Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:21

КХДР босимлар туфайли ён босмоқчи эмас


Шу ҳафтада ер ости ядровий синови ўтказган Шимолий Корея ва АҚШ ўртасида сўз уруши давом этаётган бир пайтда БМТ Хавфсизлик кенгашида КХДРга қарши резолюция қабул қилиниши борасида музокаралар кетяпти.

Шимолий Кореянинг иккинчи юқори лавозимли раҳбари бўлган Ким Йонг Нам 11 октябрь куни мамлакатга ташриф буюрган Япония делегацияси билан учрашди. Музокара чоғида Ким яна ядровий синов ўтказилиши ёки ўтказилмаслиги АҚШнинг Шимолий Кореяга нисбатан қандай сиёсат юритишига боғлиқ эканини айтди.

10 октябрь куни АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Шон МакКормак Вашингтон расмийлари халқаро ҳамжамият Шимолий Кореяни қанотли ракета яратиш ёки ядровий дастур учун фойдали бўлган ҳамма нарсадан мосуво этишига эришишга ҳаракат қилаётганини билдирди.

“БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияси тафсилотига тўхталмоқчи эмасман, аммо баъзи жиҳатлари ҳақида гапиришим мумкин. Ҳужжат, аввало, Шимолий Корея ҳукумати ўзининг оммавий қирғин қуроллари ва қанотли ракеталар технологияси дастурини янада ривожлантиришига йўл қўймасликка қаратилган”, – деди Шон МакКормак.

У санкциялар Пхенян расмийлари ўз дастурларини ноқонуний фаолият орқали орттирилган даромад билан молиялаштиришига йўл қўймасликни ҳам назарда тутиши кераклигини таъкидлади.

“Шунингдек, биз ноқонуний фаолият, хусусан, сохтакорлик, ноқонуний пулларни қонунийлаштириш ёки наркотиклар савдоси орқали даромад орттирилишининг олдини олиш чораларини кўряпмиз”, - деди АҚШ расмийси.

Хавфсизлик кенгаши аъзоларининг ҳаммаси ядровий синов ўтказган Пхенян расмийлари жазоланиши керак, деган фикрда. Аммо Хитой ва Россия АҚШнинг жазо чораларини қанчалар қўллаб-қувватлаши ҳозирча маълум эмас.

Сешанба куни Хитойнинг БМТдаги элчиси Ванг Гуангя Пекин расмийлари Шимолий Кореяга қарши ҳарбий куч қўллаш тарафдори эмаслигини маълум қилди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги эса юзага келган вазиятни тинч, дипломатик йўл орқали ҳал этишдан манфаатдор бўлган томонлар билан бирга ҳаракат қилишга тайёрлигини билдирди.

АҚШнинг БМТдаги элчиси Жон Болтон 10 октябрь куни бўҳронни ҳал қилиш борасида Россия тутган позиция ҳақида: “Россия элчиси Виталий Чуркин резолюция лойиҳаси ҳақида фикр-мулоҳаза билдирганидан мамнунман. Биз айрим масалаларни муҳокама қилишимиз керак бўлади У. ҳатто хаёлимизга келмаган баъзи масалаларни кўтарди. Умуман, билдирилган фикрдан мен улар бизни қўллаб-қувватлаётганини ва биз шу йўлда давом этишимиз кераклигини англадим”, - деди.

Москва ва Пекин расмийлари Шимолий Кореяни қуролсизлантиришни хоҳлашини, аммо юзага келган бўҳрон музокаралар орқали ҳал бўлмаса, минтақада беқарор вазият юзага келиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.
XS
SM
MD
LG