Линклар

Шошилинч хабар
13 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:17

"Лола инқилоби"нинг "ранглари"


Қирғизистонда 2005 йил март инқилобидан кейин пайдо бўлган умидлар пучга чиқаётганидан нафақат қирғизистонликлар, балки Ғарбнинг ҳам ҳафсаласи пир бўлаётган кўринади.

“Лола инқилоби”дан ҳафсаласи пир бўлган сафдошлари эътирозларига мамлакат президенти Қурмонбек Бақиев: “Шу ернинг нонини еб, сувини ичиб, ўз ватанини ёмонлаган сиёсатчиларимиз йўқ эмас. Улар, айниқса, ғарбликлар олдида оғзини кўпиртириб, бизни ёмонлайди. Худди Ғарб уларга ёрдам кўрсатишга тайёр тургандай. Бу билан иш битмайди, аксинча, барча сиёсий кучлар бирлашиб, бир ёқадан бош чиқарсак, мамлакат фаровонликка эришади”, - деб жавоб қайтармоқда.

Қирғизистондаги Демократия ва фуқаровий жамият уюшмаси президенти Эдил Байсалов Қ.Бақиевнинг собиқ сафдошлари ундан норози бўлишига асослар борлигини айтади.

“Бир нарсани шубҳасиз айтиш мумкин, Қ.Бақиев унга кўрсатилган улкан ишончни, яъни президент сайловида сайловчиларнинг салкам 90 фоизи кўрсатган ишончни оқлай олмади. Ўтган йилнинг март ойида рўй берган воқеалар халқ орасида катта ишонч туғдирганди. Президент бу ишончга таяниб, кўп нарсани ҳал этувчи ислоҳотларни амалга ошириш имконини қўлдан бой бериб келяпти”, - дейди Э.Байсалов.

Бироқ, Э.Байсалов фикрича, бундай ислоҳотларни бошлаш ҳали ҳам кеч эмас.

2005 йил 24 март кунги “лола инқилоби” номини олган воқеалар Ғарбда ҳам катта умидлар пайдо қилган эди. Рангли инқилоблар парадининг бир қисми бўлган бу воқеалар Грузия ва Украина қаторида Қирғизистонда ҳам россияпараст ҳукмдорларни ҳокимиятдан ағдариб, демократик шиорларни кўтарган кучларни иқтидорга келтирди.

Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳининг Марказий Осиё дастурлари раҳбари Майкл Ҳолл сўнгги бир неча ойда рўй бераётган воқеалар Ғарб, биринчи навбатда, АҚШ боғлаган умидларни пучга чиқараётганини таъкидлади.

“Сўнгги воқеалар шуни кўрсатяптики, Қирғизистон ҳукумати собиқ қардош республикалар, жумладан, Ўзбекистон ва айниқса, Россия каби мамлакатлар билан яқинлашишни афзал биляпти. Қ.Бақиев ҳокимият тепасига келганидан бери Қирғизистон қайси йўлни тутишни билмасдан, сиёсий нуқтаи назардан қийин аҳволда қолаётганди. Ҳозир эса қирғиз ҳукумати Шанхай ҳамкорлик ташкилотидаги ҳамкорлари, биринчи навбатда, Ўзбекистон ва Россия билан яқинлашувни ўз манфаатига мос келади, деган хулосага келган кўринади”, - дейди Майкл Ҳолл.

Ўтган ойда Қирғизистон президенти Қ.Бақиев ўзбекистонлик ҳамкасби Ислом Каримов билан террорчиликка қарши курашда якдилликка эришгани ҳақида баёнот берган эди. Шундан сўнг Қирғизистон ҳукумати БМТ томонидан қочқин мақоми берилган андижонлик беш шахсни Ўзбекистонга топширди. Қирғиз ва ўзбек хавфсизлик идоралари ҳамкорлигида Ўзбекистон ҳукумати учун исталмаган шахс ҳисобланмиш қорасувлик таниқли имом Муҳаммадрафиқ Камолов ўлдирилди.

Яқин ҳафталар ичида эса Қ.Бақиевнинг Тошкентга сафар қилиши кутилмоқда. Кўпчилик минтақашунослар бу воқеаларни Қирғизистоннинг инқилобий ҳукумати 2005 йил баҳорида иқтидорга келганида эълон қилган сиёсатда жиддий ўзгариш ўлароқ баҳоламоқда.

Майкл Ҳолл Қирғизистон раҳбарининг ўзбекистонлик ҳамкасби билан террорчиликка қарши якдиллик билан курашиш нияти хавотирларга сабаб бўлишини айтади.

“Ўзбекистонда террорчилик ва экстремизмга қарши кураш, деб аталувчи кураш қандай олиб борилиши ҳаммага маълум. Ўзбекистоннинг бу курашдаги усуллари инсон ҳуқуқларини бузишдан иборат ва аксинча, террорчилик ва экстремизмнинг кенг тарқалишига шароитлар яратиб келмоқда. Қирғизистон ҳам ана шу йўлдан боришини ҳеч ким истамайди, албатта. Бу инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан хавотирлар туғдиради. Албатта, бу ҳамкорлик қай даражада ривожланишини вақт кўрсатади, лекин Қирғизистон террорчиликка қарши курашнинг ўзбекча усули Ўзбекистонда яхшиликка олиб келмаганини инобатга олиб, тўғри қарорлар қабул қилишига умид қилиш мумкин”, - деди М.Ҳолл.

“Лола инқилоби” йўлбошчиларининг сиёсати Ғарб, хусусан, АҚШ кутганидан фарқли бўлаётганини бошқа воқеаларда ҳам кўриш мумкин.

Шу йил бошларида Қ.Бақиев “Манас” аэропортида Америка ҳарбий базаси учун ижара ҳақини оширишни талаб қила бошлади ва бу масала бўйича музокаралар бир неча ойга чўзилди. Охир-оқибат Вашингтон шу пайтгача тўлаб келаётган ижара ҳақини бир неча баробар оширишга мажбур бўлди.

Ўтган ойда эса Қирғизистон ҳукумати америкалик икки дипломатни ўз вазифалари доирасидан четга чиқиш ва Қирғизистон ички ишларига аралашишда айблаб, мамлакатдан чиқариб юборган эди. Бу америкалик дипломатларнинг Марказий Осиё мамлакатларидан биринчи марта ҳайдалиши бўлди. АҚШ ҳам бунга жавобан Қирғизистоннинг Вашингтондаги элчихонасидан икки дипломатни мамлакатдан чиқариб юборди.

Қирғизистондаги Демократия ва фуқаровий жамият уюшмаси президенти Э.Байсалов Қ.Бақиев ҳукуматининг Ғарбга орқа буриб, ён қўшниларига юзланаётгани прагматик сиёсат натижаси эканини айтади. Биринчидан, Бишкек ШҲТ ва бошқа тузилмалар бўйича ҳамкорларининг фикрини инобатга олишга мажбур, иккинчидан эса Бишкекдан демократик қадриятларга содиқ бўлишини истаётган Ғарб ҳам бу содиқликка эришиш учун астойдил ҳаракат қилгани йўқ.

“Менимча, минтақада ўз мавқеи учун курашаётган мамлакатлар, хоҳ у Европа бўлсин, хоҳ Америка, Қирғизистондек кичик ва қашшоқ мамлакатдан ўпкалашдан аввал унга қандайдир муқобил имкониятларни таклиф қилса бўлармиди? Албатта, Қирғизистон раҳбариятининг Россия ёки Ўзбекистонга йўналтирилган сиёсатини ижобий баҳолаб бўлмайди. Лекин, афсуски, бугунги кунда Ғарбнинг ҳам Бишкекка қандайдир муқобил имкониятларни таклиф қилаётганини кўрмаяпмиз, шунинг учун Қирғизистон ҳукумати ўз манфаатлари йўлида бугунги, таъбир жоиз бўлса, прагматик сиёсатни олиб бормоқда”, - дейди Э.Байсалов.
XS
SM
MD
LG