Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:25

“Амнисти интернешнл”нинг йиллик ҳисоботида


“Амнисти интернешнл” ташкилоти дунëда инсон ҳуқуқлари вазиятига оид йиллик ҳисоботида Ироқдаги вазият, Дарфур бўҳрони, Россиядаги ирқчилик, Гуантанамодаги маҳбуслар тақдири, МДҲ ва хусусан, Андижон воқеалари ҳамда Ўзбекистон ҳукуматининг ўзгача фикрловчиларга нисбатан репрессиясига тўхталади.

Унда Россияда ирқчилик кучайгани, Беларус ва Озарбойжон ҳукумати сиëсий мухолифат ва сиëсатшуносларни таъқиб қилаётгани, “рангли инқилоб”ни бошидан кечирган Украина ва Грузияда эса инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятда ижобий ўзгаришлар кузатилгани таъкидланади.

Ҳужжатда халқаро норозиликларга қарамай, АҚШнинг Гуантанамодаги ҳарбий базаси маҳбусларга тўлалигича қолаётгани, уларнинг на суди бўлгани, на қўйиб юборилгани билдирилади.

Ҳисоботда Ироқда мазҳаблараро тўқнашувлар авж олиб бораëтгани, Колумбия, Чеченистон, Афғонистон, Эрон, Ўзбекистон ва Шимолий Кореяда қийноққа солиш ҳоллари янада кучайганига алоҳида эътибор қаратилади.

“Аксилтеррор уруши эски усулдаги репрессияга йўл очиб берди”, - дейди “Амнисти интернешнл” бош котиби Ирене Кан.

Ҳисоботда ёзилишича, Андижондаги хунрезликлардан сўнг Марказий Осиëнинг айрим республикалари ушбу ҳодисага билвосита ëки бевосита алоқадор бўлиб қолди. Масалан, Қирғизистон ўзбекистонлик қочқинларнинг вақтинчалик бошпанасига айланди, уларнинг Европадан қўним топишида муҳим рол ўйнади. Қозоғистон расмийлари эса аксинча ўз ҳудудида бўлган ўзбекистонлик ўзгача фикрловчиларни Тошкент ихтиëрига топширди.

“Амнисти интернешнл” матбуот котиби Жудит Аренаснинг “Озодлик”ка билдиришича, жаҳон ҳамжамиятининг Андижон қирғинига нисбатан етарлича бўлмаган реакцияси ҳам Марказий Осиëда инсон ҳуқуқлари вазиятининг ëмонлашувига сабабдир.

“Менимча, энг катта муаммо Ғарбнинг Андижон воқеалари билан боғлиқ вазиятга жуда кам ва кеч аралашганидадир. Кўп йиллар мобайнида Ўзбекистон Ғарбнинг аксилтеррор урушидаги иттифоқчиси ҳисобланиб келинган эди. 11 сентябрь воқеаларидан сал ўтиб, Тошкент АҚШ ҳарбий базасини Ўзбекистон ҳудудига жойлаштириш ҳақида стратегик қарор қабул қилганидан сўнг Ғарб, хусусан, Вашингтоннинг мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятга кўз юмиб келганига гувоҳ бўлган эдик”, -деди Ж.Аренас.

“Амнисти интернешнл”нинг ёзишича, Тожикистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият Ўзбекистондагига ўхшаш. Бу мамлакатда ҳам ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг ўзгача фикрловчиларни таъқиб қилиши мавжуд. Аксар ҳолатда рисоладагидек текширув ишлари ўтказилмайди ва жиноятчилар жазосиз қолади.

“Амнисти интернешнл” ўз ҳисоботида Тожикистондаги 2005 йилги парламент сайлови ва ўтган йилнинг декабрида Қозоғистонда бўлиб ўтган президент сайловининг халқаро талабларга жавоб бермаганини ҳам алоҳида таъкидлайди.

Икки мамлакатда ҳам мухолифат вакиллари, мустақил журналистларга таҳдид қилингани ва уларнинг ҳукумат таъқибига учрагани ëзилади ҳисоботда.

Ташкилот йиллик ҳисоботида 2005 йилда Россияда ирқий муаммолар билан боғлиқ 365 та ҳодиса юз бергани ва 28 киши унинг қурбонига айланганини қайд этади.

“Биз Кремлнинг мамлакатдаги ноҳукумат ташкилотлар фаолиятини чекловчи қонунлар қабул қилгани, ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларни таъқиб этганига гувоҳ бўлдик. Биз, шунингдек, Россия ҳукуматининг Чеченистонда инсон ҳуқуқларини поймол қилинаëтганини мутлақ инкор этаëтганини кўриб турибмиз”, - дейди ташкилот бош котиби Ирене Хан.

“Амнисти интернешнл” матбуот котиби Жудит Аренас эса Россия ҳукумати фаолиятида ижобий ўзгаришлар ҳам борлиги айтади. У Владимир Путиннинг яқинда ўзининг йиллик мурожаатида мамлакатда ирқчилик ҳаракатлари авж олиб бораëтганини тан олганини бунга мисол тариқасида келтирди.

Бироқ, Ж.Аренаснинг сўзларига кўра, Россия қудратли мамлакат сифатида бошқаларга ўрнак бўлиш учун кўп ишларни амалга ошириши керак.

Афғонистондаги нотинч вазият минтақадаги асосий муаммодан бири бўлиб қолмоқда. Ж.Аренаснинг айтишича, сўнгги пайтларда Ҳомид Карзай ҳукумати халқаро жамоатчилик кўмагидан манфаатдор бўлиб келаëтган бўлса-да, мамлакатдаги вазият қалтислигича қолмоқда.

“Афғонистондаги вазият беқарорлигича қолмоқда. Ҳукумат ва халқаро жамоатчилик халқ хавфсизлигини таъминлай олмаяпти. Мамлакат бир неча қисмга бўлинган. Аëлларнинг ҳаëти катта хавф остида бўлган ҳудудлар ҳамон мавжуд. Жамоат хавфсизлигининг етарлича таъминланмаëтгани ва қонуннинг йўқлиги бу каби муаммолар давом этиб келишига сабаб бўлмоқда”, - дейди Ж.Аренас.
XS
SM
MD
LG