Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:47

БМТ резолюция қабул қилди, бироқ...


Дунё давлатлари раҳбарлари БМТ Хавфсизлик кенгашининг Ливанда Исроил ва “Ҳизбаллоҳ” ўртасида қарийб бир ойдан бери давом этаётган қуролли тўқнашувни тўхтатишга қаратилган резолюциясини олқишлади.

Бу давлатлар қаторида Германия, Япония ва Европа Иттифоқи мамлакатлари бор. Кўпчилик бу резолюция Яқин Шарқда узоқ муддатли ва барқарор тинчлик ўрнатишда олдинга ташланган дастлабки қадам, дея умид билдирди.

Байрутга сафар қилаётган Европа Иттифоқининг ташқи сиёсати мутасаддиси Ҳавьер Солана: “Мен ўтган кеча қабул қилинган резолюция ўт очишни тўхтатиш ва тинчлик, узоқ муддатли тинчлик ўрнатишга асос бўлади, деб умид қиламан. Ливан халқи тинч яшашга ҳақли, деб ўйлайман”, – деди Европа Иттифоқи мутасаддиси.

БМТ Хавфсизлик кенгаши қабул қилган резолюция ўт очишни тўхтатиш ва Исроил қўшинларининг Ливан ҳудудидан олиб чиқилишини кўзда тутади. Шунингдек, ҳужжат қўшинлар олиб чиқилиши ва тинчликни сақлашда Ливан армиясига ёрдам бериш учун Ливан жанубига БМТнинг 15 минг аскардан иборат ҳарбий кучлари жойлаштирилишини ҳам назарда тутади. Бундан ташқари, Ливан ҳукумати “Ҳизбаллоҳ” гуруҳи хориждан қуроллар олиб келишига йўл қўймаслиги ҳам алоҳида таъкидланган.

Ливан ҳукумати БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясини шанба куни қабул қилишига ишора қилди. Исроил ҳукумати аъзолари эса БМТ резолюциясини якшанба куни муҳокама қилади.

Исроил Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Марк Регев БМТ резолюцияси барча тўғри талабларни ўз ичига олганини айтди.

“Мазкур ҳужжат “Ҳизбаллоҳ”нинг чегара минтақаларига қайта бормаслиги, Эрон ва Сурия бу гуруҳни қуроллантиришига йўл қўймаслик, шунингдек, “Ҳизбаллоҳ”ни жангари гуруҳ сифатида қуролсизлантириш ҳақидаги халқаро мажбурият бажарилишини кафолатлайди”, – деди М.Регев.

Бироқ Ливанда ўт очишни тўхтатиш қачон кучга кириши номаълум. БМТ резолюцияси қабул қилинганидан бир неча соат ўтиб, Исроил ҳарбий қисмлари Ливан ҳудудида ҳужумларни кенгайтираётгани эълон қилинди.

Исроил армияси танклари ва қўшинларидан иборат колонналар чегарани кесиб ўтди. Исрил авиацияси Ливан жанубини бомбардимон қилди. Оқибатда 15 киши нобуд бўлди.

Исроил Ливандаги ўз ҳарбий қўшинлари сонини уч баробар кўпайтирди. Исроил армияси қўмондони Дан Халуц бу чора ҳужумлар кўламини кенгайтириш ҳақидаги қарор доирасида амалга оширилгани ва қуруқликдан ҳужумлар яна бир ҳафта давом этиши мумкинлигини билдирди. Дан Халуц БМТ қабул қилган резолюцияга мувофиқ халқаро кучлар жойлаштирилмагунича Исроил армияси Ливан ҳудудларини тарк этмаслигини маълум қилди.

Томонлар ўртасида ўт очишни тўхтатиш қачон кучга кириши шу ҳафта охирида маълум бўлиши мумкин. Бу ҳақда келишиб олиш учун БМТ бош котиби Кофи Аннан Исроил ва Ливан расмийлари билан имкон қадар тез фурсатда учрашиши кераклигини маълум қилди.

Шанба куни Халқаро қизил хоч ташкилотига қарашли кема Ливаннинг Тир шаҳри портида тўхтаб, 200 тонна гуманитар ёрдам юклари туширди.

Ташкилотнинг Тир шаҳридаги вакили Роланд Ҳюжиннинг билдиришича, Исроил ҳарбийлари икки кун рад жавоби берганидан сўнг ниҳоят кемага ҳужум қилмасликни кафолатлаган. Халқаро қизил хоч ташкилоти кемаси Тир портига 200 минг одамга етарли озиқ-овқат, 50 тонна ун, дори-дармонлар ва ёнилғи олиб борган.
XS
SM
MD
LG