Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:29

Днестрбўйи амалдаги мустақиллигини қонунийлаштирмоқчи


Молдованинг Днестрбўйи айирмачи республикасида 17 сентябрь куни ўтказилган референдумда аҳоли Молдовадан мустақил қолиш ва келажакда Россияга қўшилиш учун овоз берди.

Референдум учун Тираспол ҳукумати 200 минг АҚШ долларига яқин маблағ сарфлади. Лекин бунча сарф-харажатга ҳожат йўқ эди, демоқда кузатувчилар. Чунки референдум натижалари қандай бўлиши аввалдан аниқ эди.

Референдумда қатнашган днестрбўйиликларнинг кўпчилиги айирмачи ҳукумат овозга қўйган масала, яъни Днестрбўйининг келажакда Россияга қўшилишига “ҳа”, деб овоз берди.

Днестрбўйи Марказий сайлов комиссияси раиси Пётр Денисенко овоз берган днестрбўйиликларнинг 97 фоиздан зиёди айирмачи ўлканинг 16 йиллик мустақиллик сиёсатини қўллаб-қувватлагани ва келажакда Россияга қўшилишини маъқуллаганини маълум қилди.

“Биринчи масала бўйича, яъни Молдова Днестрбўйи республикасининг мустақиллик сиёсатини ва кейинчалик Днестрбўйининг Россия Федерациясига қўшилишини қўллаб-қувватлайсизми, деган саволга 97,1 фоиз сайловчи ижобий жавоб берди”, - деди Тираспол расмийси.

П.Денисенко сайловчиларнинг 95 фоизи Днестрбўйининг қайтадан Молдовага қўшилишига қарши овоз берганини билдирди.

Тирасполдаги сайлов участкаларидан бирига келган фуқаро “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Россия билан бирлик айирмачи ўлканинг бахтга эришишдаги ягона йўли эканини айтади.

“Ўғлим ва унинг болалари келажакда бахтли бўлишини хоҳлайман. Буни фақатгина Россия билан бирга, деб биламан. Кичик ўғлим ҳарбий бўлган ва Россия учун ҳалок бўлган. Умуман, биз, днестрбўйиликлар Россия фуқароларимиз. Биз учун мушкул пайтларда фақатгина Россия бизни ташлаб қўймади. 1992 йилда, ундан кейин эса иккита қамал пайтида. Референдум натижалари тан олинишига ишончим комил”, - дейди тирасполлик фуқаро.

Референдумни халқаро ҳамжамиятнинг катта қисми назарга олмади. Молдова ва Ғарб мамлакатлари референдумни тан олишдан бош тортди ва Тирасполни Кишинёв билан музокараларга қайтишга чақирди.

Бироқ айирмачи ўлка раҳбари Игор Смирнов референдум ўтказиш демократик тамойилларга жуда мос эканини айтиб, бундан сиёсий фойда олишга ҳаракат қилди.

“Собиқ иттифоқ республикаларининг аксарият етакчилари бундай қарорларни ўзбошимчалик билан, халқдан сўрамасдан қабул қилиши сизни ҳайрон қолдирмайдими? Ўша Украина ёки Молдова ҳам ҳеч қандай референдумсиз НАТОга ёхуд Европа Иттифоқига қўшилиш ҳақида баёнот беради. Биз референдум ўтказяпмиз. Бу эса, таъбир жоиз бўлса, халқ ҳокимияти ғанимларининг норозилигига сабаб бўляпти”, - деди И.Смирнов.

Референдум натижаларидан кўра унинг тан олиниши масаласи анча муҳимроқ, дейиш мумкин.

Нима бўлганда ҳам Днестрбўйи республикаси халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган субъект ҳисоблангани учун якшанба кунги овоз беришнинг ўзи ҳуқуқий жиҳатдан ҳеч нарсани англатмайди.

Ғарб давлатлари референдумнинг ҳуқуқийлигини шубҳа остига олаётган бир пайтда Россия унинг натижаларини тан олиши мумкинлигини айтмоқда.

Давлат думаси раиси ўринбосари Сергей Бабурин Россия парламенти ҳукуматни Днестрбўйи республикасидаги референдум натижаларини тан олишга чақириши лозимлигини таъкидлади. У Россия “ўз ватандошларининг иродасини назарга олмаса, катта тарихий хатога йўл қўйган бўлиши”ни билдирди.

Россиянинг мазкур минтақадаги манфаатлари эътиборга олинса, бундай баёнотлар табиий эканини кўриш мумкин.

Днестрбўйидаги рус айирмачилари ва Молдова ўртасида 1992 йилда бўлиб ўтган қисқа урушда мингга яқин одам ҳалок бўлган эди. Жанглар Днестрбўйига Россия тинчликпарвар кучлари ташлангандан кейин тўхтатилганди. Ҳозир у ерда Россиянинг мингдан ортиқ ҳарбийси бор.

Асосан рус тилида сўзлашувчи Днестрбўйи норасмий бўлса-да, Россиядан катта ёрдам олади.

Кузатувчилар Россия Днестрбўйидаги референдумни тан оладиган бўлса, бу собиқ иттифоқдаги можароли ҳудудлар масаласини яна кун тартибига чиқариши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Ноябрда Грузиянинг Жанубий Осетия айирмачи республикасида ҳам мустақиллик масаласи референдумга қўйилади.

Кузатувчилар Россия бундай референдумларни ўз чегаралари атрофидаги айирмачи минтақаларни Москва назоратига олиш воситаси сифатида кўришини таъкидлайди. Бундан ташқари, Днестрбўйи ва Абхазия каби можароли ҳудудлар масаласининг ечилмай туриши Молдова ва Грузиянинг Европа Иттифоқига қўшилиш истакларига тўсқинлик қилади.

Россиянинг асл нияти қандай бўлишидан қатъи назар якшанба кунги референдумнинг тан олиниши Днестрбўйи можароси хусусида ЕХҲТ воситачилигида олиб борилаётган музокараларда Тираспол фойдасига яна бир сиёсий очко бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG