Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:26

Халқаро ташкилот М.Тожибоева тақдиридан хавотирда


Франциядаги қийноқлар ва ўлим жазоси қўлланишига қарши курашувчи ташкилот Ўзбекистонда саккиз йиллик қамоқ жазосини ўтаётган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева тақдири юзасидан хавотир билдирди.

Шу ой бошларида М.Тожибоева Тошкентдаги аёллар қамоқхонасининг руҳий хасталар бўлимига жойлаштирилгани айтилган эди. Франциядаги ташкилот буни ўзбекистонлик инсон ҳуқуқ ҳимоячиси ҳаётига хавф ҳисоблаб, Тошкент ҳукуматидан унинг зудликда озод этилишини талаб қилди.

“Тожибоева хонимнинг аёллар қамоқхонаси руҳий хасталар бўлимига олиб ўтилиши совет даврини эслатади. Совет даврида инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва диссидентлар иродасини синдириш мақсадида уларга нисбатан шундай усул қўлланилганини биламиз. Ҳозир ҳам Ўзбекистонда ҳукумат инсон ҳуқуқи ҳимоячиси иродасини синдириш учун руҳий хасталарга қўлланиладиган тиббий воситаларни ишга солмоқда”, - дейди ташкилот вакили Силви Матто.

М.Тожибоеванинг ҳеч қандай изоҳсиз руҳий хасталар бўлимига жойлаштирилгани ҳақида дастлаб унинг ҳимоячиси Дилафрўз Нурматова маълум қилган эди. Д.Нурматова ҳимояси остида бўлган М.Тожибоевани 14 июль куни бориб кўрганида у илгаригидек дадил, тетик эмаслигини пайқаган.

“Илгаригидек шашти йўқ. Бунга ҳайрон бўлиб қолдим. Илгари мен апелляция судида кўрган М.Тожибоева бошқа, ҳозирги ҳолат умуман бошқа”, - деган эди Д.Нурматова.

Фарғонадаги норасмий “Ўтюраклар” клуби раҳбари бўлган М.Тожибоева ўтган йил октябрда Дублинга, инсон ҳуқуқлари мавзуидаги халқаро анжуманга жўнаб кетиш олдидан ҳибсга олинганди. Ўзбекистон суди уни таъмагирлик ва бир қанча иқтисодий жиноятларда айбдор топди. Аммо инсон ҳуқуқлари ташкилотлари унинг ҳуқуқ ҳимоячиси сифатидаги фаолияти учун жазоланганини айтади.

“Шарқий Европанинг кўпгина давлатларида инсон ҳуқуқ ҳимоячилари овозини ўчириш мақсадида ҳукуматлар уларга нисбатан иқтисодий айбловларни қўллаган. Чунки уларни сиёсий айбловлар билан жазолаб бўлмаслигини ва бунинг учун жаҳон ҳамжамияти танқидига учрашини ҳукуматлар яхши тушунади”, - дейди Франциядаги қийноқлар ва ўлим жазосига қарши курашувчи ташкилот вакили Силви Матто.

М.Тожибоеванинг қамоқхонанинг руҳий хасталар бўлимига ўтказилгани унинг ҳамкасблари хавотирига ҳам сабаб бўлмоқда. Ўзбекистондаги таъқиблар сабаб ватанини тарк этишга мажбур бўлган ва ҳозир Швецияда яшаётган журналист Матлуба Азаматова М.Тожибоеванинг руҳий хасталар орасида қолишини унинг ҳаётига жиддий хавф, деб билишини айтади.

“Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини жиннихонага тиқиш, шу орқали уларни обрўсизлантириш бизда оддий ҳол,- деди М.Азаматова. М.Тожибоеванинг руҳий хасталар орасига тиқилишини унинг ҳаётига тажоввуз деб биламан”.

Франциядаги қийноқлар ва ўлим жазосига қарши ташкилот ўз хавотири билдирилган мактубни Тошкент ҳукуматига Ўзбекистоннинг Париждаги элчихонаси орқали йўллади. Аммо ҳозирча бу мактубга жавоб олингани йўқ.
XS
SM
MD
LG