Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:58

Вазир ўринбосари жиноятчилар қурбони бўлди


17 май куни Ингушетия пойтахти Назранда автомашинага ўрнатилган қурилма портлади. Кучли портлаш оқибатида республика ички ишлар вазири ўринбосари Жаброил Костоев, унинг икки қўриқчиси ва бир неча фуқаро ҳалок бўлди.

Ингушетия республикаси прокурори Маҳмудали Калиматовнинг маълум қилишича, йўл четига қўйилган машина Ж.Костоевнинг автомобили ўтиб кетаётган пайтда портлаган.

Ингушетия Ички ишлар вазирлиги матбуот вакили Назир Евлоевнинг “Рейтер” ахборот агентлиги мухбирига билдиришича, портлаш оқибатида Ж.Костоевнинг машинаси 25 метр масофага отилиб кетган. Тасодифан унга келиб урилган бошқа машинадаги тўрт киши ҳам ҳалок бўлган. Воқеада жами 7 киши ўлган.

Мутахассислар жиноятчилар фойдаланган “ВАЗ-21099” русумли автомобилга жойлаштирилган портловчи қурилма кучи 100 килограмм тротилга тенг эканини тахмин қилмоқда.

Россия ахборот агентликлари хабарига кўра, ҳозир Ингушетия прокуратураси Ж.Костоевга суиқасд уюштирилиши сабабларини ўрганмоқда. Аксарият мутахассислар бу суиқасд Ж.Костоевнинг иш фаолияти билан боғлиқлигини айтаётир. Зеро, Назир Евлоевнинг таъкидлашича, Ж.Костоев Назрань шаҳри ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаганида жиноятчилик ҳамда республикадаги ижобий ўзгаришларга қарши бўлган кучларга нисбатан шафқатсиз кураш олиб борган.

Прокуратура расмийларининг сўзларига кўра, бу жиноят юзасидан РФ Жиноят кодексининг терроризм, қотиллик, ноқонуний равишда қурол олиб юриш ва сақлаш, ҳуқуқ-тартибот органи ходими ҳаётига суиқасд уюштириш каби моддалари бўйича жиноят иши очилган. Россия Бош прокуратураси Ж.Костоевга уюштирилган суиқасд юзасидан олиб борилаётган қидирув-тергов ишларини ўз назоратига олган.
XS
SM
MD
LG