Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:44

Денгиз пиёдалари сабабсиз одам ўлдирмайди...ми?


АҚШ ҳарбий қўмондонлиги Ироқнинг Ҳадиса шаҳрида америкалик аскарлар томонидан ўтган йилнинг ноябрь ойида тинч аҳоли вакилларидан 24 киши ўлдирилгани юзасидан иккита жиноят иши қўзғади.

Ушбу жиноят ишларидан бири ҳарбийлар тинч аҳоли эканини била туриб, уларни ўққа тутганми ёки йўқми, деган масалани ўрганиш мақсадида очилди. Иккинчи жиноят иши бўйича эса ҳарбийлар бу воқеани яширишга уринган ёки уринмагани ўрганилади.

Ҳадисадаги бу ҳодиса Ироқдаги АҚШ ҳарбийлари ҳаракатига нисбатан норозиликни асословчи яна бир далил бўлди. Зеро, Абу-Ғрайб қамоқхонасида маҳбусларнинг таҳқирланишига оид можаро ҳали унутилгани йўқ.

Бутун дунё оммавий ахборот воситаларида бош мавзуга айланган бу воқеа таҳлил этилар экан, кўпчиликни ёшгина аскарларни бутун бир оилани шу қадар шафқатсизлик билан отиб ташлашга нима мажбур қилгани қизиқтиряпти.

АҚШ президенти Жорж Буш ҳам бу юзадан: “Мен аниқланган дастлабки маълумотларданоқ хавотирдаман. Текширув натижаларини кузатиб турибман. Денгиз пиёдалари қўшини уруш қоидаларини яхши тушунадиган ҳурматли эркак ва аёллардан иборатдир. Агар бу айбловлар ҳақиқат бўлса, мазкур қўшин қўмондонлиги тартибга риоя қилинишини таъминлаш учун барча воситаларни ишга солади ва қонунни бузганлар, агар улар ҳақиқатан ҳам қонунни бузган бўлса, жазоланади”, - деди.

Ироқдаги коалиция кучлари вакили генерал-майор Уилям Колдвелл ҳам агар қотиллик олдиндан била туриб, шу қадар совуққонлик билан содир этилган бўлса, у ҳолда бу Америка ҳарбийларига ҳаракатига “намуна бўлгулик эмас”лигини таъкидлади.

Бир қадар совуққонлик билан айтилган бу расмий баёнотлар ҳодисани кузатаётганлар учун тайин жавоб маъносини бермагани, табиий. Қолаверса, ҳодиса ўтган йил ноябрь ойида содир бўлган. Бироқ у ҳақдаги хабар орадан анча вақт ўтиб, журналистларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли пайдо бўлди.

Наҳотки шу қадар ваҳшийлик билан содир этилган қотиллик ҳақида бунга қадар АҚШ ҳарбий қўмондонлиги бехабар қолган бўлса ва нега бехабар қолди, деган саволлар эса бугун АҚШ ҳукуматининг нақ ёқасидан оляпти.

Дастлаб ҳарбийлар тинч ироқликларнинг йўл четига ўрнатилган бомба портлаши ва ундан кейинги отишмада ҳалок бўлганини айтган эди. Аммо март ойида Американинг “Тime” журнали ироқликлар бомба портлаши эмас, балки АҚШ ҳарбийлари ўқидан қурбон бўлганини ёзди.

Ҳадисадаги фожеада қатнашган денгиз пиёдаларидан бири капрал Жеймс Кроссан Американинг NBC телеканалига берган интервьюсида йўл четига ўрнатилган бомба портлаши оқибатида бир шериги ўлгани ва ўзи яраланганини билдирди. Унинг айтишича, шериклари уни ҳам ўлди, деб ўйлаган.

“Патруль дуч келган уйга кириб, у ердаги одамларни отиб ташлаши ақлга сиғмайди. Менимча, улар кутилмаганда бир сафдошининг бўлакларга бўлиниб ётган жасади, яна бирининг эса ғилдирак остида ётган танасини кўргандан кейин нима бўлганини тушунмасдан ғазабдан жунбушга келган ва ўзини назорат қила олмай қолган”, - дейди Ҳадисадаги қотилликка гувоҳ бўлган капрал.

Айрим америкалик сиёсатчилар, жумладан, демократ конгрессмен Жон Марта Ҳадисадаги воқеа “Американинг Ироқдаги ҳарбийлари устидан ўрнатилган ўринсиз босим натижаси” эканини таъкидламоқда.

“Бизнинг ҳарбийларимиз ўз устидан ўрнатилган ўринсиз қаттиқ босим таъсирига тушиб қолган ва шунинг учун ҳам тинч аҳолини совуққонлик билан отиб ташлаган”, - дейди конгрессмен.

Ироқдаги ҳарбийлар АҚШ ҳарбий қўмондонлигининг қаттиқ босими остида қолиб, фақат яксон қилиш кайфиятига тушган, деган фикрни илгари сураётган Жон Мартанинг ўзи ҳам бир вақтлар денгиз пиёдалари сафида Вьетнамда жанг қилган. У ўз вақтида Жорж Бушнинг Ироққа нисбатан олиб бораётган сиёсати тарафдори эди. Энди эса унинг катта танқидчисига айланди ва Ироқ уруши фақатгина Американинг обрўсизланишига хизмат қилишини айтмоқда.

Бу қотиллик АҚШ денгиз пиёдалари учун хос бўлмаган ҳаракат ва унинг келиб чиқишида мазкур қўшин раҳбариятини айбдор, дейдиганлар ҳам топилади.

“Денгиз пиёдаларидан ҳеч бири вазиятни тушунмай туриб, одам ўлдиришга қодир эмас, у фақат буюртмага кўра тинч аҳолини ўққа тутиши мумкин”, - дейди, жумладан, собиқ денгиз пиёдаси Рожер.

Унинг гапларини қувватловчилар оз эмас. Улар Ҳадисада бўлган ҳодиса Пентагон учун АҚШнинг Ироқдаги қўшинлари тақдири борасида жиддий қарор келиш заруриятини тасдиқловчи яққол далилдир, деган фикрни таъкидламоқда.

Ҳозирги вақтда Ҳадисада содир бўлган фожеа юзасидан қўзғатилган иккита жиноят иши бўйича 45 та терговчи суриштирув ўтказяпти. Улардан бирининг натижаси шу ҳафта якунида маълум бўлиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG