Линклар

Шошилинч хабар
11 октябр 2024, Тошкент вақти: 13:11

Россия Грузияни жазоламоқда


Ўтган ҳафтада Грузия россиялик 4 ҳарбийни жосусликда айблаб ҳибсга олгандан кейин 3 октябрь куни Кремль расмийлари Грузия билан транспорт ва почта алоқасини бутунлай тўхтатди.

Гарчи 2 октябрь куни Грузия рус ҳарбийларини Россияга қайтариб берган бўлса-да, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров жорий қилинган чеклов ҳозирча ўз кучида қолишини билдирди.

Россия мудофаа вазири Сергей Иванов разведка офицерларининг ўз уйларига қайтганини олқишлаб, уларни қаҳрамонлар, деб атади.

“Грузия қамоқхонасидан она ватанга қайтганингиз билан табриклайман. Қаҳрамонлигингиз ва Россия офицерларига хос бўлган матонатингиз учун сизларга миннатдорлик билдираман. Бу жорий йилда Грузиядан учиб келган охирги самолёт бўлиши эҳтимолдан холи эмас”, – деди С.Иванов.

Ҳозир Грузияга самолётлар қатнови бутунлай тўхтатилган. Россиядаги энг йирик “Аэрофлот” авиакомпанияси октябрь ойи охирига қадар Грузияга белгиланган барча парвоз бекор бўлганини эълон қилди. Поезд, автомобиль ва кемаларнинг ҳам Россия ҳудудлари орқали Грузияга транзит қатнаши тўхтатилди.

Грузия ташқи ишлар вазири ўринбосари Николоз Натбиладзе мамлакат почта хизматига ҳам тақиқ жорий қилингани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади.

“Биз қуруқлик қатновига, хусусан, транспорт, юк ва йўловчи ташилишига ҳам чеклов жорий қилингани тўғрисида расмий маълумотнома олдик. Бу Россия билан имзоланган ва бир томон ўз хоҳишига кўра ўзгартириш ҳуқуқи бўлмаган икки томонлама келишувга зид эканини алоҳида таъкидламоқчиман”, – деди Н.Натбиладзе.

У Россия самолётлари Грузия ҳаво кенглиги орқали учмаслигига қарамай, мамлакат осмони Россия самолётлари учун очиқ эканини айтди.

Москва расмийлари Россияда яшаётган грузияликларнинг ўз ватанидаги қариндошларига почта орқали пул ўтказишини тўхтатиш билан ҳам таҳдид қилди. Бу ҳақдаги қонун лойиҳаси Россия парламентининг қуйи палатасида шу ҳафта охирида муҳокама этилиши режалаштирилган.

Маълумотларга кўра, ҳозир Россияда ҳам Грузия, ҳам Россия фуқароси бўлган бир ярим миллион грузин яшайди ва ишлайди. Улардан тахминан ўн минги расмий рўйхатдан ўтган. Россия расмийларининг билдиришича, улар Грузияга солиқдан яширилган икки миллиард долларгача бўлган маблағни ўтказади. Аммо Грузия Миллий банки жорий йил саккиз ойи давомида Россияда яшаётган грузияликлар 219 миллион доллар пул ўтказганини маълум қилди.

3 октябрь куни АҚШ ва Европа Иттифоқи Москва ва Тбилиси расмийларини кескин вазиятни юмшатишга даъват этди. Ҳозир ЕИга раислик қилаётган Финляндия ташқи ишлар вазири Эркки Туомиоя Тбилисига борди. У томонларни оғир-босиқ бўлишга ва муносабатлар янада мураккаблашишига олиб келувчи баёнотлар беришдан тийилишга чақирди.
XS
SM
MD
LG