Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:31

Қозоқлар экологик маданият етишмаслигини тан олади


Қозоғистон иқтисодиёти борган сари ривожланаётганига қарамай, мамлакатдаги экологик муаммолар камаяётгани йўқ. Аксинча, ишга тушаётган йирик корхоналар мавжуд аҳволга салбий таъсир этмоқда.

Жанубий Қозоғистон вилояти аҳли ҳам экологик муаммолардан азият чекаётир.

“Ҳозир ишлаётган заводлар тозаликка риоя қилаётгани айтилса-да, улардан чиқаётган тутун атроф-муҳитга зарар етказмоқда. Қозоғистон мустақилликка эришгандан кейин мамлакатнинг иқтисоди маълум даражада яхши томонга ўзгарди. Ҳозир деярли ҳар бир оилада биттадан автомобиль бор. Баъзи хонадонларда 2-3 та машина борлиги ҳам маълум. Транспортнинг кўплиги ҳавонинг заҳарланишига сабаб бўляпти. Тўғри, халқимиз яхши яшаяпти. Лекин бизда ҳали маданият унчалик ривожланмаган. Махсус идишлар тургани ҳолда унинг ёнидан оқиб ўтадиган ариққа чиқиндиларни ташлаймиз. Катта-кичик ариқларнинг барчаси ифлосланган. Бу эса аҳоли орасида турли касалликлар кўпайишига олиб келяпти”, - дейди чимкентлик Мунаввара Қирғизбоева.

Жанубий Қозоғистонда экологик муаммолар кўплигини вилоят атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси Татьяна Ленникова ҳам тан олади.

“Вилоятда атроф-муҳит аҳволи доимий равишда ёмонлашиб бормоқда. Бу ҳудуддаги саноат чиқиндиларининг атроф-муҳитни ифлослантириши натижасида йиғилиб қолган муаммолар ёки атмосфера, гидросфера ҳамда тупроқ билан, шунингдек, ўсимлик ва ҳайвонат дунёси, ер ости ва ер усти сувининг сифатсизлиги билан боғлиқ жуда кўплаб муаммолар бор”, - деди Т.Ленникова.

Қозоғистон маорифи аълочиси Холида Тешабоеванинг таъкидлашича, аҳоли ўртасида экологик таълим-тарбия ва экологик маданият шаклланмас экан, бундай муаммолар барҳам топиши қийин.

”Бизда экологик маданият этишмайди. Камчиликларимиз жуда кўп. Ариқ сувларининг ифлосланиши... Бозорларга борсангиз, йиғлагингиз келади. Табиатга нисбатан жуда қўпол муносабат шаклланган. Биз бу нарсаларга лоқайд қараб турсак, келажагимизни йўқотишимиз мумкин”, - деди Х.Тешабоева.

Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш соҳаси мутасаддиларининг билдиришича, айни пайтда мамлакат жамоатчилиги томонидан муҳокама этилаётган “Экология кодекси” қабул қилингач, кўплаб муаммолар ўз ечимини топиши мумкин.
XS
SM
MD
LG