Линклар

Шошилинч хабар
17 июн 2024, Тошкент вақти: 15:20

Халқаро хабарлар

Қозоғистон пойтахти Остонадаги энг баланд бинода юз берган ёнғин туфайли кўплаб одам хавфсиз жойга кўчирилди.

32 қаватли бу бинода мамлакатнинг бир нечта вазирликлари жойлашган. Айни пайтда ёнғин сабаблари ўрганилмоқда.

Кун янгиликлари

Россия: Америкалик журналист иши ёпиқ судда кўрилади

Эван Гершковични уйига қайтариш чақириғи билан Нью-Йоркда илинган билборд, 2024 йил марти
Эван Гершковични уйига қайтариш чақириғи билан Нью-Йоркда илинган билборд, 2024 йил марти

АҚШда чиқадиган The Wall Street Journal нашри журналисти Эван Гершкович иши ёпиқ тартибда кўриб чиқилади. Бу ҳақда Свердловск вилоят суди сайтида маълум қилинган.

Суднинг илк мажлиси 26 июнга белгиланган. 2023 йил март ойидан буён Москвадаги “Лефортово” тергов ҳибсхонасида тутиб турилган Гершковичга жосуслик айблови билдирилган.

Тергов тахминига кўра, журналист АҚШ Марказий разведка бошқармаси топшириғига кўра ҳарбий техника ишлаб чиқарадиган ва таъмирланадиган “Уралвагонзавод” ҳақида маълумот йиғиб юрган. Тергов бу маълумот давлат сирига дахлдорлигини иддао қилмоқда.

Россияда фақатгина журналистик фаолият билан шуғулланганини урғулаган Гершкович ўзига қўйилаётган айбловларни тан олмаяпти. Ўз ходимига қўйилаётган айбловни The Wall Street Journal ҳам рад этмоқда. Таҳририят Гершкович устидан бўлажак судни “уйдирилган жараён” деб атаб, журналист фақат касбий фаолияти учун таъқиб қилинаётганига амин эканини билдирган.

АҚШ расмийлари, инсон ҳуқуқлари ва журналистларни ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи халқаро ташкилотлар бир неча бор Москвани америкалик журналистни озод қилишга чақиришган. АҚШ Давлат департаменти Гершковичга “асоссиз қўлга олинган” мақомини берган.

Аввилроқ Россия ва АҚШ сиёсий доираларига яқин бир неча манба Гершкович Қўшма Штатлар қамоқхоналарида ўтирган россияликлардан кимгадир алмаштириш учун тутиб турилган бўлиши мумкинлигини айтишган. 2023 йил декабрида АҚШ расмийлари журналистни озод қилиш бўйича таклиф Россия томонидан рад этилганини маълум қилишган.

Петербург бозорларидаги рейдларда 49 мигрант тутиб кетилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги улгуржи бозорларда полиция рейдлар ўтказиб, миграцион қонунчиликни бузган 49 нафар муҳожирни қўлга олган. Бу ҳақда Россия ИИВнинг Петербург шаҳри ва Ленинград вилояти бўйича бошқармаси маълумот тарқатди.

Рейдлар София кўчаси, Непокорённие шоҳкўчаси ва Петро-Славянка посёлкасидаги бозорларда бўлиб ўтган. Полициячилар 350 дан зиёд мигрантнинг ҳужжатини текширишиб, улардан 49 нафарини бўлимга олиб кетишган. Мигрантлар РФ Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодексининг 18.8-моддаси 3-қисми (“Хорижлик фуқаролар томонидан РФга кириш қоидалари ёки бўлиш тартибининг бузилиши”) бўйича жавобгарликка тортилганлар.

Шунингдек, Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат инспекцияси ходимлари томонидан хорижликлар бошқарувидаги 242 та автомобиль текширилган, улардан йўл ҳаракати қоидаларини бузган 6 нафар ҳайдовчи маъмурий жавобгарликка тортилган.

ИИБ маълумотига кўра, текширувлар 11 июнь куни Марказий Осиё мамлакатларидан бўлган 20 яшар икки фуқаро 26 ёшли мигрантни ўғирлаб, калтаклаб, телефони ва шахсий ашёларини олиб қўйиб, банк картасидан 55 минг рублни ечиб олгани ортидан ўтказилган. Ҳодиса юзасидан талончилик моддаси бўйича жиноят иши очилган, гумонланувчилар қўлга олинган.

Полиция хабарномасида айтилишича, мигрантлар кўп тўпланадиган ва зич яшайдиган жойларда криминал ҳолатлар кузатилаётганига жавобан полиция бу ерларда эндиликда доимий равишда текширувлар ўтказиб туради.

Би-би-си рус хизмати аввалроқ хорижлик фуқаролар томонидан Россияга кириш қоидаларининг бузилишига оид текширувлар “Крокус Сити Холл”даги теракт ортидан кўпайганига эътибор қаратган. Мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган адвокат полиция мигрантлар орасида паспорт текшириш ишларини кучайтирганини маълум қилган.

Полиция кўчадан қарийб барча мигрантлар, айниқса Тожикистон паспортига эга бўлганларни йиғиштириб кетяпти. Уларнинг ҳаммаси бўлимга олиб бориб, текширувдан ўтказиляпти, кейин эса уларнинг ярми қўйиб юбориляпти”, дея иддао қилган у.

ЦАХАЛ: Ғазога ёрдам етказилиши учун танаффус берилади

Ғазода вайронгарликлардан бири акс этган лавҳа (архив сурати)
Ғазода вайронгарликлардан бири акс этган лавҳа (архив сурати)

Исроил армияси (ЦАХАЛ) тинч аҳолига етказилаётган ёрдам кўламини кенгайтириш учун Ғазо секторидаги жанговар ҳаракатларда гуманитар танаффуслар берилишини маълум қилди.

Жанговар ҳаракатларда танаффуслар “Керем-Шалом” назорат-ўтказиш масканидан Салоҳиддин шоссесига олиб чиқувчи, кейин эса сектор шимолига йўналувчи йўл бўйлаб соат 08:00 дан 19:00 гача давом этади.

Исроил армияси телеграм-каналида тарқатилган маълумотда гуманитар танаффус ҳақидаги қарор БМТ ва халқаро ташкилотлар билан қўшимча муҳокамалардан кейин қабул қилингани айтилган.

Айни пайтда исроиллик ҳарбийлар сектор жанубидаги Рафаҳ шаҳри жойлашган ҳудудда амалиёт давом эттирилишини айтишмоқда. 15 июнь куни Исроил армияси сезиларли даражада талафот кўрган – бронетранспортёр портлаши натижасида саккиз нафар ҳарбий ҳалок бўлган.

Жорий йилнинг 10 июнь куни БМТ Хавфсизлик кенгаши Ғазода ўт очишни босқичма-босқич тўхтатиш ҳақидаги АҚШ резолюциясини қабул қилган. Режада ҲАМАС гуруҳи (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб топилган) томонидан ўтган йилнинг 7 октябрида гаровга олинганларни озод қилиш, Исроил қўшинларини сектор ҳудудидан босқичма-босқич олиб чиқиб кетиш ва урушдан кейин халқаро назорат остида Ғазони қайта тиклаш кабилар кўзда тутилган.

Швейцария саммит якунларини Россия билан муҳокама қилмоқчи

Швейцария ТИВ раҳбари Игнацио Кассис (архив сурати)
Швейцария ТИВ раҳбари Игнацио Кассис (архив сурати)

Швейцария 15-16 июнь кунлари Украинадаги тинчликка оид халқаро конференция ва унинг якунларини саммитда иштирок этмаган Россия, Хитой ва бошқа мамлакатлар билан муҳокама қилишни истар эди. Бу ҳақда Швейцария ташқи ишлар вазири Игнацио Кассис тинчлик саммити якунларига бағишланган матбуот анжуманида билдирди.

Москвада элчихонамиз фаолият кўрсатмоқда ва ҳар икки ҳафтада биз ташқи ишлар вазири билан гаплашамиз, шундай экан, биз Россия билан конференция натижаларини муҳокама қилиш ниятимиз бор”, деган Кассис. Тинчлик саммитини уюштирган Швейцария вакиллари Украинада тинчликка эришиш учун урушаётган томонларнинг барчаси, демакки, Россия ҳам саммитда иштирок этиши лозимлигини бир неча бор таъкидлашган. Бироқ Москвага саммитда иштирок этиш таклифи йўлланмаган, бунга илк босқичда Украина қарши бўлган.

Швейцария ТИВ раҳбари конференция натижаларини унда иштирок этишдан бош тортган мамлакатлар, биринчи навбатда Хитой билан “тафсилотли муҳокама қилиш” режаланганини ҳам айтган. Кассисга кўра, тинчликка эришиш йўлларига оид турли ғоялар бўлиши мумкин ва илгарилашнинг умумий йўлини излаш учун бу ғояларни бирлаштириш зарур.

Сўнгги маълумотларга кўра, айни пайтгача тинчлик саммитини конференцияда иштирок этган 91 мамлакатдан 78 таси дастаклаган. Улар орасида АҚШ, ЕИга аъзо барча мамлакатлар, Япония, Австралия, Сербия, Грузия, Молдова, Туркия, Африка ва Лотин Америкасининг қатор мамлакатлари бор. Швейцариядаги саммитда тамсил этилган Ҳиндистон, Бразилия ва ЖАР каби йирик мамлакатлар аввало тинчлик ташаббуслари муҳокамасида Россия ҳам иштирок этиши зарурлигини айтиб, коммюникени имзолашдан бош тортишган.

Аввалроқ Москва вакиллари саммит уюштиргани учун Швейцарияни танқид қилишиб, таклиф қилинган тақдирларида ҳам унда иштирок этмаган бўлишларини билдиришган. Конференция бошланишидан бир кун олдин Россия президенти Владимир Путин тинчлик музокаралари бошланиши учун Украинадан ўз ҳудудларининг бир қисмидан воз кечиши кўзда тутилган ўз шартларини очиқлаган эди. Киев ва Ғарб буни тинчлик таклифи эмас, балки таслим бўлиш (капитуляция) талаби деб атаган.

Якуний коммюникеда Россия қўшинларининг Украина ҳудудидан олиб чиқиб кетилиши тўғрисида бевосита чақириқ йўқ, бироқ унда Украина дохил ҳар қандай давлатнинг халқаро тан олинган чегараларда ҳудудий яхлитлиги ва мустақиллигини ҳурмат қилиш зарурлиги айтилган. Бундан ташқари, унда Запорожье АЭСини Украина назорати остига қайтариш, “ҳаммани ҳаммага” схемаси бўйича асир алмашиш ҳамда Россияга олиб чиқиб кетилган болалар ва ноқонуний олиб чиқиб кетилган шахсларни Украина қайтариш лозимлиги билдирилган. Ҳужжат тинчликка эришиш барча томонлар ўртасидаги мулоқотни талаб қилишига оид қайд билан якунланган.

Қирғизистон: “Кампиробод иши” бўйича айбланганларнинг барчаси оқланди

"Кампиробод иши" бўйича судланувчиларнинг тарафдорлари Бишкекнинг Биринчи май туман суди биноси олдида, 2024 йил 13 июни
"Кампиробод иши" бўйича судланувчиларнинг тарафдорлари Бишкекнинг Биринчи май туман суди биноси олдида, 2024 йил 13 июни

Бишкекнинг Биринчи май туман суди 14 май куни “Кампиробод иши” бўйича айбланаётганларнинг барчасига нисбатан оқлов ҳукмини чиқарди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати мухбири суд залидан хабар қилди.

Суд айбланувчилар хатти-ҳаракатида жиноят унсурини топмаган ва уларнинг барчасини уйдан чиқмаслик ҳақидаги тилхат асосида озод қилган.

Суд мажлиси ёпиқ тартибда ўтказилган ва ОАВ вакиллари суд залига қўйилмаган, ҳукм ўқилаётган пайтда судланувчиларнинг яқинлари ҳам суд залидан чиқариб юборилган - улар ҳукм эълон қилиб бўлингунига қадар йўлакда кутиб турганлар.

Ишни кўриб чиққан суд коллегиясига судья Марат Сидиқов раислик қилган. Суд оқлов ҳукмини чиқаргунига қадар Amnesty International (AI) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Қирғизистон расмийларига айбланувчиларни озод қилиш ва улар зиммасидаги барча айбловларни олиб ташлаш чақириғи билан чиққан эди.

Бундан ташқари, AI “инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ўз мажбуриятларини бажаришлари учун Қирғизистон расмийларига босим ўтказиш” чақириғи билан халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилганди.

Кампиробод сув омбори ерларининг Ўзбекистонга бериб юборилишига норозилик билдирган қатор фаол, сиёсатчи ва ҳуқуқбонлар 2022 йил октябрида қўлга олинган эди. Мазкур иш бўйича жами 27 киши ушланган. ИИВ уларга “оммавий тартибсизликларга тайёргарлик кўрганлик” моддаси бўйича айблов эълон қилган. Бироқ айрим фигурантларга “ҳокимиятни куч билан эгаллаб олиш”га ҳозирлик кўрганлик айблови ҳам қўйилган.

Орадан бир неча ой ўтиб, суд айбланувчиларнинг бир қисмини озод қилиб, уй қамоғига чиқарган. Бироқ Равшан Жеенбеков, Азимбек Бекназаров, Жениш Мўлдўқматов, Айданбек Ақматов, Марат Баязов, Айбек Бузурманқулов, Ильгиз Шаменов ва Темир Махмудовлар ҳали ҳам тергов ҳибсхонасида қолаётган эди.

Шунингдек, аввалроқ Ўрўзайим Нурматова ва Талантбек Эшалиев иши алоҳида кўрилиши айтилган. Шу билан бирга, сиёсатчилар Кенешбек Дуйшебаев, Бектур Асанов ва Кубаничбек Қадиров ишлари ҳам уларнинг соғлиғи билан боғлиқ ҳолда алоҳида кўриб чиқиладиган бўлган.

Путин Украинадаги урушни тугатиш бўйича ўз шартларини очиқлади

Владимир Путин
Владимир Путин

Украина ўз қўшинларини Донецк, Луганск, Запорожье ва Херсон вилоятларидан ўз қўшинларини тўлиқ олиб чиқиб кетиб, НАТОга аъзо бўлишдан воз кечиши билан Россия ўт очишни тўхтатиб, тинчлик музокараларига киришишга тайёр бўлади. Бу баёнот Россия президент Владимир Путин томонидан Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти билан 14 июнь куни ўтказилган учрашувда берилди.

Путинга кўра, уруш тўхташи учун аннексия қилинган Қрим Россияники деб тан олиниши, Украина нейтрал ва ядросиз мақомда бўлиши, Россияга нисбатан киритилган халқаро санкциялар бекор қилишини лозим.

Бу шартлар қабул қилинган тақдирда, Путиннинг айтишича, Россия ўт очишни “зудлик билан” тўхтатади. Буни айтар экан, Путин Россия “яна бир конкрет, том маънода тинчлик таклифи”ни ўртага ташлаётганини иддао қилди.

Агар Киев ва Ғарб пойтахтларида бу таклифдан бош тортишса, бу уларнинг иши, қон тўкилиши давом этиши учун уларнинг сиёсий ва ахлоқий масъулиятидир”, дея қўшимча қилган Путин.

Россия президентининг бу баёноти Швейцарияда тинчлик саммити очилиши арафасида янгради. Мазкур саммитда Украина томонидан таклиф этилган тинчлик формуласи муҳокама қилинади. Унда Россия қўшинларини Украинанинг 1991 йилдаги чегараларидан ташқарига олиб чиқиб кетиш кўзда тутилган.

Байден фаолиятини ёритувчи журналистлар унга исталган саволни беришга ҳақли эканларини эслатишди

Зеленский (ч) ва Байден (ў) Савеллетридаги қўшма матбуот анжуманида, 2024 йил 13 июни
Зеленский (ч) ва Байден (ў) Савеллетридаги қўшма матбуот анжуманида, 2024 йил 13 июни

Оқ уй мухбирлари ассоциацияси (ОУМА) президент маъмурияти ва Байденнинг ўзи уларга қандай савол берилишини танлай олмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда Deadline нашри хабар қилди. Мазкур баёнот Жо Байденнинг Италиядаги матбуот анжуманидаги сўзлари ортидан берилди.

Жорий йилнинг 13 июнида “G7” саммитида АҚШ президенти Жо Байден ва Украина президенти Владимир Зеленскийнинг матбуот анжуманида бўлиб ўтган. Bloomberg агентлиги журналисти Байденга АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб топилган ҲАМАС гуруҳи ҳақида савол берган.

“Болалар, сизлардан озроқ ўйин қоидаларига риоя қилишларингизни истардик. Мен Украинадаги аянчли вазият ҳақида гаплашиш учун бу ердаман, сиз эса мендан бошқа нарса ҳақида сўраяпсиз”, деган Байден.

Бу саволдан олдин АҚШ президентидан қамалиб кетиши мумкин бўлган Хантер ҳақида сўралган эди. Ҳар ҳолда, Байден журналистлар томонидан берилган саволларга жавоб берган.

Оқ уй мухбирлари ассоциацияси Байден матбуот анжуманларида саволлар мавзуси бўйича журналистларга ҳеч қанақа шарт қўйилмаслигини аниқлаб олиш “жамоатчилик манфаати”га мос, деган қарорга келган.

Оқ уй президент мулоқот қилиши мумкин бўлган мухбирлар сонини белгилайди, қандай саволлар беришни эса мухбирларнинг ўзлари ҳал қилишади. Ҳар бир лидер журналист унга фақат битта савол беришини ҳамда ўзини энг кўп қизиқтирган саволни беришини маъқул кўриши мумкин, бироқ эркин матбуот мустақил равишда фаолият юритади”, дейилган ассоциация баёнотида матбуот анжуманларида президентга кўпроқ савол бериш имконияти яратилишининг олқишланиши қайд этилган.

Қирғизистон: Айрим тижорат банклари Россия билан пул жўнатмаларини тўхтатди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Қирғизистондаги “Мбанк” ва “Элдик Банк” (РСК банк) тижорат банклари Россиядан рублдаги пул жўнатмалари тўхтатилганини маълум қилишди. Банклар бу қарорни АҚШ Молия вазирлиги томонидан Москва биржаси, Россия Миллий клиринг маркази ва Миллий ҳисоб-китоб депозитарийсига нисбатан киритилган санкциялар манзарасида қабул қилишган.

“Мбанк” вакиллари “курс волатиллиги ва валюта бозоридаги кескин тебранишлар эҳтимоли туфайли” рублдаги ҳисобрақамлари ва карталар бўйича ҳисобни тўлдириш, пул жўнатмалари ва конвертация тўхтатилганини маълум қилишган. Банк қайдича, мижозларнинг рубль ҳисобрақамларидаги барча маблағлари тўлиқ сақланиб турибди. “Мбанк” Қирғизистоннинг Россия банклари билан фаол ҳамкорлик қилувчи тижорат банкларидан бири бўлиб ҳисобланади.

“Банк мижозлари банк филиалларида пулларини ечиб олишлари мумкин, кассаларда Россия рубли ечиб олинишига чеклов йўқ”, дея қўшимча қилинган банк хабарномасида.

Ўз навбатида “Элдик Банк” вакиллари техник ишлар амалга оширилаётгани муносабати билан Astrasend, “Юнистрим”, Contact, “Золотая Корона” ва “Сбербанк Онлайн” тизимлари орқали пул жўнатмалари тўхтатилганини маълум қилган. Бунга оид бошқа тафсилот келтирилган эмас.

Бундан ташқари, АҚШ санкциялари киритилгани манзарасида Қирғизистон Миллий банкида МБ раиси ўринбосари Қайип Куленбековнинг тижорат банклари вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтган, унда валюта бозоридаги жорий вазият муҳокама қилинган.

Қирғизистон Миллий банки маълумотига кўра, 2023 йилда халқаро пул жўнатмалари тизимлари орқали Қирғизистонга 165 миллиард сўмдан кўпроқ (1,9 млрд АҚШ доллари атрофида) пул ўтказилган. Бу маблағнинг 125,5 миллиард сўми (тақрибан 1,44 млрд доллар) Қирғизистонга келиб тушган, 39,8 миллиард сўми (қарийб 475 млн доллар) эса хорижга йўлланган.

Пул жўнатмалари тизимлари орасида мижозлар энг кўп “Золотая Корона” ва “Юнистрим” операторлари хизматларидан фойдаланишган.

АҚШ ва Украина хавфсизликка оид шартномани имзолашди

Украина президенти Владимир Зеленский (ч) ва АҚШ президенти Жо Байден
Украина президенти Владимир Зеленский (ч) ва АҚШ президенти Жо Байден

АҚШ президенти Жо Байден билан Украина президенти Владимир Зеленский икки мамлакат ўртасида 10 йиллик хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликка оид шартномани имзолашди.

Шартномани имзолаш маросими Италияда бўлиб ўтаётган “Катта еттилик” (G7) саммити теграсида ўтказилди. Зеленский дунёдаги етти етакчи демократик мамлакат лидерлари мажлисига таклиф қилинган бўлиб, бу ерда бошқа масалалар қатори Россия билан урушда Украинани дастаклаш масаласи ҳам муҳокама қилинган.

Reuters агентлиги қайдича, шартнома матнида тўғридан-тўғри ҳужжат НАТОга кириш томон илгарилашда Украинага кўмаклашишга йўналтирилгани эслатилган.

Ҳужжатда, Шимолий Атлантика шартномасида кўзда тутилганидек, Украинага қарши уруш бошланганида уни ҳарбий жиҳатдан дастаклашга оид мажбурият йўқ. Унда бу каби уруш ёки тажовуз таҳдиди туғилган тақдирда, Украинанинг мудофаа салоҳиятини кучайтириш мақсадида қандай чоралар кўрилиши мумкинлигини белгилаш учун 24 соат ичида консультациялар бериш механизми кўзда тутилган.

Шартномада АҚШнинг Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига содиқлиги ҳам яна бир бор тасдиқланган. Қўшма Штатлар Украинага узоқ муддатли қурол-аслаҳа етказиб бериш, унинг ҳарбийларини ўқитиш ва маслаҳатлар билан ёрдам бериш мажбуриятини зиммасига олган.

The Washington Post нашри шартноманинг Конгресс томонидан маъқулланиши кўзда тутилмагани учун у исталган пайт АҚШнинг исталган кейинги президенти томонидан бекор қилишини мумкинлигини эслатган.

Шартнома имзоланиши ортидан сўзга чиққан Жо Байден Украинада тинчликка эришиш унинг тажовуздан ўзини ҳимоя қила олиш салоҳиятига боғлиқ эканини, тинчликнинг ўзи эса суверенитет ва БМТ низомини ҳурмат қилиш тамойилларига асосланиши лозимлигини билдирган. Байденга кўра, G7 мамлакатлари аввалда бўлгани каби Украинани дастаклаш фикрида собитдир, Италиядаги саммит қарорлари эса Украина муваффақияти учун мустаҳкам тамал барпо этади.

Ўз навбатида Зеленский шартнома имзоланган кунни “тарихий” кун деб атаган ҳамда АҚШ билан тузилган битим Украина мустақилликка эришганидан буён тузилган энг муҳим икки томонлама шартнома бўлганини қайд этган.

ИҲЕС Озодликнинг озарбайжон хизмати фойдасига қарор чиқарди

Страсбургдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди биноси
Страсбургдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди биноси

Страсбургдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди (ИҲЕС) Озарбайжон ҳукуматининг Озодлик озарбайжон хизмати (“Азадлиқ радиосу”) сайтини блокировка қилиш қарорини Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари тўғрисидаги конвенциянинг бузилиши бўлиб ҳисобланади, деб топди.

Суд қарорига мувофиқ, Озарбайжон ҳукумати кўрилган зарар учун товон пули ва бошқа харажатларни қоплаш учун ҳар бир аризачига умумий ҳисобда 6000 евродан (6500 АҚШ доллари) тўлаши лозим.

Озодликнинг озарбайжон хизмати сайти Бокудаги суд қарор билан 2017 йилда блокировка қилинган эди. Ўша пайтда сайтда “зўравонлик ва диний экстремизмни тарғиб қилувчи ҳамда оммавий тартибсизликларга чақирувчи” контент жойлангани иддао қилинганди.

Озарбайжонга қарши даъво аризасига яна тўртта оммавий ахборот воситаси — “Азадлиқ” газетаси ва “Мейдан ТВ”, “Туран ТВ”, “Азербайжан саати” телеканаллари қўшилган. Уларга “кишини янглиштирувчи ёлғон ва бўҳтон ахборот” ёйинлаганлик айблови қўйилган.

Аризачилар сайтлар блокировка қилинишига асосан ҳукуматни танқид қилганлик ва коррупция тўғрисидаги хабарлар сабаб бўлганини иддао қилишган.

Озодликнинг озарбайжон хизмати сайти мамлакат президенти Илҳом Алиевнинг оиласи ва унинг ён-атрофидаги шахсларга алоқадор бўлган молиявий операциялар ҳақида журналистик суриштирув ёйинланиши ортидан блокировка қилинган эди.

Қозоғистон 150 дан зиёд хорижликни мамлакатга киритмади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) жорий йил бошидан буён мамлакатда битта террор хуружининг олди олинганини маълум қилди. 26 нафар киши “террорчилик ва экстремистик фаолият учун” судланган. Худди шундай рақамни МХҚ раиси Ермек Сагимбаев ўтган ой охирида Оқўрдада берган ҳисоботида тақдим этган, дея хабар қилди Озодликнинг қозоқ хизмати.

“Экстремизм ва террорчиликка алоқадор 151 нафар хорижлик фуқаро мамлакатга киритилмаган. Республикага тақиқланган диний адабиёт олиб киргани учун 19 нафар хорижлик жавобгарликка тортилган”, дейилган МХҚ матбуот хизмати хабарномасида.

Жорий йилнинг 12 июнь куни Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси бошчилигида Қозоғистон аксилтеррор марказининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтган. Мажлисда “муҳим ижтимоий-сиёсий тадбирлар хавфсизлигини таъминлаш доирасида давлат идораларининг ўзаро алоқасини кучайтириш тадбирлари” муҳокама қилинган.

ИИВ ва МХҚ кучлари ёрдамида одамлар кўп тўпланадиган жойлар дохил террор хуружи уюштирилиши эҳтимоли бўлган объектларда 3 мингдан зиёд текширув ўтказилган.

Биринчи апрель куни махсус хизматлар теракт олди олинганини маълум қилганлар. Ақтау шаҳрида маҳаллий турғунлардан бири террор хуружига ҳозирланганликда гумонланиб ушланган. Қўлга олинган шахс аввал қотиллик учун судланган “радикал диний мафкура тарафдори” экани айтилган. Унинг яшаш жойи тинтув қилинганида, махсус хизмат маълумотига кўра, портлаш мосламасини тайёрлаш учун компонентлар ҳамда “бошқа ашёвий далиллар” мусодара қилинган.

Еревандаги акцияларда 100 дан зиёд киши жароҳат олди

Еревандаги намойишчиларнинг полиция билан тўқнашувидан лавҳа, 2024 йил 12 июни
Еревандаги намойишчиларнинг полиция билан тўқнашувидан лавҳа, 2024 йил 12 июни

Ереванда 12 июнь куни бўлиб ўтган норозилик намойишлари чоғида 101 киши жароҳат олган, улар орасида намойишчилар ҳам, полициячилар ҳам бор. Бу ҳақда “Арманистон жамоатчилик радиоси” мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, 85 кишига зарур тиббий ёрдам олганидан кейин уйига кетишга рухсат берилган, қолганлар муолажа олишда давом этмоқда – уларга енгил ва ўрта даражада жароҳат олганлик ташхиси қўйилган.

Armenia Today телеграм-каналининг ИИВ матбуот котибидан олинган маълумотга таяниб хабар қилишича, норозилик чиқишлари чоғида 18 нафар полиция ходими тан жароҳати олган.

Арманистонда норозилик акциялари бир неча ҳафтадан буён тинмаяпти. 12 июнь куни Арманистон парламенти биноси олдидаги майдонга бир неча минг киши йиғилган. Намойишчилар амалдаги бош вазир Никол Пашинян ва унинг ҳукумати истеъфосини талаб қилишган. Уларнинг кўпчилигини “Тавуш ватан учун” ҳаракати тарафдорлари ташкил қилган. Улар ҳаракат лидери архиепископ Баграт Галстанянни янги бош вазир лавозимига номзод ўлароқ таклиф қилишмоқда.

Чоршанба оқшомида ҳукумат мажлиси кетаётган пайтда митингчилар парламент эшигига етиб олиш учун бино атрофидаги тўсиқларни олиб ташлай бошлаганлар. Бунга жавобан полиция намойишни тарқатишни бошлаган, полициячилар митингчиларга қарши шовқин чиқарувчи гранаталарни қўллаганлар. Ҳодиса чоғида ўнлаб одам қўлга олинган.

Арманистондаги митингларнинг бошланишига расмий Ереван томонидан Озарбайжонга чегараолди ҳудудида жойлашган бир неча қишлоқни топширишга ваъда берилгани сабаб бўлган.

Москва биржаси доллар ва евродаги савдони тўхтатди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

АҚШ Молия вазирлиги томонидан жорий этилган янги санкциялар туфайли Москва биржаси доллар ва евро савдоси тўхтатилганини эълон қилди. Биржа сайтида маълум қилинишича, савдолар жорий йилнинг 13 июнидан бошлаб тўхтатилади.

12 июнь куни Москва биржаси, Миллий клиринг маркази ва Миллий ҳисоб-китоб депозитарийси АҚШ Молия вазирлигининг Россия қўшинлари Украинага бостириб киргани муносабати билан жорий қилган санкция рўйхатига киритилган.

АҚШ Молия вазирлиги хабарномасида янги санкциялар Россия Мудофаа саноатига сармоя ётқизишга кўмаклашишга йўналтирилмиш “Россия молия тизими архитектураси”га қарши қаратилгани айтилган.

Санкциялар рубль конвертациясининг чекланиши, Россиядан валюта олиб чиқиш қимматлашиши, россиялик экспортерлар учун валютани манфаатли курсда сотиш қийинлашишига олиб келади”, деган CEPA илмий ходими Александр Коляндр The Bell нашрига.

Россия Марказий банки доллар ва евродаги савдолар биржадан ташқари майдонда амалга оширилишини билдирган. Рублга нисбатан расмий курсларни эса МБ банк ҳисоботи маълумотлари ҳамда биржадан ташқари савдо рақамли платформаларидан олинган маълумотлар асосида белгилайди.

“Банки.ру” сайти мониторинги натижаларига кўра, 12 июнь куни Россиядаги бир неча банк долларнинг сотилиш нархини кўтарган. Москвадаги валюта алмаштириш шохобчаларида 1 АҚШ доллари нархи 200 рублгача чиққан, Россия Марказий банки томонидан белгиланган расмий курс эса 89 рублдан кўпроқни ташкил қилмоқда.

Бишкекда оммавий муштлашувда қатнашган хорижликлар қўлга олинди

Бишкекдаги Ички ишлар вазирлиги биноси
Бишкекдаги Ички ишлар вазирлиги биноси

Қирғизистон пойтахтида оммавий муштлашувда иштирок этган Покистон ва Бангладешнинг 36 нафар фуқароси милиция ходимлари томонидан тутиб кетилган. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати Свердловск туман ИИБ матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

ИИБ қайдича, покистонликлар ва бангладешликлар ўртасида муштлашув 11 июнга ўтар кечаси бўлиб ўтган. Дастлабки маълумотларга кўра, даставвал чет элликлар ўртасида даҳанаки жанг чиқиб, кейин у муштлашувга айланиб кетган.

Милиция мазкур ҳолат юзасидан терговгача текширув бошлаган. Бундан ташқари, ИИБ маълумотига кўра, 16 кишига нисбатан мамлакат Ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексининг “Хорижлик фуқаролар томонидан Қирғизистонда бўлиш ва меҳнат фаолиятини амалга ошириш тартиб-қоидаларининг бузилиши” моддаси бўйича баённомалар тузилган.

ИИБ вакиллари Свердловск туман суди муштлашув иштирокчиларидан бирини “Майда безорилик” моддаси бўйича айбдор деб топиб, унга 5500 сўм (шу кундаги курс билан 63 АҚШ долларидан кўпроқ) миқдорида жарима солган, муштлашувнинг яна икки иштирокчисига эса уч суткалик қамоқ жазоси тайин қилган. Қолган хорижликлар билан милиция тушунтириш суҳбатларини олиб борган.

Жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб махсус хизматлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Қирғизистонда ҳужжатсиз ёки муддати ўтиб кетган рухсатномалар билан юрган чет элликларни аниқлаш бўйича рейдлар олиб боришмоқда.

Пашинян: Арманистон КХШТдан чиқишга тайёрланмоқда

Никол Пашинян
Никол Пашинян

Арманистон бош вазири Никол Пашинян Миллий йиғинда (парламент) қилган чиқиши чоғида мамлакат Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан (КХШТ) чиқишга ҳозирланаётганини маълум қилди, дея хабар қилди Озодликнинг арман хизмати. Бу ҳақда ТАСС ва “Интерфакс” агентликлари ҳам хабар қилишган.

Сизлар нима деб ўйлайсизлар? Кейинги қадам қандай бўлиши лозим? Сиз ортга қайтамиз, деб ўйлайсизми? Йўқ, бошқа йўл йўқ. Хавотир олманг, ортга қайтмаймиз”, дея билдирган Пашинян.

У мамлакатнинг КХШТга киргани учун айбни мамлакатнинг аввалги расмийларига юклади. Пашинянга кўра, улар “аъзолари шартномадаги ўз мажбуриятларини бажармайдиган пуфак-иттифоқни тузганлар”.

Жорий йилнинг февраль ойида Пашинян Арманистон КХШТдаги ўз аъзолигини “музлатиб қўйгани”ни билдирган эди. Баҳорда мамлакат ташкилотни молиялаштиришни тўхтатиб қўйганди. Аввалроқ Россия Ташқи ишлар вазирлиги Арманистоннинг КХШТ олдидаги молиявий мажбурияти сақланаётганини маълум қилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG