар аралашуви туфайли рўй бергани, ундан кейин ЕИ Тошкент ҳукуматига нисбатан санкциялар жорий қилгани ҳам навқирон Ўзбекистоннинг мустақиллигини кўра олмаган ғараз мақсадлардаги, узоқни кўзлаган кучларнинг изни” билан бўлаётганини таъкидлайди.

Аллен Делетроз эса Ўзбекистон ҳукумати Андижон воқеалари ҳақида илгари сураётган версия мутлақ асоссиз эканини яна бир бор такрорлади.

“Айни дамда Андижонда нима бўлганини ҳеч ким аниқ айтиб бера олмайди. Нуфузли ва ишончли халқаро ташкилотлар, жумладан, “Ҳьюман райтс уотч” қўлга киритган ва тақдим этган маълумотлардан фақатгина шуни хулоса қилиш мумкинки, Ўзбекистон ҳукумати қўшинлари Андижонда майдонга тўпланган халойиққа қарата ўт очган. Бу манзара тасвирланган расмларни ҳам кўрдик. Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати воқеалардан кейин зўр бериб барча изларин йўқотишга ҳаракат қилгани ҳам инкор этиб бўлмайдиган фактдир. Улар ҳақиқатнинг ошкор этилишини истамади”, - дейди А.Делетроз.

ХДП вакили Муҳаммадали Исҳоқов ЕИнинг 15 йилдан бери тетапоя бўлаётган Ўзбекистон билан мулоқотга тайёрлиги жуда яхши хабар эканини айтиб, бундай мулоқот, албатта, ўрнатилиши лозимлиги ва унинг сермаҳсул бўлишига ишонишини айтди.

А.Делетроз эса бир йилдан бери Ўзбекистонни мулоқотга чақиришдан чарчамаган ЕИ бундан кейин ҳам И.Каримов билан мулоқот қила олишига, қила олганда ҳам бу мулоқотнинг бирор натижа беришига ишонмаслигини таъкидлади.

“Каримов режими бирор мулоқотни қабул қилишига ишонмайман. Бундай мулоқот бўлганда ҳам унинг натижаси ўлароқ, қамоқхоналардаги қийноқларга чек қўйилиши ёки судлар адолатли бўлиб қолиши амри маҳолдир. Андижон воқеалари юзасидан мустақил текширувни мунтазам равишда инкор этиб келган Каримов режими билан мулоқот ўрнатиш, менимча, хомхаёлдир. Назаримда, бу режимга таъсир қилиши мумкин бўлган ягона мулоқот усули кучдир. Кучингизни ва иродангизни кўрсата олганингиздагина бу режим сиз билан мулоқот қилиши мумкин. Лекин унинг олдида чекинсангиз ва унга озгина ён бериб қўйсангиз, сиз билан ҳеч қачон мулоқот қилмайди”, - деди А.Делетроз.
XS
SM
MD
LG