Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:03

Қозоғистонлик ўзбек қизлари ўқитувчиликни афзал билади


Куни-кеча сўнгги қўнғироқни ўтказиб, мустақил ҳаёт остонасига қадам қўйиш арафасида турган қозоғистонлик мактаб ўқувчиларининг жуда кўпчилиги келажакда қандай касбни танлашини аниқлаб бўлган.

Жанубий Қозоғистондаги Қорабулоқ қишлоғидаги мактабни бу йил 135 ўқувчи битиради. Уларнинг асосий қисми ўқитувчи бўлиш орзусида.

“Тенгдошларимизнинг ярми ўқитувчилик касбини эгалламоқчи. Қишлоқ шароитида бу касб, айниқса, қизлар учун жуда қулай”, - дейди ўқувчилар.

Битирувчи Фахриддин Йўлдошев эса юрист бўлиш ниятида. Чунки унинг етти тоғасидан ҳаммаси айнан шу касбни эгаллаган.

Қишлоқ ёшларидан фарқли равишда уларнинг шаҳарлик тенгдошлари қизиқишлари ўзгача.

“Мактабни битиргач, Остона шаҳридаги Халқлар дўстлиги университетига ўқишга кирмоқчиман. Дипломат бўлиш ниятим бор. Келажакда хорижда, аниқроғи, Лондонда ишлашни орзу қиламан”, - дейди Чимкентдаги Ойбек номидаги мактаб битирувчиси Айтулла Азимов.

Жанубий Қозоғистонда 150 га яқин ўзбек мактаби бор. Бу мактабларда 90 мингга яқин ўзбек боласи таълим олади. Бу йил мактабларни юзлаб ўзбеклар битиради. Олий ўқув юртларига киришга астойдил тайёргарлик кўраётган ўзбек йигит-қизлари олдидаги асосий муаммо тест синовларининг фақат қозоқ ёки рус тилида бўлишидир.

Чимкент шаҳридаги Улуғбек номидаги ўзбек мактаби битирувчиси Шуҳрат Рўзматов келажакда физик бўлиш ниятида. Шуҳратнинг айтишича, қанчалик тайёрланмасин, тест синовларининг қозоқ ёки рус тилида бўлиши у каби ўзбек қўувчилари учун барибир қийинчилик туғдиради.

”Албатта, қийин бўлса-да, ҳаракат қилишга тўғри келади. Масалан, физика, математика, биология, кимё фанларида терминлар кўп. Уларнинг қозоқча ёки русчада қандай айтилишини ёдлашимизга тўғри келади. Бу биз учун қўшимча қийинчилик”, - дейди Шуҳрат.

Кўпчилик ўзбек ёшлари қозоқ ёки рус тилини яхши билмаслиги оқибатида олий ўқув бртларига кира олмаяпти. Туркистонлик Санжар ҳам қозоқчани билмаслиги сабабли талаба бўлиш бахтидан бенасиблигини айтади.

”Қозоқчани яхши билмайман. Қозоқча тест саволларининг ҳеч нарсасига тушунмаганман. Оқибатда ўқишга кира олмадим”, - деди Санжар.

Институтга киришдаги қийинчиликлар, шунингдек, ўқишни битиргач, ўз соҳаси бўйича иш топиш муаммоси сабабли кўпчилик битирувчилар ҳунар эгаллашни маъқул топмоқда.

Болалар психологи Мунаввара Қирғизбоеванинг таъкидлашича, кейинги йилларда ёшлар ўртасида ўқишга қизиқиш сусайган.

”Апрель ойида мактаб битирувчилари ўртасида келажакда қайси касбни эгалламоқчи экани бўйича психологик тест ўтказдик. Ўқувчиларнинг 30 фоизи келажакда бирор касб бўйича ўқимоқчи эканини билдирди. 50 фоизи ҳунар эгаламоқчи. 20 фоизи ота-онаси нима деса, шуни қилишини айтди. Бундан беш йиллар аввал юз фоиз ўқувчи институтга киришни хоҳлар эди”, - дейди М.Қирғизбоева.

Қорабулоқдаги мактаб директори Абдураҳмон Нишонбоев ўтган йилги 132 битирувчининг 38 нафари таҳсилни олий ўқув юртида давом эттираётгани, ўқишга кирган қизларнинг барчаси ўқитувчилик касбини танлаганини маълум қилди.

“Қишлоғимизда шаҳардаги каби заводлар, турли фирмалар йўқ. Шунинг учун ўқувчиларимизнинг асосий қисми ўқитувчилик ёки тиббиёт соҳасини танлайди. Кўпчилик ота-онасига бозор ёки деҳқончиликда ёрдам бермоқда. Бизда бекорчи ёшлар йўқ. Барчаси иш билан банд”, - дейди директор.

Қорабулоқдаги мактабни ўтган йили битирган қизларнинг кўпчилиги аллақачон турмуш қуриб кетди. Чунки қозоғистонлик ўзбеклар орасида қизларини эрта эрга бериш урфга кирган.
XS
SM
MD
LG