Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:28

Дадаҳон Ҳасан судда сўроқ қилинди


31 июль куни таниқли шоир ва ҳофиз Дадаҳон Ҳасан устидан Тошкент шаҳар жиноий ишлар бўйича судда судя Илҳом Жалолов раислигида суд мажлиси бошланди. Дадаҳон Ҳасаннинг ҳимоячиси Сурат Икромовга кўра¸ ҳофизга жиддий айблар қўйилган. Ҳофиз Дадахон Ҳасанов Ўзбекистон Республикаси президентига, Ўзбекистон Республикаси конституцион тузумига қасд қилиш ва жамоатчилик хавфсизлиги ва тартибига хавф солувчи материалларни тайёрлаш ёки тарқатишда айбланмоқда.

2006 йилнинг 31 июль куни, соат 15.00 да бошланган маҳкамада таниқли ўзбек ҳофизи ва шоир Дадахон Ҳасанов устидан суд жараёни бошланган, ҳофизнинг таржимаи ҳоли сўралган ва суд мажлиси жума кунига қолдирилган.

Кузатувчиларга кўра шу куни суд биноси атрофида Тошкентдаги турли ташкилотлар, элчихоналар вакиллари тўпланишган. Улар суд мажлисида жамоатчилик номидан иштирок этишни сўрашган.

Дадаҳон Ҳасаннинг ҳимоячиларига кўра¸ айблов хулосаси фуқаро Ҳусниддин Авазовнинг чақимчилигига асосланган. Чақимчига кўра, рўйхатга олинмаган “Эрк” партиясининг аъзолари Ҳазрат Аҳмедов ва Жамол Қутлиевлар Дадахон Ҳасановнинг 2005 йилнинг 13 майидаги Андижон воқеаларига бағишланган қўшиқларини тинглаш билан шуғулланганлар.

2006 йилнинг 12 апрелида Дадахон Ҳасановнинг уйида Ўзбекистон Хавфсизлик хизмати ходимлари тинтув ўтказганлар. Натижада турли қўлёзмалар, интернетдан олинган кўчирма материаллар, “Озодлик” радиосига берилган интервью ва муаллиф ижросидаги қўшиқлар ёзилган аудио кассеталар топилган.

Мустақил кузатувчи Комрон Алиевнинг таъкидлашича, Дадахон Ҳасанга ўхшаб сиёсий қўшиқлари билан халққа танилган ижодкор Ўзбекистонда йўқ, дейиш мумкин.

”Дадахон Ҳасан ҳукумат тузумига қарши тўғридан-тўғри қўшиқ айтди, дейишга, менимча, ҳеч қандай асос йўқ. Андижонда қатлиом бўлганини расмий Тошкентнинг ўзи ҳам инкор этмайди, аммо ушбу қатлиомда улар акрамийларни айбламоқда. Шундай экан, Дадахон Ҳасаннинг қатлиом тўғрисида қўшиқ куйлашга ҳаққи бор”, - деди кузатувчи.

Дадахон Ҳасанов – Ўзбекистонда таниқли ва кўпчилик суйган халқ ҳофизи бўлиб, 1965-1990 йилларда жуда кўплаган мухлисларига эга эди. У Совет даврида ҳам Давлат хавфсизлик қўмитаси ва ИИВ томонидан бир неча бор таъқиб қилинган.

Жумладан, ЎМҲТГ матбуот маркази тарқатган матбуот варақасида айтилишича, 1976 йилда Тошкентдаги Свердлов номидаги концерт залида ўтган концертдан кейин Дадахон Ҳасанов милиция томонидан ушланиб, беш кун давомида вақтинчалик қамаш камерасида ушлаб турилган эди.

1992 йилдан тортиб Дадахон Ҳасановга Ўзбекистон телевидениеси ва радиосидагина эмас, балки тўйларда ва кўпчилик тўпланган бошқа жойларда ҳам қўшиқ куйлаш ман қилинган.

”Мен ўзимни мутлақо айбдор деб ҳисобламайман. Мен қўшиқ куйлаганман холос! - демоқда Дадахон Хасанов.

Дадаҳон Ҳасан Горбачев демократияси пайтида қўлига соз олиб ўзбек ҳалқи дардларини куйлаган ижодкор сифатида тарихга кирди.

Михаил Горбачев сизга айтар нолаларим бор¸ деб куйлаган эди ўшанда Дадаҳон Ҳасан.

Ҳофизнинг халқ ичида машҳурлиги ҳукуматга тинчлик бермай келди. 90-йиллар бошида у қамоққа олиниб, Ички ишлар вазирлиги ертўласига ташланди. Озод этилгач, узоқ йиллар давомида махсус хизматлар назорати остида яшади. Мамлакат ичида ва ташқарида ҳаракатланиш учун ҳофиз махсус хизматлардан рухсат олиши шарт эди.

Ҳатто унинг қўшиқларини тинглагани учун қамоққа ташланганлар ҳам бўлди. Бухорода яшовчи икки фуқаро Д.Ҳасаннинг Андижон воқеаларига бағишланган қўшиғини тинглагани учун банди қилинди.

Дадахон Ҳасан ўз қўшиқларида адолатсизликларга, ҳукумат амалдорларининг оддий кишиларга нисбатан амалга ошириб келаётган ҳуқуқбузарликларига нисбатан халқ ғазабини ифода этди. Ўзбекистонда ҳофизнинг бу мавзудаги қўшиқлари кенг тарқалган.

“Андижонда қатлиом бўлди” номли қўшиқда қуйидаги мисралар бор:

Эшитмадим деманглар,
Маликалар, башанглар,
Сиз, эй, аҳли гаранглар -
Анжанда қатлиом бўлди.
Президент буйруқларидан,
“Калашников” ўқларидан
Халқ ўқ еб қуйруқларидан -
Анжанда қатлиом бўлди.


Дадаҳон Ҳасанов устидан бошланган суд мажлиси 4 августга қолдирилди.
XS
SM
MD
LG