Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:37

Туркманлар газни қиммат сотиш йўлини топди


Россиянинг “Газпром” компанияси Туркманистоннинг газ нархи борасидаги шартларини қабул қилди. Келгуси уч йил мобайнида компания туркман газининг ҳар куб метрини 100 доллардан сотиб олишга рози бўлди.

Мазкур келишув ортидан Туркманистон қўшимча равишда олти миллард доллардан ортиқ даромад олади.

Туркманистоннинг собиқ нефть-газ вазири Назар Суюнов “Газпром” туркманлардан газни оширилган нархда сотиб олса-да, уни Европага жаҳон бозори нархларида сотаётганини қайд этди.

“МДҲда газни ташқарига сотиш билан шуғулланадиган иккита мамлакат бор. Булар Россия ва Туркманистондир. Россия ўз газининг 30 фоизини четга сотади, 70 фозини ўзи истеъмол қилади. Туркманистон эса газининг 10 фоизини ўзи истеъмол қилган ҳолда 90 фоизини сотади. Бу бозорда шакланган мувозанатдир. Агар Россия бу мувозанатни сақламоқчи бўлса, туркман газини сотиб олишга мажбур”, - деди Н.Суюнов.

Унинг таъкидлашича, Туркманистон янги келишувдан катта фойда кўради. Яъни Сапармурод Ниёзов бирни ўрнига иккини олади.

Москвадаги Сиëсий ахборотлар маркази раҳбари Алексей Мухин Туркманистон қўйган нарх “Газпром” учун катта муаммо бўлмаганини айтади.

“Газпром” учун нарх масаласи муҳим эмас. Чунки пулни тўлайдиган Украинадир. Бу масала Украина учун долзарб, зеро газ нархи оширилиши Украина иқтисодиётига мушкуллик яратади”, - дейди А.Мухин.

“Росбизнесконсалтинг” хизмати таҳлилчиси Александр Яковлев “Газпром” сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган иш қилганини таъкидлади.

“Газпром” шарқ ва ғарбга қараб икки томонлама қанот ëзмоқда. Газ монополисти бўлган “Газпром” учун қаердан бўлишидан қатъий назар газ лозим. Қолаверса, “Газпром” газ нархи оширилиши мумкинлигини олдиндан билган эди. Шу нуқтаи назардан Туркманистон белгилаган 100 долларлик нарх “Газпром”ни чўчитмади”, - деди А.Яковлев

Таҳлилчининг сўзларига кўра, бу шартнома Россия-Туркманистон-Украина учбурчагидаги асабийликни йўқ қилишда фойдали малҳам каби бўлди.

Бу фикрни А.Мухин ҳам қувватлаб: “Шартнома Украина, Россия ва Туркманистон ўртасида газ етказиш борасидаги мавжуд низоларга нуқта қўйди. Бу келишувдан Украинанинг янги бош вазири Виктор Янукович ҳам сиëсий ютуққа эга бўлди”, - деди.

Назар Суюнов эса газ ким кўп тўласа, ўшанга сотилишини айтади. Яъни агар бугун Украина туркман гази учун 100 эмас, 130 доллар тўлашга рози бўлса, газ ҳам уники бўлади.

“Бу ерда сиëсат йўқ, тижорат бор”, - дейди Н.Суюнов.

Яқин кунларда Украина давлат делегациясининг Туркманистонга бориши кутилмоқда.

А.Мухин фикрича, “Газпром” билан келишув имзолангандан кейин бу ташриф ўз маъносини йўқотган. Чунки “Газпром” билан шартнома имзоланиб, Туркманбошининг хоҳиши қондирилган.

Ҳозирча Украинанинг бу келишувга муносабати номаълумлигича қолмоқда.
XS
SM
MD
LG