Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:26

Қозоғистонда сиёсий қатағон борми?


31 майда Қозоғистонда сиёсий қатағон қурбонлари хотираси куни нишонланди. Шу муносабат билан мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида хотирлаш тадбирлари ўтказилди.

Бу сана Сталин тузуми қурбонларига айланган минглаб қозоғистонликлар хотираси учун мамлакат мустақилликка эришгандан сўнг белгиланди.

Туркистоннинг Қарноқ қишлоғида туғилиб ўсган ўзбек шоири Баҳром Ғойибнинг айтишича, Сталин даврида жанубий қозоғистонлик кўплаб ўзбек зиёлилари ҳам қатағонга учраган.

“Қатағон йилларида онамнинг амакиси Туркистондаги ўзбек тилида чиқадиган газетада маъсул котиб бўлган. У Файзулла Хўжаевнинг “думи”, деган айблов билан қамаб юборилган ва шу бўйи бедарак кетган. Бугунги кунда ўзбекнинг машҳур ёзувчиси Одил Ёқубовнинг (О.Ёқубов ҳам Туркистоннинг Қарноқ қишлоғида туғилган) отаси Эгамберди жуда маъсул лавозимларда ишлаган. Шу киши ҳам Ёқуб шайхнинг боласи, деган айблов билан қатағон қилинган”, - дейди Б.Ғойиб.

Манбаларда ёзилишича, Қозоғистонда қатағон даврининг бошланиши 1928 йилга тўғри келади. Ўша вақтда сохта айбловлар билан 44 “миллатчи” ҳибс этилган. 1930 йилда яна 40 нафар таниқли жамоат арбоби қўлга олинган. Мамлакатда оммавий қатағон 1937-1938 йилларда бўлди. Бу даврда Қозоғистонда деярли барча соҳада кўзга кўринган шахслар қатағон қилинди.

Маълумотларга кўра, Қозоғистонда юз мингдан ортиқ киши қатағон қилинган, улардан 25 минг нафари отиб ўлдирилган.

31 май куни 1931-1933 йиллардаги очарчилик қурбонлари ҳам хотирланди.

“Қозоғистонда ўтган асрнинг 30-йиллари Совет даврининг энг катта қирғинлари бўлган. Бу даврда мамлакатдаги мисли кўрилмаган очарчилик натижасида қозоқ халқи учдан икки қисмга камайган. Уларнинг бир қисми очарчилик туфайли ҳозирги Покистонгача бўлган ҳудудларга қочиб кетган. Жуда кўп қисми Тошкентдан қўним топган. Лекин Тошкентгача етиб бора олмаганларнинг аксарияти қирилиб кетди. Совет Иттифоқи томонидан амалга оширилган бу сиёсатни геноцид, дейиш мумкин. Бугунги Қозоғистон ҳукумати агар мустақилроқ, ўз фикрига эга бўлганида собиқ СССРнинг бугунги вориси Россияга ана шу геноцид учун ҳисоб тақдим этган бўларди”, - дейди “Адолатли Қозоғистон учун” ҳаракати лидерларидан бири Абдумалик Сармонов.

Унинг айтишича, мустақиллик йилларида Қозоғистонда оммавий қатағонлар бўлмаган, аммо бир неча таниқли шахс сиёсий қатағонга учраган.

“Ўзбекистон, Туркманистон каби давлатларда юз берган оммавий қатағонлар бизда кузатилмади. Бироқ 2001 йилда Ғалимжон Жакияновнинг турли баҳоналар билан қамоққа олиниши, шунингдек, қозоқ мухолифатининг бир қанча лидерлари, жумладан, Оксана Никитина, Замонбек Нуркадилов, Олтинбек Сарсенбоевнинг ўлдирилишини ҳақиқий сиёсий қатағон натижалари сифатида кўрсатиш мумкин. Қозоғистон ҳукумати, расмий шахслар, расмий матбуот қатағон деганда совет даврида кўрган жабрлар ҳақида ёзишни, гапиришни хуш кўради. Лекин мустақиллик даври ҳукумати томонидан амалга оширилган сиёсий қатағонлар деярли тилга олинмайди. Бу ҳақда мустақил ва мухолифат нашрлари сўз юритади”, - дейди А.Сармонов.

А.Сармонов мустақиллик даврининг сиёсий қатағон қурбонлари ҳам кичик давраларда хотирланганини қўшимча қилди.
XS
SM
MD
LG