Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:12

Алюминий заводи яна кун тартибига чиқди


Тожикистон президенти Имомали Раҳмоновнинг Турсунзодадаги йирик алюминий заводининг ишлаб чиқариш қувватини ошириш ҳақида қилган чиқиши сурхандарëликларни жиддий хавотирга солиб қўйган кўринади.

И.Раҳмонов ушбу завод ўтган йили 379 минг 630 тонна алюминий ишлаб чиқаргани, жорий йилда ишлаб чиқариш 420 минг тоннага етиши кутилаётгани ҳақида баёнот берди.

Ўзбекистон жанубидаги вилоятларда яшовчи аҳолининг билдиришича, Тожикистондаги Турсунзода алюминий заводи атроф-муҳитга ва инсонлар ҳаётига катта зарар келтирмоқда. Тожикистон ҳукумати эса фуқароларнинг алюминий заводи хусусида Ўзбекистонда шовқин кўтарилаётгани ортида сиёсий сабаблар ётганини айтмоқда.

Ўтган асрнинг 80-90 йилларидан бошлаб Тожикистон алюминий заводи (ТАЗ) таъсирида Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида экологик вазият ёмонлашган. Бунинг натижасида ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳам катта зарар кўряпти.

Сурхондарё вилоятининг Денов туманилик фуқароларнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда полиз экинларидан, мевали дарахтлардан кўнгилдагидек ҳосил олиб бўлмаяпти.

Шунингдек, Сурхандарë вилояти аҳли орасида ўлим кўпайгани, эркакларнинг касалманд, аëлларнинг пуштсиз бўлиб бораëтганидан хавотир билдирмоқда.

Ўзбекистон матбуотида бу ҳақда бир неча бор мақолалар ëзилиб, унда Тожикистон ҳукуматининг фойда кетидан қувиб, одамларнинг соғлигига парво ҳам қилмаëтгани қайд этилган.

Кейинчалик Ўзбекистон парламентининг Қонунчилик палатасида мамлакатнинг жанубий вилоятларига Тожикистон алюминий заводи етказаётган экологик таъсирни ўрганиш бўйича махсус комиссия ташкил этилган эди.

“Экосан” халқаро жамғармаси раиси Юсуф Шодиметов “Озодлик”ка берган интервьюсида ТАЗнинг Сурхондарë вилояти аҳлига салбий таъсири ортиб бораëтганини тасдиқлади.

Сўнгги маълумотларга кўра, ТАЗдан чиқаётган зарарли водород фторид моддаси Сурхондарёда меёрдагидан 2,5 баробаргача юқори бўлиб қолмоқда. Натижада касаллик ортиб боряпти. Жумладан, 2005 йилда аёллар ўртасида анемия 68,1 фоиз, бўқоқ 3,6 фоиз, ошқозон-ичак касалликлари 5,5 фоиз кўпайган.

Тожикистонлик мустақил кузатувчи Абдуғани Мамадазимов совет даврида ТАЗ юзасидан икки қўшни республика заррача ҳам ëқа ушламагани, аммо мустақил бўлгач, Тожикистон Ўзбекистон томонидан айбланиб келинаëтганини айтади

“10 йилдан буëн бизни экологияга зарар етказаëтганликда айблашади. Фуқаролик уруши йилларида бизга ҳеч нарса дейишмаган эди. Аммо 2000 йилга келиб иқтисодий кўрсаткичларимиз ортавергач, ТАЗга қарши овозлар янграй бошлади. Ҳақиқатдан ҳам экологик муаммоларни олдини олиш лозим бўлса, унинг олдини олиш керак. Лекин Ўзбекистон ҳукумати бўрттириб гапирадиган даражада эмас”, - дейди А.Мамадазимов.
XS
SM
MD
LG