Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:26

Ироқ бош вазири Вашингтонда


АҚШ президенти Жорж Бушнинг Ироқ бош вазири Нурий Комил ал-Маликий билан Оқ уйдаги музокаралари чоғида Бағдодда рўй бераётган мазҳабий тўқнашувларнинг олдини олишга қаратилган янги дастур, шунингдек, Ливанда юзага келган сўнгги вазият ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.

Жорж Буш ва Нурий ал-Маликий Ироқда шиалар ва суннийлар ўртасида бораётган уруш кучайишига йўл қўйилмаслигини таъкидлади.

Америка халқи ва Конгресс аъзолари орасида урушга қаршилар кўпайиб бораётганига қарамай, Буш Ироқ раҳбарига АҚШ ишончли ҳамкор бўлиб қолишини билдирди.

Оқ уй Бағдоддаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни яхшилаш мақсадида ал-Маликий ишлаб чиққан дастур самара бермаётганини тан оляпти. Ироқда сўнгги ойлар ичида уруш ҳаракатлари кучайган сари урушга қаршилар сони кўпаймоқда.

Шундай бир вазиятда Жорж Буш АҚШнинг Ироқдаги қўшинлари қўмондони генерал Жорж Кейсига бошқа минтақалардаги кучларнинг бир қисмини Бағдодга кўчириш ҳақида кўрсатма берди.

“Ал-Маликий ва генерал Кейси келаси ҳафталар ичида Бағдодга Американинг қўшимча қўшинлари ва Ироқ хавфсизлик кучларини киритишга келишди. Бу кучлар мамлакатнинг бошқа минтақаларидан олиб келинади. Бизнинг ҳарбий қўмондонларимиз менга қўшинларнинг Бағдодга кўчирилиши бошқа минтақаларда вазият яхшиланганини кўрсатишини айтди”, – деди АҚШ раҳбари.

Ўз навбатида, Ироқ бош вазири сифатида АҚШга биринчи марта сафар қилаётган ал-Маликий ўз мамлакатида исёнчилар ва мазҳаблараро урушга чек қўйишга бел боғлаганини алоҳида таъкидлади.

АҚШ кучларини Ироқдан имкон қадар тез фурсатда олиб чиқиш хусусида Жорж Бушга босим кучаймоқда. Шунга қарамай, Буш ироқликлар ўз-ўзини мудофаа қила олиш даражасига етмагунича Америка ҳарбийларини Ироқдан олиб чиқиш муддатини белгиламаслигини бир неча бор маълум қилган.

АҚШ раҳбарининг таъкидлашича, ал-Маликий унга ироқликлар Америка ҳарбийлари Ироқдан олиб чиқилишини хоҳламаслигини айтган.

Оқ уйда бўлиб ўтган учрашувдан кейин уюштирилган матбуот анжуманида Яқин Шарқда қарийб икки ҳафтадан буён давом этаётган зўравонликлар ҳақида саволлар берилди. Жорж Буш Исроилнинг Ливанда салкам 400 одам, аксарияти тинч аҳоли вакиллари нобуд бўлишига олиб келган ҳарбий стратегиясини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Ал-Маликий эса Исроил кучлари Ливандаги нишонларни тартибсиз бомбардимон қилаётганини айтди. Ироқ раҳбари минтақада яшовчи кўпчилик сингари у ҳам ўт очиш дарҳол тўхтатилишини хоҳлашини билдирди.

Жорж Буш ўз маъмурияти фақат ҳақиқий, узоқ муддатли ўт очиш ҳақидаги келишувни қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

“Биз минтақада юз бераётган зўравонликларнинг асл сабабларига эътибор қаратилишини истаймиз. Шунинг учун бизнинг миссия ва мақсадимиз вақтинчалик эмас, балки узоқ муддатли тинчликка эришишдир”, – деди Ж.Буш.

АҚШнинг Исроилга қуроллар етказиб беришни тезлаштираётгани, иккинчи томондан, ўша қуроллар ёрдамида Исроил ҳарбийлари ўлдираётган одамларга ҳам ёрдам кўрсатишни бошлагани Вашингтон сиёсатидаги қарама-қаршиликни кўрсатмайдими, деган саволга жавоб берган Ж.Буш бунда ҳеч қандай зиддият йўқлигини, у бегуноҳ одамлар ҳаёти ҳақида қайғураётгани, шу боис, озиқ-овқат ва дори-дармонга муҳтож ливанликларга зарурий ёрдамни етказиш учун бор имкониятни ишга солаётганини айтди.
XS
SM
MD
LG