Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 00:14

Навбат “Винрок интернешнл”га етди


Тошкент шаҳри фуқаролик ишлари суди Американинг яна бир ташкилотини ёпиш ҳақида қарор чиқарди. Бу сафар Ўзбекистон ҳукуматининг “назари” “Винрок интернешнл” ташкилотига тушди.

Ўтган ҳафтада Ўзбекистон Адлия вазирлиги бош қароргоҳи Арканзас штатида жойлашган бу ташкилотни ўзбек қонунларини бузишда айблаган ва унинг мамлакатдаги фаолиятини тугатиш ҳақида суд мурожаат қилган эди.

“Винрок интернешнл” вакиласи Мари Лори Тошкент суди қарори юзасидан унинг ташкилоти юқори инстанцияга шикоят қилиш ниятида эканини айтди.

“Албатта, “Винрок интереншнл” Тошкент судининг бу қароридан афсус билдиради ва суднинг қарори юзасидан юқори инстанцияга шикоят қилиш ниятида. Бизнинг фаолиятимиз мутлақо қонун доирасида бўлган деб ҳисоблаймиз”, - деди Мари Лори.

Сўнгги саноқли ойлар ичида Ўзбекистонда Американинг ўнга яқин ноҳукумат ташкилоти фаолияти тугатилди. “Озодлик уйи”, АКСЕЛС, АЙРЕКС, “Таълим орқали мулоқот”, Америка юристлар уюшмаси каби ташкилотларга маҳаллий қонунларни бузганлик ва ўз низомига риоя этмаганлик айблари юкланди. Шу боис, “Винрок интернешнл” учун Тошкент судининг бундай қарори кутилмаган ҳол бўлмади.

“Биз учун бу кутилмаган ҳол эмас. Ўзбекистонда бошқа ташкилотлар ҳам ёпилди. Биз эса кўпинча қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ лойиҳалар билан шуғулланамиз, ишимизни давом эттиришимизга рухсат беришларига умид қилган эдик. Охир-оқибат навбат бизга ҳам етди”, - дейди ташкилот вице-президенти Дэвид Норман.

Гарчи “Винрок интернешнл” суд қарори юзасидан юқори инстанцияга мурожаат қилиш ниятида бўлса-да, таъкидлаш керакки, шу пайтгача мамлакатда фаолияти тўхтатилган ташкилотларнинг ҳеч бири бу йўл билан суд қарорини ўзгартиришга муваффақ бўлмаган.

Таниқли нефт магнати Жон Рокфеллернинг невараси Винтроп Рокфеллер асос солган “Винрок интернешнл” ташкилоти дунёнинг 65 давлатида фаолият юритади. Бу ташкилот Ўзбекистонда 1994 йилдан бери фаолият кўрсатган.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги даъвосича, “Винрок интернешнл” мамлакатда ўз низомига риоя қилмаган. Жумладан, ташкилот вазирликдан рўйхатдан ўтаётган пайтда низомида Ўзбекистонда фермерликни ривожлантириш, маҳаллий фермерларга ёрдам беришни кўзловчи “Фермер фермерга” дастурини амалга ошириш асосий мақсад қилиб кўрсатган.

Лекин, вазирликнинг даъвосича, “Винрок интернешнл” низомда кўрсатилган фаолиятдан четга чиқиб, аёлларнинг ҳуқуқий онгини кўтаришга қаратилган лойиҳаларни амалга оширган, Ўзбекистонда аёллар ноҳукумат ташкилотларини тузишга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаган. Бу борада семинар тренинглар уюштирган. Тегишли лицензияни олмай туриб ноширлик фаолияти билан шуғулланган, маҳаллий ноҳукумат ташкилотларга адабиётлар ва қўлланмалар тарқатган.

“Винрок интернешнл” вакиласи Мари Лори буни қонунга хилоф эмас, деб билишини айтади.

“Биз ишлайдиган ҳар бир давлатда ҳукумат нима қилишимизни яхши билади. Аёллар саводхонлигини ошириш дастуримиз бор ва бундан ягона мақсад аёллар ҳуқуқий билимини ошириш ва ўзлари яшаётган жамиятларда уларнинг иштирокини кенгайтиришдир. Биз буни қонунга хилоф ҳисобламаймиз”, - деди Мари Лори.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Жалол Абдусатторов эса аввалроқ ноҳукумат ташкилотлар ўз низоми доирасида фаолият юритиши кераклиги, акс ҳолда уларга нисбатан чора қўлланиши мумкинлигини айтган эди.

“Ўзбекистонда Конституция бор, қонунлар бор. Ноҳукумат ташкилотлар мана шу қонунлар, қолаверса, ўз низомларида белгиланган фаолият доирасида ишлаши керак. Бунга амал қилинмаса, тегишли чорани кўрамиз”, - деганди Ж.Абдусатторов.
XS
SM
MD
LG