Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:48

Ўзбекнинг дардини куйлар Дадахон


Айтган қўшиғи, ёзган асари мавжуд тузумларга ёқмай, тақиқланган, чекланган ижодкорлар тарихда кўплаб топилади. Ўзбекистонда машҳур ҳофиз ва шоир Дадахон Ҳасан шундайлардан биридир.

Ҳофизнинг халқ ичида машҳурлиги ҳукуматга тинчлик бермай келди. 90-йиллар бошида у қамоққа олиниб, Ички ишлар вазирлиги ертўласига ташланди. Озод этилгач, узоқ йиллар давомида махсус хизматлар назорати остида яшади. Мамлакат ичида ва ташқарида ҳаракатланиш учун ҳофиз махсус хизматлардан рухсат олиши шарт эди.

Ҳатто унинг қўшиқларини тинглагани учун қамоққа ташланганлар ҳам бўлди. Бухорода яшовчи икки фуқаро Д.Ҳасаннинг Андижон воқеаларига бағишланган қўшиғини тинглагани учун банди қилинди.

Дадахон Ҳасан ўз қўшиқларида адолатсизликларга, ҳукумат амалдорларининг оддий кишиларга нисбатан амалга ошириб келаётган ҳуқуқбузарликларига нисбатан халқ ғазабини ифода этди. Ўзбекистонда ҳофизнинг бу мавзудаги қўшиқлари кенг тарқалган.

“Андижонда қатлиом бўлди” номли қўшиқда қуйидаги мисралар бор:

Эшитмадим деманглар,
Маликалар, башанглар,
Сиз, эй, аҳли гаранглар -
Анжанда қатлиом бўлди.
Президент буйруқларидан,
“Калашников” ўқларидан
Халқ ўқ еб қуйруқларидан -
Анжанда қатлиом бўлди.


Шу йилнинг 12 апрель куни Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ва Тошкент шаҳри прокуратураси ходимлари прокурор рухсати асосида халқ ҳофизи Дадахон Ҳасан уйида тинтув ўтказган ва унинг қўшиқлари ёзилган аудиокассеталар ва шеърлари олиб қўйилган эди.

“Озодлик” мухбири мавзу юзасидан ҳофизнинг ўзи билан суҳбатлашиш ниятида у билан боғланди. Аммо Д.Ҳасан ҳозир иши судга оширилгани учун суҳбатлаша олмаслигини билдирди.

“Ëшлигимдан мен Дадахон Ҳасан қўшиқларининг шайдоси бўлиб келганман. Ҳофизнинг кўп миллионлик мухлисларидан бириман. Унинг эл дардини куйлаши кишини ўзига тортади. Озодлик ҳаракатлари бошланган пайтда Дадахон Ҳасан ушбу ҳаракатнинг байроқдорларидан бири бўлиб келди. Оилавий ташвишларидан кўра, эл дардини юксак билди”, - дейди ҳофизнинг мухлисларидан бири Абдулла ака.

Кузатувчиларнинг билдиришича, шу пайтгача Ўзбекистонда диссидентлик мавзуидаги қўшиқларни сақлагани учун одамлар ҳукумат таъқибига учрамаган. Аксинча, ҳукумат сиëсатига қарши курашларга чақирувчи турли адабиëт ва варақалар тарқатганлар расмийлар нигоҳида бўлган.

“Ҳукуматнинг ижодкорларга қарши олиб бораëтган ишлари Андижон воқеаларидан кейин яққолроқ кўзга ташлана бошлади, дейиш мумкин. Шу пайтгача ўзгача фикрловчиларнинг шеърлари таъқиб қилиб келинган. Масалан, Гулчеҳра Нуруллаева, Юсуф Жумаев, Муҳаммад Солиҳнинг шеърлари кутубхоналардан ҳам олиб қўйилган. Бу ҳукуматнинг ўзи билан якдил бўла олмаган одамларга бўлган ўзгача қарашларини ўша пайтда ҳам акс эттирар эди. Андижон воқеаларидан сўнг эса бу муносабат янада яққол кўринадиган бўлди”, - дейди ўзбекистонлик журналист Юсуф Расулов.

Мустақил кузатувчи Комрон Алиевнинг таъкидлашича, Дадахон Ҳасанга ўхшаб сиёсий қўшиқлари билан халққа танилган ижодкор Ўзбекистонда йўқ, дейиш мумкин.

“Дадахон Ҳасан ҳукумат тузумига қарши тўғридан-тўғри қўшиқ айтди, дейишга, менимча, ҳеч қандай асос йўқ. Андижонда қатлиом бўлганини расмий Тошкентнинг ўзи ҳам инкор этмайди, аммо ушбу қатлиомда улар акрамийларни айбламоқда. Шундай экан, Дадахон Ҳасаннинг қатлиом тўғрисида қўшиқ куйлашга ҳаққи бор”, - деди кузатувчи.
XS
SM
MD
LG