Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:50

Орзиқиб кутилган ҳужжат тайёрланмоқда


Тез орада Ўзбекистон ҳамда Қирғизистон аҳолиси ўзаро 60 кунлик визасиз борди-келди имконига эга бўлиши мумкин. Қирғизистон парламенти бу борада икки давлат ҳукуматлари имзолаши кутилаётган қонун лойиҳасини маъқуллади.

Бош вазир Феликс Қулов бу ҳақдаги тегишли ҳужжатни имзолагандан кейин келишув лойиҳаси президент Қурманбек Бақиевнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи давомида имзоланиши лозим ҳужжатлар сафига киритилди.

Келишув лойиҳасига кўра, икки давлат фуқаролари шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳудудига кириш, чиқиш ва 60 кеча-кундуз давомида қолиши мумкин.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Нурлан Алимбековнинг “Озодлик” радиосига айтишича, ҳозир ҳар икки томоннинг ўзаро келишуви асосида иш олиб борилмоқда.

“Бу лойиҳа тўлалигича Ўзбекистон томони билан келишилган ва маъқулланган. Яъни бу ҳар икки томонни қониқтирувчи иккиёқлама маъқулланган ҳужжат. Президент Қ.Бақиевнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи давомида бу ҳужжат имзоланиши керак. Бу эса икки мамлакат халқи учун ҳам жуда кутилган келишув бўлади, деб ўйлайман”, - деди Н.Алимбеков.

Қирғизистондаги “Ҳамжамият” партияси имзоланиши кутилаётган лойиҳа ташаббускорларидан биридир ва унинг имзоланиш даражасига етиши йўлида жуда узоқ ҳаракат қилган.

Мазкур партия етакчиларидан бири Шавкат Тожибоев аслида мустақиллигини қўлга киритгунига қадар виза тартибидан бехабар яшаган бу икки қўшни халқ учун яна эмин-эркин борди-келдини йўлга қўйиш осонгина етилаётган имконият бўлмади, деб ҳисоблайди.

“Бизнинг партия шу ташаббус билан чиққан ва Қирғизистон жанубида бирма-бир юриб имзо тўплаган. Жами тўпланган имзо 150 мингдан ортди. Ҳозир биз ана шу имзоларни тўплаб китоб ҳолига келтирдик. Жами 22 та китоб бўлди. Энди шу китобларни президентлар Қ.Бақиев ва И.Каримовга йўллаш ҳаракатидамиз. Токи улар бу ҳужжат имзоланишини қанча одам умид билан кутаётганини кўрсин”, - дейди Ш.Тожибоев.

Қирғизистон Омбудсмани ва икки давлат борди-келдисини эркинлаштиришнинг асосий ташаббускорларидан бири Турсунбой Бакир ўғли ҳозирга келиб Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида юзага келган аксар муаммоларнинг асл сабабларидан бири виза тартибининг ўрнатилганида эди, деб фикр билдирди.

“Агар шу ишга 15 йил олдин киришилганида Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатидаги ҳозирги чатоқликлар бўлмас эди. Сув муаммоси, газ муаммоси, транспорт ва йўл муаммоси. Шунинг учун мен Қирғизистон ҳақиқатчиси – Омбудсмани сифатида бундай келишув имзоланиши қувватлайман”, - деди Т.Бакир ўғли.

Аксар таҳлилчилар бугунга келиб бир-бирини қўллай бошлаган икки ҳукуматнинг бу қуюқ салом-алиги ўзбек ва қирғиз халқи учун осон кечмаганини айтмоқда. Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистоннинг қувватловига етишиш учун ўзини халқаро майдонда ҳам анчагина обрўсизлантирган қадамларга боришга мажбур бўлди. Энг аянчли ҳодиса эса ўзбек қочқинларининг ноқонуний равишда Тошкент режимига топширилиши, икки давлат махсус хизматларининг Қирғизистон жанубида бораётган аксилтеррор амалиётларидир.

Т.Бакир ўғли бу ҳақда муносабат билдирар экан: “Бу саволларга жавоб берсам, Ўзбекистон томони мени яна Ўзбекистонни ёмонлашда айблайди. Аммо саволингизга жавоб бериб қўяй: ҳақиқатда ҳам бу келишув ўзбек-қирғиз халқига жуда қимматга тушгани ҳақидаги мулоҳазалар бор. Икки ҳукумат бир-бирини қувватлаш, диний экстремизм, қочқинлар масаласида бир-бирини қўллаш учун кўп масалаларда бир-бирига ён босгани ҳақидаги мулоҳазаларда тўлиқ асос бор”, - деди.

Омбудсманнинг бу сўзлари Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида виза тартибининг бекор қилиниши икки давлат халқининг юраги эзилиб, узоқ кутган тилаги осонлик билан рўёбга чиқмаётгани ҳақидаги таъкидларда тўла асос бор, деган маънода айтилди.
XS
SM
MD
LG