Линклар

Шошилинч хабар
28 феврал 2024, Тошкент вақти: 11:41

Халқаро хабарлар

АҚШ давлат котиби Кондолиза Райснинг Байрутга режалаштирган сафари бекор қилинди.

У айни пайтда Қуддусда Исроил расмийлари билан музокаралар олиб боряпти.
“Биз зудлик билан ўт очишни тўхтатиш тарафдоримиз. Агар ҳаммаси менга боғлиқ бўлганда эди, кеча муросага келингани ҳақида эълон қилинган бўларди. Аммо бу ҳақда зиддиятга келган томонлар келишиб олиши керак. Уруш ҳаракатларини тўхтатиш учун маълум бир ишлар қилиниши лозим”, - деди К.Райс.
Бундан аввалроқ Исроил бош вазири Эҳуд Олмерт ўз ҳукумати уруш ҳаракатларини тўхтатишга шошмаëтганини таъкидлаган эди.
К.Райснинг душанба куни Вашингтонга қайтиши кутиляпти.

Кун янгиликлари

НАТО Украинага қўшин жўнатиш режаси йўқлигини билдирди

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг.
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Associated Press агентлигига берган интервьюсида, ҳарбий иттифоқ Украинага қўшин жўнатиш ниятида эмаслигини билдирди. Столтенберг бу баёнотни Ғарб давлатлари гўёки Украинага қўшин жўнатиш масаласини кўриб чиқаётгани тўғрисида хабарлар тарқалган бир пайтда берди.

Столтенберг НАТО Украинага мисли кўрилмаган даражада кўмак кўрсатаётганини таъкидлади. “Биз 2014 йилдан бери бу ишни қилиб келаяпмиз ва кенг кўламли босқин бошланганидан сўнг ҳаракатларимизни кучайтирдик. Аммо НАТОнинг Украинага қўшин жойлаштириш режаси йўқ”, – деди у.

Парижда 26 февралда ўтган Европа Иттифоқининг 20 лидери саммити арафасида Словакия бош вазири Роберт Фицо айрим давлатлар ўз ҳарбийларини Украинага жўнатишнинг нақадар мақсадга мувофиқлигини ўрганаётгани тўғрисида гапирган эди.

Саммит якунланганидан сўнг Франция президенти Эммануэль Макрон журналистларга берган суҳбатида Россияга қарши урушда Киевни дастаклаш мақсадида Украинага қўшин жўнатиш эҳтимолини эътибордан соқит қилмади.

“Бугун пиёда қўшинларни жўнатиш масаласида муроса мавжуд эмас, лекин буни эътиборсиз қолдириб бўлмайди. Биз Россия ғалабага эришмаслиги учун қўлимиздан келган барча ишларни амалга оширамиз”, - деди Макрон.

Макрон қайси давлатлар Украинага қўшин жўнатиши мумкинлиги тўғрисидаги саволларга жавоб беришдан бош тортди.

Саммит Макрон ташаббуси билан ўтказилди ва унда Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларига жавобни кучайтириш масаласи муҳокама этилди.

“Россия позицияси ўзгарди. У янги ҳудудларни босиб олишга интилмоқда ва Украина бу йўналишдаги ягона давлат эмас, бошқа давлатларга ҳам кўз тикмоқда. Шунинг учун Россия катта хавф туғдирмоқда”, – деди Макрон ўз сўзида.

Саммитда киберҳимоя, Украинада ҳамкорликда қурол ва ўқ-дори ишлаб чиқариш, Украина-Беларусь чегарасида мудофаани мустаҳкамлаш, Украина ҳудудларини миналардан тозалаш, Россия бевосита таҳдид солаётган Молдова каби давлатларнинг мудофаасини кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратишга келишиб олинди.

Украина президенти Саудия валиаҳд шаҳзодаси билан “Тинчлик формуласи”ни муҳокама қилди

Украина президенти Владимир Зеленский 27 февралда Саудия Арабистонига борди.
Украина президенти Владимир Зеленский 27 февралда Саудия Арабистонига борди.

Украина президенти Владимир Зеленский 27 февралда Саудия Арабистонида валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон билан учрашди.

Зеленский ўз телеграм каналида валиаҳд шаҳзода билан Россия билан урушни тўхтатиш учун Киев олға сураётган “тинчлик формуласи”ни муҳокама қилганини ёзди.

Учрашувда Россия томонидан асирга олинган украин ҳарбийларини ватанига қайтариш масаласи ҳам кўтарилди.

Associated Press агентлигининг ёзишича, Муҳаммад бин Салмон ўзини Россия ва Украина ўртасидаги урушни тўхтатиш масаласида потенциал воситачи сифатида намоён этишга ҳаракат қилмоқда. Шу билан бир қаторда Саудия ОПЕК+ доирасида Россия билан энергетик соҳада тиғиз равишда боғлиқ.

26 февралда Муҳаммад бин Салмон Ар Риёдда Россия давлат думаси спикери Вячеслав Володин раҳбарлигидаги делегацияни қабул қилган эди. Саудия расмийлари шаҳзода Володин билан “умумий манфаатларга жавоб берувчи масалаларни муҳокама қилгани”ни билдирган.

Киев таклиф қилаётган “Тинчлик формуласи” ўн банддан иборат ҳужжат бўлиб, унда урушни тугатиш йўллари ва Европада бундан буён уруш бўлишига имконият яратмайдиган хавфсизлик режимини жорий этиш таклиф қилинади.

Владимир Зеленский бу формулани 2022 йилнинг ноябрида таклиф қилган эди. Россия бу ҳужжатни қабул қилиб бўлмайдиган таклифлар йиғиндиси сифатида баҳолаган. Унда Россия армиясини Украинанинг халқаро миқёсда тан олинган ҳудудларидан чиқариш назарда тутилади.

Навальнийнинг сафдошлари дафн маросими ўтказиш учун жой топа олмаяпти

Сиёсатчи Алексей Навальний сафдошлари унинг дафн маросимини уюштириш учун Москвадан жой топа олмаяпти, деб билдирди марҳумнинг матбуот котиби Кира Ярмиш. Унга кўра, Москвадаги дафн маросимларини уюштириш агентликлари табдирни ўтказишдан бош тортмоқда.

Ярмиш Навальнийнинг сафдошлари кўплаб давлат ва хусусий дафн агентликлари билан алоқага чиққанини, бироқ улар сиёсатчининг номини эшитиши биланоқ маросимни ўтказишдан бош тортаётганини айтди.

«Бир жойда бизга дафн агентликларига Навальнийнинг маросимини ўтказмаслик тўғрисида кўрсатма берилганини очиқ айтишди. Бир суткадан бери маросимни ўтказиш учун бино топа олмадик», - деди Ярмиш.

Унга кўра, ҳозирда дафн маросимини ўтказиш учун бино қидириш ишлари давом этмоқда.

Аввалроқ Навальний шу ҳафтанинг охирида сўнгги манзилга кузатилиши тўғрисида хабар қилинганди.

Алексей Навальнийнинг жасади онаси Людмилага 24 февраль куни берилган эди. Бунга қадар унинг жасади яқинларига берилмаётганди. Людмила Навальная Тергов қўмитаси унга ўғлининг жасадини яширинча, жамоатчилик билан видолашувсиз ўтказиш бўйича ультиматум қўйганини, акс ҳолда Навальний жасади қамоқхона қабристонига дафн этилиши билан таҳдид қилганини билдирган.

47 ёшли Навальний Ямал-Ненец мухтор округидаги қамоқхонада ўлгани тўғрисида Россия расмийлари 16 февралда баёнот берган эди.

Суд-тиббиёт экспертизаси Навальний ўз ажали билан ўлгани тўғрисида хулоса берди. Навальнийнинг сафдошлари ва оиласи ҳозирча мустақил экспертиза ўтказилиши ёки ўтказилмаслиги юзасидан маълумот бермади.

Навальнийнинг сафдошлари сиёсатчи қамоқхонада ўлдирилганини иддао қилмоқда.

Апрелдан бошлаб Прага ва Тошкент ўртасида мунтазам авиақатнов йўлга қўйилади

Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Ўзбекистоннинг Qanot Sharq Airlines ширкати Прага ва Тошкент ўртасида мунтазам авиақатновни йўлга қўймоқда. Ширкатнинг билдиришича, 2024 йил 18 апрелдан бошлаб Чехия ва Ўзбекистон пойтахтлари ўртасидаги авиақатноқ ҳафтасига бир марта – ҳар пайшанба куни амалга оширилади.

Расман билдирилишича, парвоз вақти олти соатни ташкил қилади. Прагадан пайшанба куни учиш вақти соат 16 да. Тошкентга самолёт соат жума куни соат 01:00да қўнади.

Vinegret.cz сайтининг хабар беришича, биринчи рейс учун чипталар сотувга чиқарилди. Бир томонга учиш нархи 330 евро ёки 8370 кронни ташкил қилади. Йўловчиларга 20 кило юкни бепул олиб ўтиш мумкин бўлади.

Qanot Sharq авиаширкати 1998 йилда ташкил қилинган. Унинг авиапарки 6 та замонавий лайнердан иборат: иккита Airbus A320CEO, иккита Airbus A321NEO ва иккита Airbus А330CEO.

Qanot Sharq Airlines, Spot.uz нашри хабарига кўра, Ўзбекистондаги биринчи хусусий авиаширкатдир. У Ўзбекистон шаҳарларидан Туркиянинг Истанбул ва Анқара, БААнинг Дубай, Саудия Арабистонининг Жидда ва Мадина, Россиянинг Москва ва Санкт-Петербург ҳамда Қозоғистоннинг Олмаота шаҳарларига парвозлар амалга оширишни мўлжаллаган.

Россия Украина нефть заводларига ҳужум қилгани ортидан бензин экспортини чеклади

Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводига қилинган ҳужумлардан бири.
Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводига қилинган ҳужумлардан бири.

Россия ҳукумати 1 мартдан бошлаб бензин экспортини чеклайди. Озодлик радиоси рус хизматининг хабар беришича, чеклов Украина армияси нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужум қилгани ортидан киритилмоқда. Хабарда айтилишича, ғарб санкциялари оқибатида ҳужум оқибатларини тез орада бартараф этиш имкониятлари мавжуд эмас.

Россия бош вазири ўринбосари Александр Новак расмий вакилининг билдиришича, чеклов олти ойга киритилмоқда. Бунинг оқибатида ҳукумат бензин ишлаб чиқариш қисқаргани сабабли нархлар ўсишининг олдини олмоқчи.

Россиянинг Волгоград, Краснодар, Туапсе ва Усть Лугидаги тўртта нефтни қайта ишлаш заводи январь-февралда дронлар ҳужумига учраган эди. Нижегород нефтни қайта ишлаш заводида юз берган носозлик оқибатида эса Россияда бензин ишлаб чиқариш 2 фоизга озайди.

РБКнинг ўз манбаларига таяниб хабар беришича, бензин экспорти чеклови “Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар, Монголия, Ўзбекистон, Абхазия ва Жанубий Осетияга жорий этилмаслиги мумкин”, деган таҳминни билдирди.

Иқтисодий соҳага ихтисослашган РБКнинг қайд этишича, нефтни қайта ишлаш заводларига қилинган дрон ҳужумлари оқибатида Россияда АИ-92 ва АИ-95 бензини ва дизель ёқилғиси нархлари 23 фоизгача қимматлаган.

Волгоградда Қуръонни ёққан Журавель Грознийда 3,5 йилга кесилди

Судда Журавель мусулмонлардан кечирим сўради ва Қуръонни ёққанини тан олди.
Судда Журавель мусулмонлардан кечирим сўради ва Қуръонни ёққанини тан олди.

Чеченистон пойтахти Грознийда волгоградлик Никита Журавель 3,5 йилга кесилди. У безориликда айбдор деб топилди. Суд ҳукми билан у диндорлар ҳиссиётларини ҳақорат қилганликда ҳам айбдор деб топилди ва 300 соат мажбурий меҳнатга жалб қилинади.

Судда Журавель мусулмонлардан кечирим сўради ва Қуръонни ёққанини тан олди.

2023 йил 19 майда “Утро Дагестан” телеграм каналида масжид фонида ёнаётган Қуръон китоби акс этган видео тарқалган эди. Эртаси куни Волгоградда маҳаллий педагогика университети талабаси Никита Журавель қўлга олинганди. Шундан сўнг ижтимоий тармоқларда у Қуръонни Украинадан олинган буйруқ асосида ёққани тўғрисидаги видеолар тарқалган эди. Журавель ўшанда гўёки бу ҳаракати учун унга 10 минг рубль ваъда қилинганини айтган.

Журавелга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини тергов қилишни Россия тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин Чеченистонга топширган эди. Бастрикинга кўра, бунга “минтақа аҳолисининг асосий қисми ўзини жабрланувчи деб ҳисоблаши сабаб бўлган”.

Журавель Грознийда ҳибсда сақланаётганида Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг 15 ёшли ўғли Адам томонидан калтакланган эди. Калтакланиш видеосини Рамзан Қодиров 2023 йил сентябрида ижтимоий тармоқларда эълон қилди.

Бу видео жамоатчиликда шов-шувларга сабаб бўлди, аммо Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари бу воқеа юзасидан жиноят иши қўзғатишдан бош тортган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари бегона одам қай тарзда тергов изоляторига киргани ва маҳбусни калтаклагани тўғрисида тушунтириш ҳам бермаган.

Россия президенти Дмитрий Песков эса журналистлардан унга бу воқеа юзасидан савол бермасликни илтимос қилган.

Чеченистон расмийлари эса Адам Қодировнинг бу ҳаракатини қўллаган. Рамзан Қодиров ўғли Журавелни калтаклаб ўлдирганида “яхши бўлиши”ни билдирган. Кейинроқ Рамзан Қодиров ўғлини Чеченистон қаҳрамони унвони билан тақдирлаган.

Вашингтонда америкалик учувчи Исроил элчихонаси олдида “Фаластинга озодлик” дея ўзига ўт қўйди

Вашингтон. Исроил элчихонаси олдида ҳарбий 25 февралда ўзига ўт қўйган.
Вашингтон. Исроил элчихонаси олдида ҳарбий 25 февралда ўзига ўт қўйган.

“Настояшчее время” телеканалининг билдиришича, Вашингтонда Исроил элчихонаси олдида ўзига ўт қўйган америкалик учувчи касалхонада вафот этди.

АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари учувчиси ўзига ўт қўйгани тўғрисида CNN Вашингтон полициясига таянган ҳолда 25 февралда хабар берган эди.

Учувчи ўз ҳаракатларини видеога олган. Видеода учувчи исми Аарон Бушнелл эканини ва “ортиқ геноцидга шерик бўлишни истамаслиги”ни, унинг изтироблари фаластинликлар тортаётган азоб-уқубатлар олдида “арзимас” нарсалигини айтган.

Шундан сўнг Бушнелл камерани ерга қўйган ва ўзини ёқиб юборган. У ўзига ўт қўйиш олдидан “Фаластинга Озодлик”, деб ҳайқирган. Полиция ўтни ўчиришга ҳаракат қилган.

Учувчи касалхонага ётқизилган. Ўшанда унинг аҳволи оғир экани айтилган эди.

АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари расмий вакили Роуз Райли ўзига ўт қўйган шахс ҳарбий бўлганини тасдиқлади.

Франция президенти Украинага қўшин жўнатиш эҳтимолини эътибордан соқит қилмади

Франция президенти Эммануэль Макрон.
Франция президенти Эммануэль Макрон.

Франция президенти Эммануэль Макрон Россияга қарши урушда Киевни дастаклаш мақсадида Украинага қўшин жўнатиш эҳтимолини эътибордан соқит қилмади.

“Бугун пиёда қўшинларни жўнатиш масаласида муроса мавжуд эмас, лекин буни эътиборсиз қолдириб бўлмайди. Биз Россия ғалабага эришмаслиги учун қўлимиздан келган барча ишларни амалга оширамиз”, - деди Макрон Парижда ўтган Европанинг 20 лидери учрашувидан сўнг журналистларга берган суҳбатида. Мазкур учрашувда АҚШ ва Канада вакиллари ҳам иштирок этган.

Макрон қайси давлатлар Украинага қўшин жўнатиши мумкинлиги тўғрисидаги саволларга жавоб беришдан бош тортди.

Саммит Макрон ташаббуси билан ўтказилди ва унда Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларига жавобни кучайтириш масаласи муҳокама этилди.

“Россия позицияси ўзгарди. У янги ҳудудларни босиб олишга интилмоқда ва Украина бу йўналишдаги ягона давлат эмас, бошқа давлатларга ҳам кўз тикмоқда. Шунинг учун Россия катта хавф туғдирмоқда”, – деди Макрон ўз сўзида.

Саммитда киберҳимоя, Украинада ҳамкорликда қурол ва ўқ-дори ишлаб чиқариш, Украина-Беларусь чегарасида мудофаани мустаҳкамлаш, Украина ҳудудларини миналардан тозалаш, Россия бевосита таҳдид солаётган Молдова каби давлатларнинг мудофаасини кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратишга келишиб олинди.

Макрон Украинага “узоқ масофага ҳужум қилиш учун ракеталар ва бомбалар етказиб бериш бўйича янги коалиция” тузилганини эълон қилди.

Макрон АҚШда ўтадиган президентлик сайловларига Европа нуқтаи назарини изоҳлар экан: “Европа тақдири таҳдид остида турибди, шунинг учун қарорни европаликлар қабул қилиши шарт. Агар бошқалар бунга қўшилса ва ёрдам бергиси келса, бу жуда яхши, бу қўшимча бонус сифатида қабул қилинади”, – деб таъкидлади.

Венгрия парламенти Швециянинг НАТОга қўшилишини қўллади

Швеция бош вазири Ульф Кристерссон (чапда) ва Венгрия бош вазири Виктор Орбан.
Швеция бош вазири Ульф Кристерссон (чапда) ва Венгрия бош вазири Виктор Орбан.

Венгрия парламенти Швециянинг НАТОга қўшилиши тўғрисидаги келишувни ратификация қилди. Эндиликда икки юз йилдан кўпроқ вақт мобайнида бетарафликни сақлаб келган Швеция НАТОнинг 32-аъзосига айланади.

Парламент қабул қилган ҳужжатни Венгрия бош вазири Виктор Орбан бир неча кун ичида имзолаши кутилмоқда. Шундан сўнг НАТО Швецияга ташкилотга қўшилиш юзасидан расмий таклиф киритади.

Швеция бош вазири Ульф Кристерссон бу кунни “тарихий” деб атади ва ўз мамлакати “Шимолий Атлантикада хавфсизликни таъминлаш йўлида елкадош бўлишга ва тўлиқ масъулиятни зиммасига олишга тайёр” эканини билдирди.

Швеция ва Финляндия Россия Украинага бостириб кирганидан кўп ўтмай - 2022 йилнинг баҳорида НАТОга аъзо бўлиш учун ариза берган эди. НАТОга қўшилиш учун ташкилотга аъзо давлатларнинг барчаси розилик бериши лозим. Финляндия НАТОга қўшилган 31-давлат бўлди. Швециянинг аъзолик масаласи эса Туркия ва Венгрия позицияси ортидан ортга сурилиб келаётганди. Туркия шу йилнинг январида Швециянинг НАТОга қўшилишига розилик берганди. Шундан сўнг Венгрия Швециянинг ташкилотга қўшилишига монелик қилаётган ягона давлат бўлиб қолаётганди.

Фаластин мухторияти бош вазири Штайе истеъфо берди

Фаластин мухторияти бош вазири Муҳаммад Штайе.
Фаластин мухторияти бош вазири Муҳаммад Штайе.

Фаластин мухторияти бош вазири Муҳаммад Штайе Фаластин миллий маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббосга истеъфо тўғрисидаги аризани топширди. Бош вазир билан биргаликда ҳукумат ҳам истеъфога кетади. Бош вазир истеъфосига Иордан дарёси Ғарбий соҳилидаги сиёсатчиларнинг Ғазо бўлгасидаги вазият юзасидан консенсусга кела олмагани сабаб бўлгани айтилмоқда.

Аббос Штайенинг истеъфосини қабул қилди. Штайе янги ҳукумат шакллантирилгунига қадар бош вазир вазифасини бажариб туради.

Штайе “Ғарбий соҳил ва Қуддусдаги вазият кескинлашгани, Ғазода геноцид ва очлик юзага келгани” муносабати билан истеъфо бергани тўғрисида “Ал Жазира” телеканали хабар берди.

Штайенинг билдиришича, Ғазодаги янги реаллик “фаластинликлар ва фаластинликлар ўртасида” янги келишувларга ва консенсусга эришилишини талаб қилади.

Халқаро матбуотнинг билдиришича, Штайе Фаластин мухториятига АҚШ ва жаҳон ҳамжамиятининг босими кучайган бир паллада истеъфо берди. Фаластин мухторияти ва Маҳмуд Аббос етакчилигидаги ФАТХ ҳаракатидан ҲАМАС-Исроил уруши якунланганидан сўнг Ғазодаги вазиятни изга солишни ўз зиммасига олиш талаб қилинмоқда. Айни пайтда ФАТХ ва Маҳмуд Аббос маъмуриятининг Ғазода ҳам, Ғарбий соҳилда ҳам таъсир кучи унча катта эмас. ҲАМАС АҚШ ва ЕИда террорчи ташкилот сифатида тан олинган.

Украина президенти Зеленский RFE/RL президенти Стив Капус билан учрашди

RFE/RL президенти Стив Капус Украина президенти Владимир Зеленский билан. 26 февраль, 2024 йил.
RFE/RL президенти Стив Капус Украина президенти Владимир Зеленский билан. 26 февраль, 2024 йил.

Украина президенти Владимир Зеленский 26 февраль куни Киевда Озод Европа/Озодлик радиоси (RFE/RL) медиа корпорацияси президенти Стивен Капус билан учрашди.

Зеленский ва Капус, хусусан, Россия босқини шароитида Украинадаги журналистларнинг фаолиятини муҳокама қилди.

Украина президенти халқаро ОАВ, хусусан, Озодлик радиосининг Украинадаги урушни ёритишини юқори баҳолади. Зеленский ва Капус, шунингдек, Озодлик радиоси украин хизмати журналисти Владислав Есипенко тақдирини муҳокама қилди.

Есипенко уч йилдан бери Россия томонидан аннексия қилинган Қримда уйдирма айбловлар билан ҳибсда сақланмоқда.

"Бу муҳим он: Россия босқинининг учинчи ва Украина ҳудудларини ноқонуний тарзда қўшиб олишининг ўнинчи йилидир. Озодлик радиосининг вазифаси - Украинада содир бўлаётган воқеаларни дунёга кўрсатиш, ҳақиқатни ошкор этиш ва украин халқининг буюк жасорати ва бардамлигини намойиш қилиш”,- деди Капус.

У, шунингдек, Есипенкони озод қилишга чақирди. Зеленскийнинг айтишича, Украина ҳукумати барча украиналикларни, айниқса қримликларни ва журналистларни ватанларига қайтариш устида ишламоқда.

Россия Адлия вазирлиги 20 февралда Озод Европа/Озодлик радиоси (RFE/RL)ни мамлакатда фаолият кўрсатиши исталмаган хорижий нодавлат ташкилотлари рўйхатига киритди.

RFE/RL мустақил медиаширкат бўлиб, у АҚШ Глобал медиа агентлиги воситасида Конгресс ажратадиган грант маблағлари ҳисобига фаолият юритади.

RFE/RL асосан матбуот эркинлиги чекланган 23 давлат учун 27 тилда ахборот беради.

HRW: Ўзбекистон ҳукумати қорақалпоқ фаолини асоссиз айбламоқда

Ақилбек Муратбай 10 йилдан бери Қозоғистонда яшайди.
Ақилбек Муратбай 10 йилдан бери Қозоғистонда яшайди.

Хьюман Райтс Вотч (HRW) Ўзбекистон ҳукумати Қозоғистонда яшаётган қорақалпоқ фаоли Ақилбек Муратбай (Муратов)га нисбатан асоссиз жиноий айбловларни олға сурмоқда, деб ҳисоблайди. Халқаро ташкилотнинг бу борада 26 февраль куни баёнот тарқатди.

Баёнотда Қозоғистон ҳукумати бу “сохта айбловлар”ни рад этишга ва Муратбайни зудликда қамоқдан озод қилишга чақирилган.

“Муратбайга нисбатан Ўзбекистонда қўзғатилган жиноят иши ҳуқуқ фаолидан ўч олишга қаратилган ҳаракатдир”, - дейилади баёнотда.

Озодлик радиоси аввалроқ Олмаота шаҳар полиция департаменти матбуот хизмати 16 февраль куни қорақалпоқ фаоли Ақилбек Муратбай 15 февраль оқшомида қўлга олинганига оид маълумотни тасдиқлагани тўғрисида хабар берган эди.

Полиция баёнотида Бош прокуратура Қозоғистонда 10 йилдан ортиқ истиқомат қилаётган 35 ёшли Муратбайни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш масаласини кўриб чиқаётгани айтилган.

Қароргоҳи Венада жойлашган Freedom for Eurasia ташкилоти аввалроқ Қозоғистон расмийларини Ақилбек Муратбайни озод қилишга чақирган эди.

Ҳуқуқбонларга кўра, Ўзбекистон расмийлари сўровига биноан қўлга олинган Муратбай “жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш” ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш”да айбланмоқда.

26 февралда Озодлик Олмаота Бандлик ва ижтимоий дастурлар бошқармаси ҳозирда ҳибсда сақланаётган Ақилбек Муратбай (Муратов)га “Қозоғистонда бошпана излаётган шахс” гувоҳномасини бергани тўғрисида хабар берди.

Муратбайнинг адвокати гувоҳнома 2024 йил 23 майгача яроқли эканини айтди:

“Зарурат туғилса, гувоҳнома муддати яна уч ойга узайтирилиши мумкин. Қозоғистон қонунчилигига асосан, бундай гувоҳномага эга бўлган шахс мамлакатдан экстрадиция қилинмайди. Мазкур ҳужжат асосида Муратовга қочқин мақоми берилиши мумкин”, -деди адвокат.

Муратбай сўнгги бир ярим йилда Ўзбекистон сўрови билан Қозоғистонда ҳибсга олинган олтинчи қорақалпоқ фаолидир. Муратбайдан олдин қўлга олинган беш нафар қорақалпоқ фаол 2023 йил сентябрь ва ноябрь ойларида экстрадиция қилиниши кутилаётган шахсни қамоқда сақлаш муддати якунлани муносабати билан озод қилинган эди. Бу ҳақда Озодлик ўз вақтида хабарлар берган.

Улар Ўзбекистонга экстрадиция қилинмаган, аммо Қозоғистон ҳукумати уларга қочқинлик мақоми беришдан бош тортган.

Қозоғистонда қорақалпоқ фаоли Ақилбек Муратбайга бошпана изловчи шахс мақоми берилди

Ақилбек Муратбай.
Ақилбек Муратбай.

Олмаота Бандлик ва ижтимоий дастурлар бошқармаси қорақалпоқ фаоли Ақилбек Муратбай (Муратов)га “Қозоғистонда бошпана излаётган шахс” гувоҳномасини берди. Бу ҳақда Озодликнинг қозоқ хизматига унинг яқини Фариза Нарбекова хабар қилди.

Муратбайнинг адвокати гувоҳнома 2024 йил 23 майгача яроқли эканини айтди:

“Зарурат туғилса, гувоҳнома муддати яна уч ойга узайтирилиши мумкин. Қозоғистон қонунчилигига асосан, бундай гувоҳномага эга бўлган шахс мамлакатдан экстрадиция қилинмайди. Мазкур ҳужжат асосида Муратовга қочқин мақоми берилиши мумкин”, -деди адвокат.

Олмаота шаҳар полиция департаменти матбуот хизмати 16 февраль куни қорақалпоқ фаоли Ақилбек Муратбай 15 февраль оқшомида қўлга олинганига оид маълумотни тасдиқлаганди.

Полиция баёнотида Бош прокуратура Қозоғистонда 10 йилдан ортиқ истиқомат қилаётган 35 ёшли Муратбайни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш масаласини кўриб чиқаётгани айтилган.

Қароргоҳи Венада жойлашган Freedom for Eurasia ҳуқуқбонлик ташкилоти аввалроқ Қозоғистон расмийларини Ақилбек Муратбайни озод қилишга чақирган эди.

Ҳуқуқбонларга кўра, Ўзбекистон расмийлари сўровига биноан қўлга олинган Муратбай “жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш” ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш”да айбланмоқда.

Украина разведкаси раҳбари Навальний ўлимига тромб узилиши сабаб бўлганини айтди

Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов.
Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов.

Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов Россия мухолифатчи сиёсатчиси Алексей Навальний ўлимига тромб узилиши сабаб бўлгани ҳақида билдирди. У бу маълумотни “аниқроқ тасдиқланган”, деб атади.

Буданов бу ҳақда Киевда 25 февралда ўтган "Украина. 2024 йил" форумида журналистларнинг “Навальний қандай ўлдирилгани тўғрисида Украина разведкаси маълумотга эгами?” деган саволига жавобан айтди.

“Ҳафсалангизни пир қилишим мумкин, бироқ бизга маълум нарса шуки, у ҳақиқатан ҳам тромб узилишидан ўлди. Бу аниқроқ тасдиқланган. Бу маълумот интернетдан олинмади”, - деди Буданов.

Аввалроқ Кремль назорати остидаги RT телеканали ҳам манбаларни келтирмаган ҳолда, Навальний ўлимига тромб узилиши сабаб бўлгани тўғрисида хабар берган эди.

Навальнийнинг Коррупцияга қарши кураш фондидаги сафдошлари ва унинг беваси Юлия мухолифатчи ўлдирилгани тўғрисида баёнот берганди. Коррупцияга қарши кураш фонди Навальний ўлими тўғрисида ишончли маълумот тақдим эта олган шахсга юз минг евро миқдорида мукофот берилишини эълон қилган.

Коррупцияга қарши кураш фонди раҳбари Мария Певчих Будановнинг сўзларига муносабат билдирар экан, уни “ёлғон айтган”ликда айблади.

47 ёшли Навальний Ямал-Ненец мухтор округидаги қамоқхонада ўлгани тўғрисида Россия расмийлари 16 февралда баёнот берган эди.

Суд-тиббиёт экспертизаси Навальний ўз ажали билан ўлгани тўғрисида хулоса берди. Навальнийнинг сафдошлари ва оиласи ҳозирча мустақил экспертиза ўтказилиши ёки ўтказилмаслиги юзасидан маълумот бермади.

Лукашенко 2025 йилдаги сайловда қатнашишини билдирди

Лукашенко 30 йилдан бери Беларусни бошқариб келмоқда.
Лукашенко 30 йилдан бери Беларусни бошқариб келмоқда.

Александр Лукашенко Беларусда 2025 йилда ўтказиладиган президентлик сайловида иштирок этишини билдирди. Бу унинг саккизинчи президентлик муддати бўлади.

“Қатнашаман, қатнашаман, қатнашаман. Уларга шу гапимни етказиб қўйинг!”, - деди 25 февралда Беларус парламенти қуйи палатаси депутатлари сайловида овоз бериш участкасида журналистлар билан суҳбатлашган Лукашенко.

Авторитар раҳбар “Уларга бу гапимни етказиб қўйинг”, деганида хориждан бошпана топган беларусь мухолифатчиларини назарда тутди.

Мухолифат лидери Светлана Тихановская мазкур сайловни бойкот қилишга чақирган. Озодлик радиоси беларусь хизматининг хабар беришича, сайлов кенг кўламли репрессиялар фонида ўтказилмоқда. Сайловда мустақил кузатувчилар ва Лукашенкога мухолиф номзодлар мавжуд эмас.

Жорий йилда Лукашенко илк бор Белдарусь президентлигига сайланганига 30 йил тўлади. Лукашенко эса 70 ёшини нишонлайди.

АҚШ ва қатор давлатлар расмий Минск билан дипломатик алоқаларни сақлаётган бўлса-да, 2020 йилдаги сохталаштирилган сайловларда ғолиб бўлган Лукашенкони легитим президент сифатида тан олмайди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG